Тадбиркорлар, ижтимоий тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришган аёллар...
Шундай номзодлар аро:
– Палзада Салиева, Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли тумани, “Орзу” фермер хўжалиги раиси деган эълон бўлганида дала кенгликларига ўрганган, байрамона либосда ўзини бироз бўлса-да, чеклангандай ҳис қилаётган Палзада яна ҳам ҳаяжон ичида эшитди:
“Йил аёли – 2021”...
Гран-при ҳамда Президент совғаси – “Jentra” автомашинаси...
Рост, бу фермер аёлнинг илк мукофоти эмас. У меҳнатига яраша сийлов кўриб келяпти. Айниқса, ерга сарфлаётган меҳнатлари роҳат бўлганида буни табиат инъоми, табиат ҳадяси деб суюнади. Аслида ерни она деб эъзозласак ҳам, қўл учидаги меҳнат учун саховат қилмайди.
Палзада Салиева катта меҳнатларга чоғланиб, ўзини ҳам, ишчиларини ҳам машаққатлардан қувонч топишга ўргатди.
Унинг хўжалигида 602 гектар экиладиган майдон бор. Ўтган йили 50 гектарига буғдой экиб, 153 тонна ҳосил кўтарди. Деярли ҳар йили шунга ўхшаш ҳолат такрорланса-да, худди илк бор меҳнати роҳат бўлгандек, илк бор табиат мўъжизасига дуч келгандай қувонади. Пахта топшириш бўйича олинган режанинг 133 фоизга бажарилгани кўнглини яна ўстиради.
Меҳнат кишисининг шодлиги шундай залворли рақамлар билан боғлиқ-да. 30 бош қорамол, 41 та қўй-эчки, парранда... Турли муносабат билан фермер аёл юқоридагидай рақамларни келтирар экан, “Кейинги уч йилликда жами 1 миллиард 333 миллион сўм даромад ҳамда 430 миллион сўмлик соф фойда” каби маълумотлар Палзада Салиеванинг 31 нафар доимий ишчи билан қилган заҳматлари салмоғини кўрсатади. Танланганлар ичра танланганидан қанчалик хурсанд бўлмасин, Палзада каби инсонлар осмонлаб кетмайди.
– Агар биз пахтамиз, буғдойимиз, чорвамиз билан эл дастурхонини тўлдираётган бўлсак, бунинг орқасидан иззат кўриб, машина минаётган бўлсак, бунинг сабаби тадбиркорларга яратилаётган яхши шароитда:
кредит тўловлари беш йилга узайтирилди, солиқ қарзларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди. Ёшларга ер бериляпти...
Деҳқон аёлнинг омади келганига булардан бошқа қўшимча сабаблар ҳам бор: унинг техникаси бадастир. Турмуш ўртоғи – Караматдин Тамамбетов билан беш нафар фарзандга ота-она, демакки, оиласидан кўнгли тўқ.
Россия Федерациясининг Барнаул заводи билан ҳамкорликда Кегейли туманининг Естек кўприк қишлоғида ўз хўжалигида етиштирилган буғдойдан унни қайта ишлаш корхонасини очиш, аҳолини нон маҳсулотлари билан таъминлаш ҳаракатида. “Меҳрибонлик уйлари”га ҳомийлик, маҳалла тадбирларини қўллаб-қувватлаш...
Йил аёли янги йилни шундай аниқ режалар билан бошламоқда. Саховат йўлларини яна ҳам кенгайтирмоқчи.
Ўтган йил сизга омадли келди, қорақалпоқнинг жўмард қизи. Келадигани ҳам баракали бўлсин.
ФЕРУЗА