Қадрият 9.08.2022 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ЎКТАМ ОВОЗЛИ бошловчи

 Яхшилар ёди

ЎКТАМ ОВОЗЛИ бошловчи

     Мамлакатимизнинг илк телевидение диктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доцент, олий тоифали сухандон Ўктам Жобиров ҳаёт бўлганларида шу йил октябрь ойида 90 ёшга тўлган бўлар эдилар. Бугун номи чиққан сухандонлар ҳаммаси шу инсоннинг устахонасида тобланган. Гарчи уларнинг ўзларини ҳам, телевизордаги чиқишларини ҳам кўрмаган бўлишса-да, деярли ҳамма каналлардаги бошловчилар ҳам ўша устознинг йўлида, у яратган мактабга суяниб фаолият юритишяпти.

     Ўктам Жобиров чекка қишлоқдан бахт излаб Тошкентга келар экан, уни қандай шарафлар кутаётганини, албатта, билмаган. Балки шуҳрат, шону шараф ўз-ўзидан келмаслигини, бу йўлда жаҳд қилиш, узоқ тер тўкиш кераклигини яхши билгандир. Ҳарқалай, аввал институт, кейин радио деган сирли даргоҳга қадам қўяркан, сухандон бўлишни, элу юртга яхшиликлар ва янгиликлар етказишни орзу қилиб, ўша даврнинг энг улуғ дикторлари Туйғуной Юнусхўжаева, Мирқодир Махсумовлар устахонасига тушиб қолади. Тезгина, ярқ этиб шуҳрат осмонига чиқишга интилмай, касб маҳоратини пишиқ ва асосли қилиб ўргана бошлайди. Устозларини рози қилиб, уларнинг қўллаб-қувватлашлари билан турли эшиттиришларга бошловчилик қила бошлайди.
     Устоз Ўктам аканинг пешонаси ўзи азалдан ёруғ экан-да. Бўлмаса, ён-веридагиларга насиб қилмаган толе уларга кулиб боқармиди? Радиода кўзи пишиб қолган ёруғ бир кунларда Марказий Осиё тарихида биринчи бўлиб Ўзбекистонда телевидение иш бошлайди. Тасаввур қилинг, ҳайбати чексиз бўлган Осиё кенгликлари! Қуёшли юрт Ўзбекистон! Телевидение... Сирли, сеҳрли, эртакнамо бир тушунчалар ва тасаввурлар. “Уйингда ўтириб кино кўрармишсан!..” Телевидение энди фақат овоздангина ташкил топган нарса эмас. Бу ерда энди кўриниш, ҳусн, қадди-қомат ҳам зарур. Энди фақат чиройли овоз эмас, ўқиётган матнни етказиб бериш учун муомала, суҳбатни ушлаб, бошқариб тура олишлик ва бир қанча бошқа лаёқатлар ҳам талаб этилади.
     Ўзларидан аввал телестудияга келиб, синовлардан ўтмаган икки-уч мутахассисларни айтмаса, Ўктам акани эркаклардан Ўзбекистоннинг биринчи теледиктори деб айтиш мумкин. Чунки қонуний “диктор” штатига ишга қабул қилинган одам айнан Ўктам Жобиров бўладилар. У пайтлар телевидение ҳам шаклланиб улгурмаган, дикторлик тушунчаси ёки дикторлар фаолияти ва ижоди ҳам худди шу аҳволда эди. Ҳар ким ўзи таклиф этилган кўрсатувларни олиб борар, орасида дастурни очиш ва кўрсатувлар тартибини эълон қилиш ишлари ҳам бажариб кетилаверарди. Аста-секин дирекция қошида "дикторлар гуруҳи" шаклланиб борди. Тўрт-беш нафар ёшлардан иборат бу кичкина гуруҳга ҳам раҳбар тайинланди. Бу илк раҳбар ҳам Ўктам Жобиров эдилар. Аввалига радио билан телевидениени баравар олиб бориб турган Ўктам ака энди, фақатгина телевидениеда ишлай бошладилар ва таҳририят, бўлимлардан тушаётган буюртмаларни дикторлар билан таъминлашга ҳам масъул бўлиб қолдилар.
