ОЙСИФАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛЛАРИ

 

Истиқлол имконлари

ОЙСИФАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛЛАРИ

     “Ўз касбимдан бошқа ишни қила олмайман”, – дейди баъзилар. Лекин давр шундай тезкорки, барча касб эгаларини ҳаракатга келтириб юборади. Термиз туман Шароф Рашидов маҳалласи фуқароси Ойсифат Бозорова кексалик гаштини суриш билан бирга тадбиркорлик фаолиятини ҳам йўлга қўйиб келаётган сурхонлик фаол аёллардан биридир. У 2008 йилда Термиз тумани 16-умумтаълим мактабида узоқ йиллар ишлаб, ўқитувчиликдан нафақага чиққач, ўз маблағи ҳисобига 18 та тикув машинаси ва кийимбоп матоларни олиб келиб иш бошлади. Бир ой ичида 15 нафар киши ишли бўлди. Аввалига болалар кийимларини тикиб сотувга чиқаришни йўлга қўйди. Ҳаракатда баракат, дейдилар. Янги корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга талаб ва эҳтиёж ортиб борган сайин даромад ҳам кўпайиб бораверди. Бундан руҳланган Ойсифат опа ишини яна ҳам кенгайтириб, турли русумдаги тикув машиналаридан олиб келди.

– Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни нафақат вилоятимизда, балки, воҳанинг деярли, барча туманларига шартнома асосида етказиб беряпмиз, – дейди тадбиркор.
     Фаолиятини йилдан-йилга кенгайтиришни мақсад қилган Ойсифат опа вилоят ва республика миқёсидаги кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
     Имкони ортгани сайин одамнинг орзулари ҳам улканлашиб бораркан. Термиз туманида “Сурхон. Шаҳризода” чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослаштирилган фирма ташкил қилиб, маҳалладаги ёшлардан ва хотин-қизлардан 50 нафарини иш билан бандлигини таъминлади. “Мана бунча кишини иш билан таъминлади”, дейиш осон. Аммо шунча одамни ишга ўргатиш, уларга масъулият туйғусини сингдириш, фақат ўзининг эмас, уларнинг оиласи ташвишини ҳам зиммасига олиш учун катта юрак керак. Чунки бугунги ишчи боласи дардини ҳам энг аввал бошлиғига айтади.
– Вилоят ҳудудининг асосий қисми чўл ва яйловлардан иборат бўлганлиги боис чорвачиликни ривожлантириш учун имконият катта. Айниқса, туячилик, йилқичилик йўлга қўйилса, яйловлар зотли ва маҳсулдор моллар билан тўлдирилса, соҳанинг тараққиёти таъминланади. Сут, қатиқ, гўшт халқимиз дастурхонининг асосий зийнати, – дейди биз билан суҳбатда жонсарак қаҳрамонимиз. – Деҳқончилигу дала меҳнатига меҳримиз баландлиги боис 2018 йилда фермерликка ҳам қўл урдик. Тендер танловларида қатнашиб, 10 гектар ернинг эгасига айландик ва “Сурхон. Шаҳризода” фермер хўжалигини ташкил қилиб, бутун оиламиз билан ишга киришдик. Дастлабки натижаларимиз биланоқ эътиборга тушдик. Бизга ишонч мустаҳкамланиб, хўжалигимизга яна ер қўшиб беришди. Ғаллачиликдан ташқари, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик ва балиқчиликни ҳам йўлга қўйганмиз. Айни пайтда тасарруфимизда 1,4 гектар боғ ҳам бор. Қолаверса, яйловларимизда 50 бош қорамол, 300 бош қўй-қўзи боқиляпти.
     Ойсифат Бозорованинг меҳнат уфқларида “экспорт” сўзи порлаганига ҳам анча бўлди. 2019 йилдан буён ташқи савдо, экспорт ишларини ҳам фаол йўлга қўйди. У “Ўзбекистон, Афғонистон ва Корея ишбилармон аёллари бизнес алоқаларини ривожлантириш, минтақавий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди. Опанинг ғайрати, иш тутуми оиласидагиларга ҳам ўтган. Ўғли Пардабой Жўраев Термиз шаҳрида мебеллар цехини ишга туширди, 30 нафар ёшга иш ўрнини яратиб берди. Айни пайтда мазкур мебелсозликнинг туманларда филиаллари очилди, юзлаб ёшлар иш билан банд бўлди.
     “Тома-тома кўл бўлур, томмай қолса чўл бўлур”, деганларидек топилган даромадни жой-жойига сарфлашнинг ўзи ҳам бир илм.
– Китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Кейинги пайтларда дунё миллионерлари, миллиардерларининг ҳаёт йўли ҳақидаги китобларни кўп мутолаа қиламан. Фарзандларим ҳамда набираларимга ўгит-насиҳатларимни аямайман. Олти нафар фарзандим, йигирма нафар неварам бор, улар қайси касбни эгалласалар-да, ўз касбининг тадбиркорлари бўлса, дейман. Орзу билан иш битмайди, шунинг учун оилавий даромадимнинг каттагина қисмини набираларимнинг таҳсили учун тикканмиз, – дейди тадбиркор аёл.
     Бундай гўзал истаклар билан одимлаётган юртдошларимиз Ватанимиз юксалиши учун қанот бўлади, деб умид қиламиз.

Гулшод ТУРСОАТОВА,
Сурхондарё вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар