“ОҚИЛА АЁЛЛАР” ҲАРАКАТИ
БЎЛАР ЭЛ БИР-БИРИГА ТИРГАКДИР
Ҳаётий зарурат бўлиб турган тушунчалар қабул қилиниши осон кечади. “Оқила аёллар” атамаси ҳам тез истеъмолга кирди. Бу сўзни эшитганимизда кўз олдимизга маҳаллаларимизда соғлом муҳит яратиш учун, оилалардаги муаммоларнинг ечимини топиш учун астойдил ҳаракат қилаётган жонкуяр инсонлар келади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларимизда бўлганидек, Тошкент шаҳрининг туманлари маҳаллаларида “Оқила аёллар” аъзолари самарали фаолият олиб бормоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида ҳаракатнинг раҳбари Муаззам Алибоевадан тортиб Карима Муродова, Дилшода Хабирова, Муҳайё Ғанихўжаева, Нигора Мирзаева каби аъзолари билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг режалари, амалдаги фаолиятларида зиммаларига юкланган вазифаларни аниқ ва теран ҳис этишларини англадик.
Муаззам АЛИБОЕВА – Республика маънавият ва маърифат маркази Олмазор туман бўлими раҳбари:
– Гуруҳимизда маҳаллаларимизнинг фаоллари, намунали оила бекалари, профессор-ўқитувчилар бор. Қизларимизни оилага тайёрлаш, касб-корли қилиш хонадонларимизнинг асосий вазифаларидан бўлиши шарт. Биз бу борада астойдил шуғулланиб билдикки, аксарият ҳолларда қизларимизнинг тарбияси масаласига турмушга чиқиш арафасида аҳамият бера бошлар эканмиз. “Бировнинг уйига борасан”, деб турли курсларга юборамиз. “Хушмуомала, сабрли бўл, она уйингга гап ташима”, деган панд-насиҳатларни уқтирамиз. Аслида эса болаларимизнинг турли ахборотлар таъсирида эртароқ улғайиб қолаётганлигини ҳисобга олиб, тарбияни вақтлироқ бошлаганимиз маъқул, деб ўйлаяпмиз. Айниқса, ўн бир-ўн беш ёш оралиғидаги ўғил-қизларимизга ота-оналар кўпроқ вақтини бериши керак. Болаларини телефонга топшириб қўйган оила катталарида ютқизиқ бўляпти. Шунинг учун “оқила аёллар”имиз ўсмир болалари бор оилаларга кўпроқ киришаяпти. Хорижий миллатларга тақлидан кийинаётган мактаб ўқувчилари билан миллий либосларимиздаги рамзлар, бичимларимизнинг қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида суҳбатлар ўтказяпмиз.
Карима МУРОДОВА – “Шодиёна” МФЙ аъзоси:
– Икки ҳафтада бир марта йиғиламиз. Фақат оилавий масалалар билан эмас, маҳалланинг соғлом муҳитига салбий таъсир қилувчи жиҳатларни ҳам ўрганамиз. Масалан, кейинги пайтларда пластик картадан пул ечиб оладиган фирибгарлар пайдо бўлган. Улардан аҳолимизни огоҳ қиляпмиз. Доимий диққатимизда турадиган яна бир масала бор: бу – оилавий ажримларнинг олдини олиш. К. Ва М. исмли ёш эр-хотинлар бир фарзандлари билан келиша олмай қолишди. Келин онасиникига кетиб қолавериб, эрининг ҳафсаласини пир қилган. Отинойимиз Дилшода Хабировани олдик, ота-оналарга таъсир ўтказдик. Диндан гапирдик, диёнатдан гапирдик. Хуллас, бир-бирига илитдик.
Нигора МИРЗАЕВА – Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи:
– Биз кўпроқ қизларимизни илм йўлига солишимиз керак. Ҳозир уларда хорижий тиллар ўрганишга қизиқиш жуда катта. Мадина Зоҳидова, Сабоҳат Адҳамова каби қизларимиз Dream SAT лойиҳасида қатнашиб, АҚШнинг Wingate университетига муддатдан олдин талаба бўлишди. Ҳамидахон Маъруфова IELTS 7 баллик сертификати соҳиби сифатида АҚШ даги 6 та университетга грант асосида кириш бахтига муяссар бўлди.
Албатта, биз ҳаракатнинг аъзоси сифатида ўз вазифамиздан келиб чиқиб, бу қизларимизнинг ютуқларини турли муносабатлар билан ўтказилган йиғилишларда намуна сифатида кўрсатамиз. Мадина Мирқурбонова, Аниса Турсунова каби қизларимиз велоспорт йўналиши бўйича “Ўзбекистон” кубоги 1-спорт разряди соҳиби бўлишди. Бу ва худди шундай муваффақиятларга эришаётган ёш фуқароларимиздан кўнглимиз тўқ. Улар бугундан ўз порлоқ келажаклари учун тамал тошини қўйишяпти.
...Олмазор тумани Тошкентнинг энг қадимий ҳудудларидан ҳисобланади. Бу манзилда ўзида юз-юз йиллик анъаналарни асраб келаётган сулолалар бор. "Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари сулолаларнинг энг ибратли анъаналарини мунтазам тарғибот қиладилар.
Ҳилола ИБРОҲИМОВА,
Тошкент шаҳри.