     Радиода кўп устозлар қўлида ифодали ўқиш, тўғри талаффуз қилишни ўрганган бир қатор дикторларимиз ҳам телевидениега келиб, барибир Ўктам ака қўлида қайта тайёрланарди. Санъат институтида тўрт йил "саҳна нутқи" предметини ўқиб келганлар ҳам айланиб келиб, Ўктам ака қўлида чархланади. Институт ёки радиодаги мутахассислар билим даражасига шубҳа қилиш йўқ. Аммо улар ўзлари билмаган телевидение ҳақида нимани ҳам ўргата олардилар. Улар энди камерани, унинг липиллаб турган кичкина “жинчироғини”, ён деворда ёки тўғрида турган камералар орқасидаги деворга осиғлик “Микрофон” деган таблоларнинг эшитилар-эшитилмас “шиқ” этиб ёнганигача пайқайдиган етук диктор бўлиб қолган эди. Бир матнни ўқиётиб, ён томондан кўринтирмай бошқа бир қоғоз ташлаб кетаётган муҳаррир ё маъмурнинг “мана буни спортдан олдин ўқивораркансиз”... деган шивирини ҳам эшитар даражада универсал бўлиб кетган эди. Албатта, ишга қабул қилинган ёшлар устозга бириктирилар, ўз ишлари, ижодлари, рўзғорларидан вақт топиб, Ўктам ака ўшаларга беминнат сабоқ берардилар. Мана шу йўсин, ўн йилликлар мобайнида росмана мактаб – “Ўктам ака мактаби” яратилди. Ўзини телевидение дикториман деган кўзга кўринган диктор борки, мана шу инсоннинг шогирди деб ҳисоблайди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар шундай қилмаган ва ҳисобламаган бўлса, демак диктор бўлибди-ю, халқ орасида севимли бўлмабди. Матн ўқиб, кўрсатув олиб бораверибди-ю, “Отангга раҳмат!” ни эшитмабди.
     Биз, Башар фарзандлари ҳам ҳар хил бўламиз-да. Бировни “устозим” дейишга оримиз келади-ю, аммо ундан ўтиб кетолмай юрамиз. Одамлар уни яхши кўришаётганини кўриб ғижинамиз-у, ўзимиз билиб изидан бормаймиз... Ўктам Жобиров шунақа одам эдики, атрофидаги ҳамма одамга яхшилик қиларди. Ўзи камтар, имкониятлари чегарали, қинғир ишлар кўчасига йўламайдиган одам бўлишларига қарамай, қандай ёрдам бўлса қилиб кетаверардилар.
     Қўлларида ўн беш-йигирма одам ишлашига қарамай, улардан фойдаланишни ўйламас ва тамагирлик қилмас эдилар. “Менга у керак эди, бу зарур эди, мана бунақа нарса қидириб юрувдим”, деб шама қилмас эдилар. Машина олиш учун пул керак бўлиб қолса, колхоз даласига чиқиб пахта терардилар. Тўй қилиш мақсади туғилса, ҳовлида иссиқхона қуриб, пешоналарини боғлаб меҳнат қилар, маҳсулотларини бозорга олиб чиқар эдилар. Фильмларга овоз бериш, навбатдан ташқари кўрсатув олиб борганлари учун оладиган гонорарлари ва институтда “Саҳна нутқи” фанидан дарс берганлари эвазига оладиган иш ҳақи ҳисобига набираларни сийлардилар. Ўн олти йил қўлларида ишлаган бўлсам, на Ялта, на Сочига борганларини билмайман, эшитмаганман. Бир марта ҳам! Борган ерлари ота ҳовли, “Аввал” қишлоғи. Ўша ердаги дўст-ёрлари билан Шоҳимардонга борганлари! Умр телевидение, институт, фарзандлар, шогирдлар, талабалар ташвишида ўтиб кетди. Байрамдан байрамгача, тадбирдан тадбиргача иш, ижод, “ҳа, бўл - ҳа, чоп...”
