Наманганнинг “Гуллар шаҳри”га айланиши ўз-ўзидан бўлмаган. XIX асрнинг биринчи ярмида шу шаҳарда умргу- заронлик қилган Тўқмуллабой отанинг гулга тушган меҳри, ҳовлиси, кўчасида ранг-баранг гулларнинг барқ уришига туртки бўлди. Унинг ташаббуси билан ранго-ранг гуллар ҳовлилардан маҳаллаларга, кўчаларга, ариқларнинг бўйларига ўтиб, шаҳар ҳуснига ҳусн қўша бошлаган. Йилдан-йилга гўзалликка бўлган интилиш, бу гўзалликка талабнинг ортиб бориши Наманганда айнан шу соҳа билан шуғулланадиган сулолаларнинг кўпайишига сабаб бўлган.
Бугунги қаҳрамонимиз ҳам ҳалол меҳнати ортидан қадр топган Наманганнинг машҳур гулчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Саодатхон Усмоновадир.
– Наманганнинг марказидаги Самарқанд кўчасида таваллуд топганман, – дея болалик хотиралари билан ўртоқлашади Саодатхон опа. – Шаҳар коммунал хўжалик бўлимининг иссиқхонасида онам Мавлудахон Давлатова гулчи мутахассис бўлиб ишлар, табиийки, биз – олти фарзанднинг мактабдан кейинги бўш вақтлари ҳам гулхонада ўтарди. Тўнғич фарзанд бўлганим учун укаларимга қарашиш билан бирга онамга ҳам ёрдам берар эдим. Гул ўстириш осон иш эмаслигини болаликда-ёқ англаб етган эдим. Оиламизда доим иш билан банд бўлсак ҳам китоб ўқишга, илм олишга интилиш ҳеч қачон сўнмаган. Мобил алоқаларсиз, телевизорсиз, бадиий китоблар оламида ўз қаҳрамонларимга ўхшашни орзу қилиб хаёллар сурардим. Ота-онамиз ўқишимиз учун барча шарт-шароитларни яратиб беришган...
Наманган шаҳридаги 5-ўрта мактабни кумуш медаль билан тамомлаган Саодатхоннинг қалбида бир олам орзулари бор эди. Китобга бўлган меҳр уни маданий-оқартув техникумига етаклади, кутубхоначилик йўналишини имтиёзли битириб, Нодирабегим номидаги вилоят марказий кутубхонасига ишга қабул қилинди. Оддий кутубхоначиликдан ўз касбига садоқати туфайли катта кутубхоначи, сўнг бўлим бошлиғи лавозимларига кўтарилди.
Бу орада турмушга чиқиб, бирин-кетин уч ўғил ва бир қизнинг меҳрибон онасига айланди.
Вилоятнинг нуфузли маънавият масканида ўзига хос мавқега эга бўлиб бораётган Саодатхон Усмонованинг гулчилик соҳасига ўтиши, катта тадбиркорга айланишини, тўғриси, ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди. Онаси Мавлудахон опани нафақага кузатаётган жамоа унинг ўрнига қизини муносиб кўришди.
– Мустақилликнинг дастлабки йиллари юртимизни ободонлаштириш, замонавий шаҳар ва қишлоқларга сайқал бериш учун гулчилик соҳасига эҳтиёж кучайиб бораётган давр эди. Биз тажрибамиз борлиги учун биринчилардан бўлиб майдонга тушдик. Енг шимариб, ишга киришдик. Чет элдан мутахассислар жалб этилиб, корхона ва ташкилотлар атрофига яшил чим экила бошланди. Шунда менда шу ўсимликни ўзимиз етиштирсак-чи, деган фикр пайдо бўлди. Давлатобод тумани ҳокимлигига шу таклиф билан мурожаат қилган эдик, бизга болалар хиёбонидан жой ажратиб беришган. Кейин шаҳарнинг бошқа ҳудудларини ижарага олиб, чим етиштириш билан шуғулландик, – дея хотирлайди тадбиркор.
Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Гуллар байрами”нинг шуҳрати дунёга ёйилди. Гулчиликни ривожлантиришга доир муҳим қарор қабул қилинди. Бу Саодатхон Усмонова каби гулчиларга катта имкониятлар эшигини очди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан унга шаҳарнинг "Лола" даҳасидан 2 гектар ер ажратиб берилди. Сўнг Саодат опанинг таъсисчилигида “Водий кўкаламзор савдо сервис” масъулияти чекланган жамияти ташкил топди. Давлатдан кредит олмасдан ички имкониятларни сафарбар этиб, иссиқхона барпо этилди.
Катта иссиқхона бунёд этишда муаммолар ҳам бўлгандир, деган саволимизга гулзорлар соҳибаси шундай жавоб беради:
– Мен ҳаётдан нолиб яшайдиганлар тоифасидан эмасман. Иш бор жойда муаммо ҳам бўлади. Бугун эришаётган барча муваффақиятларим шу йўлда чеккан ташвишларимизни ортда қолдирди. Голландия, Жанубий Кореянинг гул плантацияларида тажрибамизни ошириб қайтдик. Бир нечта хорижий компаниялар билан 20 хилдан зиёд ноёб гул уруғларини етказиш бўйича шартномалар имзоладик, 50 дан ортиқ иш ўрни яратдим. Ишловчиларга ойлик маошдан ташқари тушлик ва йўлкира ҳақи қилиб бердик. Ўғилларим Фарҳоджон, Отабек, Камолиддинлар ёнимга киришди.
Мендан: – Доим бир хил иш билан шуғулланасиз, зерикарли эмасми? – деб сўрашади. Илгари гуллар кўпроқ баҳорда очиларди. Ҳозир йилнинг тўрт фасли бизга бу мўъжизани ҳадя этади. Нега зерикай? Гуллар билан суҳбатлашаман, бораётган хуш давраларига салом йўллайман.
Инсон қайсидир соҳа билан машғул бўлар экан, аста-секинлик билан ўзи ҳам ўша ҳаётнинг бир қисмига айлана боради. Онасидан мерос завқли меҳнатни бойитиб, фарзандларига мерос сифатида узатаётган бу аёлнинг кўнглидаги беғуборлик, гўзалликка мафтункорлик, сўзларидаги самимият ўзи яратаётган чаманлардан бир қиёс, албатта.
Гулчеҳра ЛАТИФ, “Саодат”нинг Наманган вилояти мухбири.