Аслида беғубор фаслнинг такрорланмас онларида яшаётган барча болалар билан ҳар бир учрашувнинг ўзи киши руҳиятига байрамона кайфият бағишлайди. Аммо Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизнинг бир неча шаҳарларида ташкил этилган ижод мактабларида таълим-тарбия олаётган ўқувчилар даврасига кирсангиз, ҳафта, ой сайин улғайиб бораётган, камолга етаётган авлодни кўриб, бошқача завқланасиз. Биз – “Саодат” журнали таҳририяти ходимлари бу жўшқин туйғуларни ҳали ижод мактабига кирмасдан, улуғ шоирларимиз ҳайкалларига гулдаста қўйиш чоғидаёқ ҳис қила бошладик.
Зиёратга илк бор келганларнинг аксарияти:
– Нима учун Ҳамид Олимжон оппоқ либосда-ю, Зулфияхоним бошқача кийимда? – дея савол берадилар. Биз бундай демаймиз. Чунки шоирамизнинг:
... Ва биласан кексармас умринг,
Дондай ёйиқ йиллар қатига.
Куйлай бериб ёшлик қўшиғин,
Мангу қолдинг ёшлик фаслида...
сатрларини биламиз.
Дунёни тарк этган шоир севган кишиси, рафиқаси ёдида ўттиз беш ёш сувратида яшаб қолган. Ҳайкалтарош ана шу рамзни усталик билан тасвирлаган. Зиёратимиз музейда давом этади.Сарғайган саҳифалардаги ёзувлар, турли йилларда чоп этилган китоблар, икки дилбар дилдошнинг бирга дамларидаги бахтиёр лаҳзалари акс этган сувратлар, сўнг ҳижрон йиллари... Игна билан қудуқ қазишдек машаққатли заҳмат орқасидан келган иззат-обрў, шуҳрат...
– Биз ҳар иккала ижодкорни халқимизга эъзозли қилган – бу уларнинг қалбни тарбиялайдиган шеърлари, шахсиятларидаги олийжаноблик эканлигини ўқувчиларимизга ҳамиша сингдиришга ҳаракат қиламиз, – дейди ижод мактабининг директори, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳибаси Дилафрўз Ҳамдамова.
Ижод мактабида фаолият олиб бораётган 27 нафар ўқитувчи, 138 нафар ўқувчиларнинг ҳаммасида таълим маскани раҳбари таъкидлаб айтган ўргатиш, ўрганиш жараёни намунали тарзда йўлга қўйилганлиги учрашув даврасида яна ҳам аниқроқ сезилди.
Зулфия Фарҳодова, Азиза Холмуродова, Баҳора Эргашева, Сарвар Абдуҳамидов, Мадина Нурматова каби
ўқувчиларнинг даврада ўқиган шеърлари, жонлантирган саҳна кўринишлари, айниқса, бизга – журнал ходимларига мавзу бўйича берган саволлари, асосли жавобларимиз “Саодат”хонлик соатлари”ни мазмунан бойитди.
– Шоира шеърий ижод учун нимага мураккаб усулни танлаган?
– Журналист, публицист сифатида Зулфияхонимнинг яратган мактаби ҳақида гапириб берсангиз...
Биз ва бизга кун давомида ҳамроҳлик қилиб, шеърлари билан мушоираларимизга ранг-баранглик бахш этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова кўзлари чақнаб турган ўсмир ўғил-қизларимиздан худди шу тарздаги саволларни кутган эдик. Ахир, ўтган йили қалдирғоч битирувчиларининг ҳаммаси олий ўқув юртларига кирган, кириш хабари билан талабчан директорларини ҳам қувончдан йиғлатган ижод мактабининг болалари бошқача бўлиши мумкинми?
Улар ҳақидаги мана бу маълумотлар ҳам фикримизни нурлантириб юборади:
... Ирода Холбекова “Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлди.
... Висола Турсунова республика “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг назм йўналиши ғолиби.
... Моҳичеҳра Абдурасулованинг “Ширин орзулар” китобчаси нашрдан чиқди.
Рўйхати узун бу ютуқлар яратилган шароит, қолаверса, эртаги кунга интилиш, ишончнинг самараси, албатта.
– Ҳар чорак якунига қараб ҳомийлик асосида энг аълочи, энг ташаббускор ўқувчиларимиздан бир нечтаси Ҳамид Олимжон номидаги махсус стипендия билан тақдирланади. “Ижод гулшани” деб номланган даврий журналимиз қўлида қалами бор ёшларимиз учун тобланиш, чархланиш вазифасини ўтайди. Ижод намуналари Украинанинг “Автограф”, Германиянинг “Мастерская”, АҚШ нинг “Чайка” номли нашрларида ҳам чоп этилгани ўғил-қизларимизнинг йўллари узайиб бораётганини далиллайди, – дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати Маъмура Юсупова.
Қўшимча билим ва малака берадиган, касб-ҳунарга йўналтирадиган олтита тўгарак, 100 ўринли ётоқхона, 75 ўринли ошхона, ёзги спорт зали (қишкиси қурилиш жараёнида) – буларнинг ҳаммаси ижод мактаби ўқувчиларининг жисмонан, фикран соғлом бўлишини таъминлайдиган омиллар.
– Мамлакатимиз раҳбари орзулаётган Учинчи Ренессанс бир улуғвор чўққи бўлса, сизларнинг ҳар бирингиз унга елка тутиб турган қоялар бўласиз...
Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби аҳли билан хайрлашув чоғида айтганимиз бу фикрларда бугунги шоён, орзу, умид, ишонч кунининг барча ёрқин таассуротлари жо бўлгандек гўё...