     Бир куни мени чақирдилар-да: “Мулла, Шерзод Пирматов ўртоғингизни олиб, Нишон туманида бир концерт бериб келмайсизми, а? Мен бу ерда жуда бандман. Бўлмаса ўзим ҳам бирга борар эдим. Бир раис ўртоғим байрам қилаётган экан. Ёрдам сўраб телефон қилди”, дедилар. Табиийки, хўп дедим. Иккита машина бўлиб бориб, концертни "гурсиллатиб" бердик. 30 декабрь, байрам арафаси, томоша зўр ўтди.
     Раис бува бизни меҳмон қилиб, хизмат ҳақимизни ҳам берди. Устозга жуда чиройли бир соатни совға қилиб бериб юборди. Мен соатга қўшиб ўз хизмат ҳақимни ҳам қўлларига тутқазгим келди. Янги йил кирадиган кун эди. Балки уйга, болаларга ул-бул оларлар, деб ўйладим.
– Бу нима, – дедилар. “Шунақа-шунақа, бу ўша, анув, олиб қўяверинг”, – дедим.
     Устоз тушундилар: – Бу сизнинг ҳақингиз, мулла, дўстимнинг кўнглини олиб келибсиз, шу менга етади. Яна совғаям бериб юборибди, – дедилар-да, пулни қайтиб бердилар.
     Устознинг оилалари Насиба Жобирова бир куни телефон қилиб, менда гаплари борлигини айтдилар. Бордим.
– Муслимжон, мен ҳам анча пишиб қолдим. Кўзимга ҳамма ўтган яқинларим кўринаверишади. Сиздан бир илтимосим бор эди. Менга бир нима бўлса, устозингизни олдиларига қўйинглар. Ҳозир вафот этганлар қайси туманда яшаса, ўша тумандаги қабристонга қўйилсин, деган гап бормиш. Болаларим ҳам шунақа қиламиз, деб туришибди. Сиздан ўтиниб сўрайман, мен ўлсам, устозингизнинг ёнгиналарига дафн этинглар. Буни фақат сиз уддалай оласиз, – дедилар… Нафас олиб, сенинг олдингда ўтирган одамни қаерга ва қандай дафн қилиш ҳақида гаплашиш жуда ноқулай бўларкан. Лекин бир нима деб юпатиш, хотиржам қилиш ҳам керак-ку.
– Хўп, хўп бўлади, сиз бу ҳақда қайғурманг. Ҳали ўҳ-ҳўў, бунга қанча вақт бор, – дедим. Аммо янга осонгина кўнмадилар.
– Менга бир ишонтирадиган гап айтсангиз яхши бўларди. Жуда кўнглим ғаш, – деб туриб олдилар. Шунчаки ҳар доимги гап билан ишонтириб кетишнинг иложи бўлмади.
     Устознинг руҳи ҳурмати, Насиба кеннойининг илтимосларини бажо келтириш учун имкони борича ҳаракат қилдим. Ишончини оқладим. Анча хотиржам бўлдилар ва дуо қилдилар.
     Вақти-қазолари етган куни кеннойини васиятларига кўра, устознинг ёнроқларидан қазилган қабрга қўйдик. Эркак қандай инсон бўлиши керакки, унинг беваси то сўнгги нафасигача эрининг қабри ёнидан жой олиб, унинг ёнгинасида абадий уйқуга кетишни орзу қилса!.. Шунақа ҳазрати инсон эдилар бизнинг устоз.
     Бир инсонлар яшаб ўтадики, ўзидан сўнг ёнган чироғи ўчади. Бир инсонлар бўладики, бир чироғи юзлаб инсонлар қалбида ёнади, нур сочади. Устозимиз Ўктам Жобиров ҳам ҳамиша барҳаёт, шогирдлар қалбини, йўлини мунаввар этиб турибди.

Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар