ҲАМКАСБЛАРИМИЗ ҲАҚИДА
УМР ДАФТАРИДАГИ БЕЗАКЛАР
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини 7-синф пайтим ўқигандим. Ўшанда мен асардаги Кумушни ёқтиргандим, Офтобойимга меҳр қўйгандим, Юсуфбек ҳожини ҳурмат қилгандим, Отабекни севгандим. Орадан йиллар ўтди. Севимли асаримнинг қаҳрамонларини ҳаётда учратдим. Мана, шунгаям қарийб ўттиз йилга яқин вақт бўляпти.
Қаҳрамоним Кумушбибига қиёс қилганим Зумрадхон Абдуллаева асли ўшлик, у болалигидан китобга меҳр қўйди. Кўзлари тийран, нигоҳлари ўткир, фикрлари маъноли бу қизнинг кўнгли ўзи каби гўзал, қуввайи ҳофизаси юксак эди.
Оналарнинг кўнгли олисларни кўра олади. Мунисхон ая қизи Зумрадхондаги истеъдодни илғай олди. Отаси ҳам аёлидаги ишончни қўллаб-қувватлади ва неки шароит бўлса қизи учун яратиб берди. Мактабда эса илк устози – она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Улфатхон Ибрагимова ҳам янги булоқ кўз очди, дея унга алоҳида эътибор қаратди. Унинг биринчи шеъри ҳам бешинчи синфда ўқиётганида “Ўш садоси” газетасида чоп этилди.
Ўқувчилик йилларидаёқ мактабда бўлиб ўтган тадбирлар ҳақидаги ахборотлар, кичик ҳикоя ва шеърлари билан вилоят газетасининг кичик мухбири, бўлажак журналист сифатида танила бошлади. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 1978-1983 йилларда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олди
Китобдан бош кўтармайдиган, дарс қолдирмай, доим вазифаларни ўз вақтида бажарадиган, табассуми самимий, муомаласи ёқимли талаба Зумрадхонга кўпларнинг ҳаваси келарди. Улар орасида эса андижонлик чапдаст йигит Ғолибжон ғолиб келди, Зумрадхоннинг кўнглига йўл топди, эътиборини қозонди. Иккисининг муҳаббати юракларга мустаҳкам жойлашди, бу гўзал ишқ қиссаси 1984 йилнинг ёзида никоҳ билан мустаҳкамланди.
Зумрадхон Абдуллаева тақдири илоҳий сабаб Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ҳурмат топган зиёли хонадонга келин бўлди. Қайнонаси фермер, пахтакор, ғаллакор, меҳнатнинг конида яшаб, элда азиз бўлган машҳур деҳқон аёл, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон опа Абдуллаева эди. Она ўғлидан умр йўлдош танлашда адашмаганлиги учун қувонди. Зумрадхонни келин эмас, қиз деб қабул қилган илк кунлари фарзандларига таништираркан – Ғолибжон тўнғич ўғлим бўлса, Зумрадхон сизларга энди опа бўлади, деди. Мана шунга ҳам қирқ йилдан ошяптики ҳамон ўша хонадоннинг опаси бўлиб иззат-ҳурматда яшамоқда. Қайнотаси шифокор Толибжон аканинг оқ халатини, қайнонаси фермер Сиёсатхон опанинг дала этигини доим озода тутди, уларга меҳрли сўзи, ширин таомини илинди, хизматларини қилиб чарчамади. Ўша меҳнатлари сабаб бугун элда азиз бўлганлиги бежиз эмасдир. Бахт қўрғони ишонч билан бунёд бўлган бўлса, муҳаббат мевалари – фарзандлар Элёрбек, Зилолахон, Ҳуснорахон ва Юлдузхонлар билан мукаммаллашди.
Зумрадхон опа Ғолибжон ака билан 40 йилдан буён биргаликда ҳаёт кечириб, ҳурмат ва иззатда яшаб келмоқда. Икки ижодкорнинг оилада сўзи, қарашлари бир хил бўлса-да, ижод борасида Ғолибжон ака дадил фикрли, ҳақиқатга тик қарай оладиган, ноҳақликка бардош қилмайдиган кескир бўлса, Зумрадхон опа маънавияти, оғир-босиқлиги, андишаси, меҳрли ва самимийлиги билан элга танилди.
Журналист иш фаолиятини Олтинкўл туман газетасида мухбирликдан бошлаб, кейинчалик 2005 йилдан вилоят хотин-қизлар нашри бўлган “Иқбол” газетасида мухбир, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари вазифаларида давом эттирди. Шу йиллар мобайнида “Оила ва жамият” газетасининг вилоят бўйича мухбири сифатида ҳам фаолият олиб борди. Унинг “Ҳалоллик сабоғи”, “Болангиз бой бўлмоқчи”, “Ёрдам пулига ёрдам керакми?”, “Билимимни пулга сотмайман”, “Кўникишми... ёки лоқайдлик”, “Эркак кишига эркакча иш ярашади”, “Аёлларни уйга қайтариш керакми?”, “Муқаддас салтанат”, “Мен ҳам уйда ўтиргим келади” каби долзарб мавзудаги мақолалари муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлди.
“Моҳларойим издошлари”, “Қалам учидаги жозиба”, “Мафтункор сиртмоқ” каби жамоатчилик тўпламларида шеър ва ҳикоялари чоп этилди. “Ўш тоғига қорлар тушганда” ва “Юрагимда яшаган дунё” китоблари муаллифи Зумрадхон Абдуллаева Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси ҳамдир.
Қаҳрамоним аёллик вазифаларини садоқат билан адо этиб, Ғолибжон ака билан биргаликда яхши фарзандларни вояга етказдилар. Ўғли Элёрбек иқтисодчи, келини Ҳуснорахон мактабгача таълим фидойиси, Зилола ота-она изидан бориб журналист бўлди. Оиланинг яна бир Ҳуснорахони эса инглиз тили фани ўқитувчиси бўлса, Юлдузой компьютер сабоқларидан дарс беради. Оила тўрт нафар фарзанд, бир келин ва уч нафар куёвлар билан мустаҳкамланди, ўн бир нафар набира билан сайқалланди.
Биз танглайи яхши сўз, тарбия билан кўтарилган халқмиз. Овоз етган жойгача оиланинг муқаддаслигини, фарзандлар камоли жамиятимиз келажагини белгилашини такрорлашдан, Зумрадхон опа каби оилани кафтида, жамият ишини елкасида кўтарган фидойи инсонларни ибрат қилиб кўрсатишдан чарчамаслигимиз даркор.
Феруза РАЙИМЖОН ҚИЗИ