Инсон тақдирида исмнинг ҳам ҳикмати борлиги бежиз эмас. Қаҳрамонимиз Офтоб Холмуродова туғилган кун офтоб чарақлаб, қуёшнинг заррин нурлари оламга таралиб, инсонга куч-қувват, ғайрат ва кайфият берган кун бўлгани боис чақалоққа шу исмни қўядилар.
Оилада беш нафар қизнинг тўнғичи бўлган Офтоб болалигидан киришимли, чаққон, саришта қиз бўлди.
Аниқ фанларга қизиқди, фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллади. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент политехника институтининг Энергетика факультетида инженер-механик мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
1984-1992 йилларда Қарши қурилиш бошқармаси туман электр тармоқлари релели ҳимоя ва автоматика хизматида ишлаб юрган кезларида ўз соҳасини пухта эгаллаш мақсадида эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилди. Гарчи мажбур бўлмаса-да, нозик билаклари билан электр ускуналарининг барча турлари билан ишлашни ўрганди. Энергетика тизимидаги дастлабки меҳнат фаолиятини 1992 йилда Қашқадарё электр тармоқлари корхонасининг ишлаб чиқариш техник бўлимида муҳандис лавозимида бошлаб, соҳанинг барча босқичларида самарали фаолият юритди. Салқин, чиройли хонада ўтиришни ўзига эп билмади, ишлашдан, ўрганишдан, устозларидан қайта-қайта сўрашдан чарчамади. Натижа ёмон бўлмади, оддий муҳандис бўлиб ишга келган Офтоб Холмуродова нафақат ўз соҳасининг етук мутахассиси, балки Қашқадарё юқори кучланишли электр тармоқлари ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи лавозимини ҳам эгаллади.
Бугун унинг эришган ютуқлари замирида устозлари Наримон Раҳмонов ва Любовь Шугереваларнинг борлигини фахр билан эътироф этади.
Айни кунларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Стратегик ривожлантириш ва стандартлаштириш бошқармасида бош мутахассис лавозимида ишлаб келаётган Офтоб опанинг бугун ўзи устоз. Ўз ишининг моҳир устаси, тажрибали ва юқори малакали мутахассис сифатида жамоа ўртасида муносиб ҳурмат қозонган. Шунингдек, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги ҳамда фидойилик хусусиятлари билан ёш энергетикларга ўрнак вазифасини ҳам ўтамоқда.
Болалигидан тиришқоқлик санъатини ўзлаштирган қаҳрамонимиз соҳага оид янгиликлар билан мунтазам танишиб боради.
Магистрал электр тармоқларига тегишли электр энергиясини узатиш тизимини ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан интеграциялаш, мавжуд нимстанцияларни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича соҳадаги ислоҳотларни амалиётга татбиқ этишда ўзининг билим ва тажрибалари билан ёшларга кўмаклашади.
Унинг яна бир ибратли жиҳати, кўп китоб ўқийди. Абдулла Орипов шеъриятини, Лев Толстой асарларини севиб мутолаа қилади.
Офтоб опа талабалик йиллари бирга ўқиган курсдош дўсти Икром ака билан турмуш қурган ва бугун муҳаббати мевалари бўлган ўғли Акмалжон иқтисодчи, қизи Зебохон логистика соҳасида фаолият олиб боришади. 5 нафар набиралар оиланинг қувончига айланган.
Ўзбекистон магистрал электр тармоқларининг ишончли ишлашини ҳамда мустақиллигини таъминлаш борасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Офтоб опа кириб борган давра ҳар гал яшнаб, ёришиб кетади. Опанинг нурли чеҳрасидаги самимият, қалбидаги меҳр, қуёш янглиғ ёруғлик инсонийлик мезонларини асраб-авайлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Феруза ОРИПОВА.