УСТОЗ

ЗАМОНДОШЛАРИМИЗ
 
УСТОЗ
 
Ўқитувчи меҳрибон устоз,
Ҳеч тугамас унга ҳурматим.
Маърифатнинг гул қучоғида,
Мангу топдим бахт-саодатим.
 
     Ҳар гал шоирнинг юқоридаги сатрларини ўқиганимда, кўз олдимга бутун умрини халқ таълимини ривожлантиришга бағишлаган камтарин ва билимдон инсон Роҳатой Ашурова гавдаланади. Чунки у кишининг босиб ўтган ҳаёт йўли худди ўзи сингари жуда ҳам оддий. У 1985-90-йилларда Термиз давлат педагогика институтининг математика, информатика факультетини тамомлаб, Термиз туманидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактабида иш фаолиятини бошлади. Шундан сўнг, 1998-2004 йилларда Термиз тумани 28-ўрта умумтаълим мактаби ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлади. Ҳозирга қадар мазкур мактаб директори лавозимида фаолият юритмоқда.
     Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида иш бошлаган бўлса, салкам қирқ йиллик иш фаолиятининг асосий қисмида Термиз туманидаги қатор мактабларга раҳбарлик қилиб келмоқда.
     Таълим соҳасида қабул қилинаётган янги ислоҳотларни ўқув жараёнига сингдириш, салоҳиятли кадрларни танлаб олиш, бир вақтнинг ўзида давоматва ўзлаштиришнинг юқори даражадаги уйғунлигига эришиш, мактаб ободончилиги, туман, вилоят,республика миқёсидаги танловларга болаларни тайёрлаш, яхши натижаларга эришиш... Йиғинлар, муҳокамалар... Бундай кўп қиррали фаолият Роҳатой Ашуровани чарчатган лаҳзалари бўлмаганмикан, бошқа касб қилганлар ҳам юрибди-ку, озгина миямга дам берай,деган хаёл келмадимикан фикратига бирон он...
 
– Йўқ. Болаларнинг оҳанрабоси бор. Оқ бўр, қоратахта. Чиқиш, киришга чалинган қўнғироқ – ҳаммасида одамнинг қалбини уйғотиб, ҳаракат, фаолиятга чорлаб турадиган бир куч бор. Гулчи боғбон гулнинг муаттар исидан, рангларидан қанча қувонч олса, болаларнинг “Мен айтай устоз, мен айтай”, дея чуғурлашиб навбат талашишларидан шунча завқ оламиз. Қолаверса, интизомли, соатли иш. Мақсади, вазифаси аниқ, – дея ўз касбини ўзига хос таърифлайди мактаб директори.
 
     Фақат таърифда эмас, амалда ҳам аниқликка интилгани учун “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида мактаб биринчилигини олишга эришгани учун информатика фани ўқитувчиси Ойбек Муродов Корея давлатида малака ошириш имтиёзига эга бўлди.
     Сурхондарё вилояти ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилган “Инглиз тили билимдонлари” мусобақасида 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари кетма-кет икки йил ғолибликка эришди. Билим даргоҳининг “Заковат”чилар жамоаси вилоят ҳокимининг кубоги учун бўлган беллашувларда муваффақиятли иштирок этиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Ҳаммасининг замирида фаоллик учун, ютуқлар учун керакли шароит яратилган ўқув масканининг жўшқин ҳаёти турибди.
 
– Роҳатой дугонамнинг яна бир сирини очиқлай ўрни келганида, – дейди маҳалладоши Гулноз Қулматова. – Ўртоқжоним барча маърифий тадбирлар тўрида моҳир педагог, ишбилармон раҳбар сифатида намоён бўлади. Болаларни математика фанигақизиқтиришга оид қўлланмалари билан ёш издошларига ҳам ўрнак бўлиб келяпти. Аммо уйида кўрсангиз уста деҳқон, дейсиз, томорқа қилади, иссиқхонаси бор, ҳар йили яхшигина ҳосил кўтаради...
 
     Ахир, икки қиз бир ўғилнинг онаси, шитоб замонда фарзанд улғайтириш, касб-корли қилиш осонми... Одам боласи ўзида бор салоҳиятни юзага чиқариш учун шитоб ишлайдиган, теран фикрлайдиган давр бу.
     Шу талабга жавоб берганларгина замонга замондош бўла олади.
 
Гулшода ТУРСОАТОВА, Сурхондарё вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар