ХОТИРАСИ КУЧЛИ МУАЛЛИМ

 Али бек Озари

ХОТИРАСИ КУЧЛИ МУАЛЛИМ
Ҳикоя

     Кузнинг ёқимли кунларидан бирида Таҳмасиб машинасини янги асфальтланган “Артезиан” кўчаси бўйлаб ҳайдаб борар эди. Бу қишлоқнинг қадимий кўчаларидан бири бўлиб, айтишларига қараганда, бу ерда биринчи артезиан қудуғи қазилган ва кўча қудуқ номи билан аталарди. Аҳоли ўша пайтлар ҳовлилар ва кўчаларнинг ўртасида булоқ, шунингдек, сув оқими учун чуқур ҳам қазишди. Сув бўйига бир нечта дарахт навлари экилди. Дарахтлар ўсиб, улар соя ташладилар. Йўлакнинг иккала томонига скамейкалар жойлаштирилди. Асосан, кекса одамлар бу ерда тўпланишиб, ундан, бундан суҳбатлашар эдилар.
     Машина ҳайдашни эндигина ўрганган Таҳмасиб эҳтиёткорлик билан рул бошқарар эди. Тасодифан анчадан бери кўрмаган эски танишини кўриб қолди. Ва дарҳол машинанинг тезлигини пасайтириб, йўлнинг ўнг томонида тўхтатди. Бу одам бошланғич синфда ўқитган муаллими эди. У эпчиллик билан машинадан сакраб тушиб, собиқ устозига мурожаат қилди.
– Азиз устозим Ҳилолга саломлар бўлсин!
– Салом. – Чол кўзларини пирпиратиб, рўпарасидаги йигитнинг оёғидан бошига қадар разм солиб қаради.
– Сиз мени танимадингизми? – деб сўради Таҳмасиб ва устозининг ҳайрон бўлиб қараб турганини кўриб, сўзида давом этди. – Мен сизнинг ўқувчингиз эдим. Сиз менга қалам тутишни, хат ёзишни ва бошқа кўп нарсаларни ўргатгансиз.
– Ўқувчиларим жуда кўп бўлган. Афсуски, улардан фақат баъзилари мени эслашади. Эҳтимол, бошқалар аллақачон унутишиб, ўз муаммолари билан банд бўлсалар керак.
     Қария чуқур тин олди.
– Мени эсламайсизми? – Таҳмасиб ўжарлик билан яна сўради.
– Эсладим. – Қария истамайгина бошини чайқаб жавоб берди. – Бундан анча олдин, сиз учинчи синфда бўлганингизда...
     Таҳмасиб бир муддат қотиб қолди, нима дейишни, суҳбатни қандай давом эттиришни билмас эди. “Аҳҳ... лаънат ўша кунга...”
     Қария сўзида давом этди.
– Ҳозир нима билан бандсан? Қимматбаҳо машинадасан,чиройли костюм... Менимча, ишларинг яхши? Бизнес билан шуғулланяпсанми? Ҳа майли, нечук, бирдан собиқ унутилган, ҳеч кимга керак бўлмаган муаллимингни эслаб қолдинг? Нима учун сен ҳам бошқалар каби мени унутмадинг?
– Сизни бир дақиқага бўлсаям, унутмаганман. Ҳозир ўзим ҳам муаллимман. Шаҳар мактабларининг бирида дарс беряпман. Қишлоққа отамнинг уйини сотиш, автомашина кредитини тўлаш учун келдим ва бошқа қайтиб келмайман.
– Таҳмасиб бироз тин олди. – Ўшанда сиз бош қаҳрамон бўлган бир воқеадан ўзгача таъсирлангандим. Шундан бўлса керак, ўқитувчи бўлишни, болаларга сабоқ беришни, ўсиб келаётган авлодни тарбиялашни мақсад қилдим.
– Ҳаа... – Қария қизиқиб қолди, у елкаларини силкитиб бошини кўтарди. – Жуда қизиқ, гапир нима бўлганди ўшанда? Мен қандай таъсир ўтказгандим?
– Сиз ростдан ҳам ҳеч нарсани эслолмаяпсизми ёки мен билан ҳазиллашяпсизми?
– Кўп воқеалар бўлган эди. Неча йиллаб ўқитувчи бўлиб ишладим: сон-саноқсиз ажойиб ва қизиқ воқеаларга дуч келганман. Лекин сен билан боғлиқ ҳеч нарса хотирамда қолмабди, эсимда йўқ.
– Унда хотирангизни тиклашимни истайсизми?
– Майли, ҳаракат қилиб кўр.
– Бизнинг синфимизда бадавлат оиладан бир бола ўқиган. Уни Васиф деб аташарди. У бизга бошқа мактабдан ўтган эди. Яхши ўқимас, аммо яхши кийинарди. Биз яхши ўқирдик, бироқ баҳомиз "тўрт"дан баландга кўтарилмасди. Унинг баҳолари бошида "тўрт" бўлиб, охирида “беш”га айланарди.
     Биз у қачон дарс тайёрлаб, қайси билими журналда "беш"га баҳоланганини билмас эдик. Лекин юриш-туришига ҳамманинг ҳаваси келарди. Бир куни мактабга қимматбаҳо соат тақиб келди. Туғилган кунига ота-онаси совға қилган экан.
     Дарс пайтида соатини ўйнаб ўтирган эди, сиз унга танбеҳ бердингиз. Васиф танбеҳингиздан кейин соатини ечиб парта остига қўйди. Биз эса бунақа қимматбаҳо соат ҳақида орзу ҳам қилолмас эдик. Кейин унга ҳазиллашгим келди. Парта остидан қўлимни олдинга узатдим. Синфдошим соатни қандай олиб чўнтагимга солганимни кўрмай қолди. Танаффус пайтида Васиф соатни қўйган жойидан тополмасдан сизга шикоят қилди. Сиз ташқарига чиқишимизга рухсат бермай, буюмни тезда эгасига қайтаришимиз кераклигини ва бу дўстона ҳазил бўлиб қолишини айтдингиз. Мен қилмишимдан уялдим, аммо соатни қайтариб беролмадим. Сиз бу ҳолатни ҳазил эмас, жиддий қабул қилишингиздан қўрқдим. Ўғил болаларни доска олдида қатор қилиб, қизларни эса девор томонга қаратиб қўйдингиз. Шундай қилдингизки, ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмасин. Кейин шундай дедингиз: “Мен чўнтакларингизни текшириб чиқаман, текшириб бўлгунимга қадар кўзларингизни юмиб турасиз. Кимнинг чўнтагидан соат чиққанини ҳеч ким билмаслиги керак”. Ҳамма кўзини юмди. Вақт кетди. Ҳаяжонли сониялар эди. Чўнтагимни текшириб, соатни олган пайтингизда, мени уятдан тер босди. Мени шарманда қилиб, урасиз деб ўйладим. Йўқ, ундай қилмадингиз. Соатни олганингиздан кейин ҳам бир ўқувчидан кейингисига ўтиб қидирувни давом эттирдингиз.
     Текшириш тугагандан сўнг бизга кўзларимизни очишга рухсат бердингиз. Буюмни эгасига бературиб, мактабга бошқа бундай қимматбаҳо соат тақиб келмаслиги ҳақида огоҳлантирдингиз. Ортиқча юзимни қора қилмадингиз.
     Сиз мени ўқувчилар олдида шарманда қилмадингиз. Ҳатто мактабни битиргунча ҳам менга бу воқеани эслатмадингиз, танбеҳ бермадингиз. Орадан анча вақт ўтганидан сўнг мени ҳаяжонга солган барча саволларга жавоб топдим, сиз ҳақиқий устоз, ҳақиқий интеллектуалсиз, сизда катта меҳрли қалб бор. Ҳали тафаккури шаклланмаган ёш ўқувчингиз қалб ойнасига гард юқишига йўл қўймадингиз. Мен бу сифатларингизни ўзимга идеал қилиб олдим ва сизга ўхшаган ўқитувчи бўлишга қарор қилдим. Эзгу ишларингизни давом эттириш учун устозликни танладим.
– Ҳа... – Собиқ ўқитувчи гўё ниманидир эслагандай жиддий тус олди. – Демак, Васифнинг соатини сен яшириб олганмидинг?
– Ҳа... – У елкасидан оғир юк ағдарилгандек хотиржам хўрсинди. Ахир ҳозиргача бўлган ўттиз йиллик ҳаётида бу биринчи ва охирги "ўғрилик" эди-да.
– Айтинг-чи устоз... Сиз бу воқеани унутганмидингиз? Бирор марта ҳам эсламадингизми? – Таҳмасиб муаллимнинг совуққон муносабатидан ҳайратда эди.
– Ҳақиқат шундаки, мен сизларнинг чўнтакларингизни юмуқ кўзларим билан текширгандим.
– Қўйсангиз-чи, устоз, сиз мактабнинг энг хотираси кучли ўқитувчиси эдингиз. Балки, буни ўзингизга айтишмагандир, бироқ орқангиздан “Хотираси кучли ўқитувчи”, деб атардилар. Хотирангиз шу қадар ёрқин эдики, ўқувчидан дарсни сўраганингизда қайси ўқувчи қандай жавоб беришигача олдиндан билар эдингиз.
– Ҳа, жамоада ҳамма хотирамни мақташар эди. Сен эслатаётган кунда доска олдида турган пайтимда юмуқ кўзларим билан ўнгдан чапга ҳисобладим. Кейин кўзларимни юмиб, чўнтакларни чапдан ўнгга текширишни бошладим ва катта хато қилдим.
– Шундайми... – Таҳмасиб неча йиллар олдинги ўз сирларини ошкор қилгани учун қаттиқ афсусланди.
– Шундай қилиб, – устоз Ҳилол ҳам энди ҳайратини яширмади, – Васифнинг соатини ўғирлаган сенмидинг, мен бўлсам бунинг учун Валиёйиддинни олдимга чақириб танбеҳ бергандим.
– Эээ, ҳали шундаймиди?.. Таҳмасиб бошини сарак-сарак қилди. Қария билан хайрлашишга ҳам тоқати етмай машинаси томон юрди.

Озарбайжон тилидан Гулзира Шарипова таржимаси.

     Муаллиф ҳақида: Али бек Озари (Али Қурбон ўғли Рзақулиев) 1966 йилнинг 15 июлида Озарбайжоннинг Вежнали қишлоғида туғилган.
     Ўрта мактабни битиргач, Харьков ҳарбий танк олий мактабида ўқиди.
     Роман ва ҳикоялари хориж журналларида ҳам нашр этилган.
     Боку шаҳрида чоп этилиб, айни кунда қардош миллатлар адабиёти намуналарини ҳам фаол тарғиб қилаётган "Хазон" номли бадиий-адабий журналнинг дунё юзини кўришида ёзувчининг хизмати катта.
     Али бек Озари Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, республика миқёсидаги нуфузли мукофотлар соҳиби.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар