ҚАДИМ ДУНЁНИНГ янги олами

 

   Қашқадарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Комила Каромова шу пайтгача фаолият олиб борган ташкилотларнинг баъзилари номини келтиришнинг ўзиёқ, унинг салоҳияти, ташкилотчилик ва ташаббускорлик имкониятларини аниқ тасаввур қилиш имконини беради.
    “Насаф” , “Камолот” газеталарининг муҳаррири, Қарши шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси, Халқ демократик партияси Қарши шаҳар кенгаши раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати...

“Насаф”нинг нафаслари қалбида

    Комила Зайдуллаевнанинг ўзи ҳақидаги ҳикояларидан иқтибос келтирсак, янаям кенгроқ таассуротларга эга бўламиз.
– Раҳматли онам Муяссар Эргашева ада- биёт муаллимаси эдилар.
     Ёзишга ҳавасманд бўлиб, Тошкентда – университетнинг журналистика факультетида ўқидим. Битириб келгач, туманимиз раҳбарларидан бири Ҳамдам Каримов ўғилларига сўраб келдилар. Бўлажак қайнотам мен билан (синов учун бўлса керак-да) гапиришганларида:
– “Жаҳон адабиёти” сериясидан нашр қилинаётган китобларим бўлишини орзу қиламан, – дебман. Раҳматли қайнотам ҳеч қанча вақт ўтмай шу сериядаги китобнинг 200 томлик жамланмасини уйимизга олиб келиб берганлар.
   Болаларим ёш пайтлариданоқ масъулиятли лавозимларда ишлаганман, турмуш ўртоғим Акромжон Каримов ҳамиша мени қўллаб-қувватлаганлар. Қайнона ва қайнотам ҳар бир ишимда тиргак бўлганларини миннатдор эслайман.
    Умидахон қизим – муаллима, Олимжон – иқтисодчи, Хуршиджон – ҳуқуқшунос. Куёв, келинларим ҳам олий маълумотли мутахассислар. Улар менинг қувончларим, фахрим.
    Оиласидан кўнгли хотиржам, ҳаётий ва меҳнат тажрибаси етарли бўлгач, Комила Каромова ҳозирги вазифасига тез киришиб кетди.
    Яхши раҳбар аввал ибрат нуқталарини топиб олади. Опанинг топганларидан бири чироқчилик Озода Усмонова бўлди. Озодахон Ўтамайли қишоғидан, 6 фарзанднинг онаси. Унинг 4 нафар фарзанди Тошкентда – нуфузли олий ўқув юртларида ўқишади. Томорқасининг бир қаричини ҳам бўш қолдирмайди. “Иложи бўлса, Озодахон тол, теракнинг баргига ҳам уруғ сочиб, деҳқончилик қилади”, дея ҳазил қилади қўшнилари. Ҳазил ҳазил билан-у, лекин бу тинмас аёл ана шу меҳнаткашлиги орқасидан болаларини ўқитяпти. Заҳматга муносабат қондан ўтган-да. Болалари ҳам “Толиби илммиз”, деб олифтачилик қилиб юришмайди. Вақт топиб, ишлаб, беш-ўн сўм топишиб, ўзларини уддалаб юришибди.
    Комила Зайдуллаевнанинг яна бир ибрати – касбилик Солиҳа. Ҳаёт бир мучасини кам яратган турмуш ўртоғини “Фарзандларимнинг отаси”, дея эъзозлаб, рўзғорига келган нарсаларни “Дадамизнинг пулларига олдик”, деб эрининг қадрини қўни-қўшни олдида бир бош кўтариб яшаяпти.
    Опа меҳнатсиз яхши яшагиси келган оилаларга кирса, Озода- дан, борига қаноат қилмай “ажрашаман”га тушган келинчакларни кўрса, Солиҳадан гап очади.Унинг топиб-топиб гапиргани, гапи юққани боис вилоят хотин-қизлари маънавий муҳитида илгарилашлар сезилмоқда. Айни кунларда Қашқадарёда вилоят ҳокими Муротжон Бердиалиевич Азимовнинг қўллаб-қувватлаши натижасида “Ажримларсиз маҳалла” лойиҳаси ишга тушди. Унга кўра, қайси маҳаллада оилалар мустаҳкам бўлса, қўйди-чиқдилар кузатилмаса, ўша маҳалла раисларию фаоллари вилоят ҳокимлиги томонидан 10 миллион сўм пул ва энг яхши сиҳатгоҳларга йўлланма билан мукофотланади.
– Жорий йил бизники, қамишдан бел боғлаб хизматдамиз, – дейди Комила Каромова бизга ўтган йил билан боғлиқ рақамларни келтирар экан.
– Вилоятда 1 миллион 647 минг нафар хотин-қизлар бор. “Аёллар дафтари”да белгиланган вазифаларни амалга ошира бориб 25826 нафар опа-сингилларимиз иш билан таъминланиб, 5893 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. 3141 нафар аёлга томорқасидан даромад олиб, оила таъминотини йўлга қўйиш ишларида ёрдам қилинди. Ижара уйлар, ётоқхоналарда яшаётган 1589 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ижара пуллари тўлаб берилди...
    Президентимиз, ҳукуматимиз талаб қилаётгандек, “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш натижаси бу... Ҳар бир кўча, ҳар хонадонга кириш, дардини сўраш, ишонтирувчи далилларни тўплаш, Фармон ва қарорларга мос келадиган шаклда ҳужжатлаштириш... Буларнинг ҳаммаси заҳмат, масъулият... Одамлар билан тиллашганда оғир, вазмин, адабий давраларда жўшқин Комила Каромова ана шу заҳмат, масъулиятга сабот, виждон билан ёндашгани учун ўзларига аталган йилни яна ҳам салмоқли ютуқлар билан зийнатлаш тараддудида. Ҳаммаси хайрли бўлсин!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар