Юлдуз

     Юлдуз Файзий исми кўпларга яхши таниш. Адабиёт, ижод ахлининг катта авлоди 35 ёшида мангуликка рихлат қилган истеъдодли шоир Равшан Файзнинг қизи сифатида билса, бугунги авлод изланувчан, ўз сўзига эга, бетакрор, мехнаткаш ижодкор сифатида хурмат қилади.


     Юлдуз болалиги ҳақида шундай хотирлайди: “Отамдан айрилганимизда уч фарзанд билан қолган онам уй бекаси эдилар, кейин рўзғор тебратиш учун ишга кирди, кундузи ишлаб кечаси буюртмага кўйлаклар, халатлар тикар эди. Ўша вақтлари мен етти ёш эдим, чақалоқлар кўйлакчаларининг енгларидаги тўғри чокларини, тугмаларини тикиб, дазмол қилардим. Мактабга чиққунимга қадар ҳисоб-китобни тўлиқ билмасам-да, уйимизнинг олдида писта, қурут каби майда-чуйда нарсаларни сотиб рўзғорга қарашардим. Укам билан рамазон ойларида онам тайёрлаган нишолдаларни йўлакма-йўлак қўшниларга сотиб пул топардик. 7-синфни тамомлаган вақтим уч ойлик таътилда мактабгача таълим муассасасида тарбиячига ёрдамчи бўлиб ишлаганман. Буларнинг ҳаммаси болалигимнинг ўчмас ва шу билан бирга, бир умрга сабоқ бўлган хотираларим”.
     Юлдуз Файзийнинг юрагида отасидан мерос оташ бор... Бу оташ, бу олов уни адабиётнинг, ижоднинг, шеъриятнинг жон томирига улади, ота изидан юриб адабиётнинг катта майдонига қадам қўйди. Нияти отасининг номини улуғлаш эди. Унинг тоза кўнгли, гўзал орзулари, оғир ва машаққатли йўли ҳақ йўлига олиб чиқди.
     Аввал Алишер Навоий номидаги республика ихтисослаштирилган нафис санъат лицейига ўқишга кирди. “Келажак овози-2007” кўрик-танловида “Бадиий публицистика ва журналистика” йўналишида ғолиб бўлиб, олий ўқув юртига грант асосида ўқишга қабул қилиниш имтиёзини қўлга киритди.
     2008 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Шу йили Юлдуз Файзий Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг “Халқаро журналистика” факультети бакалавр йўналишига имтиёзли қабул қилинди. Талабалик билан бирга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” телеканалида ҳам фаолият олиб борди ва “Маърифат фидойилари” номли туркум кўрсатувлари унинг журналистикадаги умидли қадамлари эди. Унинг “Кўнглим” номли илк шеърий китобчасига Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева сўзбоши ёзди. Кейин шеърий китобларининг сони ва салмоғи ошиб борди.
     Журналистика йўналишида билимларини мустаҳкамлаш мақсадида магистратурада давлат гранти асосида ўқишни давом эттириш билан бирга “Madaniyat va ma’rifat” телеканалида биринчи тоифали муҳаррир лавозимида фаолиятини давом эттирди. Унинг “Бир асар тарихи”, “Кўнгил бекатлари” номли илк дастурлари ҳали ҳам томошабинлар ёдида. “Бир асар тарихи” номли кўрсатувда “Шум бола” фильми ва унинг асари, “Ёдгор” қиссаси ва фильми, "Навоий", "Бобур" каби видеофильмлар, “Суюнчи”, “Абдуллажон” сингари қатор киноларнинг яратилиш тарихи, фильм ҳақидаги хотираларни эслаш томошабин учун жуда қизиқ бўлган.
     “Кўнгил бекатлари...” кўрсатуви ҳам ўз мухлисларини топди. Дастур ҳақида сўз кетганида: “Ҳа, автобусда олиб бориладиган кўрсатув-а”, деб эслашади. Юлдуз Файзий ижодда ўзига хосликни, қадамларни такрорламасликни ва албатта, ҳар бир муаллифлик дастурида ўз нафаси, дастхати бўлишини истайди ва бунга шунчаки истак деб эмас, астойдил, чин юракдан ҳаракат қилди.
     Ёш бўлса-да катта устозлар эътибори ва эътирофига сазовор бўлган Юлдуз ижодида яна бир катта кўрсатув алоҳида ўринга эга. “Уйга қайтиб...” дастури уни том маънода томошабин ва ижодкор ўртасидаги меҳрни, эътиборни боғлади. Юқори интеллектуал, профессионал кадр, ҳар бир ишининг майда деталларигача эътибор бериб, ташаббус билан ишлади. Аёл киши бўлишига қарамай, ишга бўлган меҳри, муҳаббати нуқтаи назаридан қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай республикамизнинг энг олис қишлоқларигача халқимизнинг севимли ижодкорлари билан бирга кириб борди. “Уйга қайтиб...” кўрсатувининг халқчил, самимий чиқишида журналист руҳияти, унинг феъл-атвори ҳам экранга кўчган. Атоқли шоир Азим Суюн билан Накуртга, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов билан кўҳна Хоразмга, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев билан Бухорога борган кунлари ва ўша кунлардан эсдалик бўлиб қолган, МТРК архивидаги бебаҳо хазинага айланган “Уйга қайтиб...” кўрсатуви бугун орамиздан кетган катта ижодкорлардан ҳам бизга ёрқин хотира бўлиб қолди.
     2020 йилда ижодкор яна бир поғона олдинга одимлади. Телеканал раҳбарияти унинг меҳнатлари ва изланишларини ҳисобга олиб катта муҳаррир лавозимида фаолият олиб боришига ишонч билдирди. Юлдузнинг меҳнатлари ўз баҳосини олди. У “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби ва “Олтин қалам” XVI Миллий мукофотлар соҳиби бўлди.
     Юлдуз журналистика соҳасига қанча меҳру эътибор сарфласа, оиласи учун ҳам шундай жон куйдиради. У умр йўлдош сифатида турмуш ўртоғига ҳамфикр, она сифатида икки қизнинг тарбияси билан машғул, аёл сифатида бир оиланинг келажаги учун фидойи инсон, жамият учун эса ўз “мен”ига эга оқила аёл. Шу билан бирга у йиллар давомида онасига елкадош, ҳамфикр бўлиб фарзандлик мақомини оқлаган, умр йўлларида эрта ёлғиз қолган онасининг кўз ёшларини арта олган, дардларини аритган, орзуларига йўл очган муносиб фарзанд ҳамдир.
     Бугунги кун журналистикасида собитқадамлик билан ижод қилаётган Юлдузни истеъдодли ижодкор сифатида эъзозлар эканмиз, унга келгусидаги ишларида омадлар тилаймиз.

Феруза РАЙИМЖОН қизи

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар