Қадрият 10.01.2022 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

Болалардай беғубор эди

     Турсунбой Адашбоев табиатан болалар шоири эди. Характерида айнан болаларга хос самимийлик, беғуборлик бор эди. Туғилиб ўсган Сафед Булон қишлоғининг қадим мозийга бориб тақаладиган ифтихорли тарихини, тоғлар бағрига туташ бу сўлим гўшанинг урушдан кейинги йиллардаги ҳаётини яхши биларди. Болалик хотираларидан гап очилганда жўшиб кетар, кўзига дув-дув ёш келарди. Раҳматли отаси, муштипар онасини эсларди. Бир бурда нон, бир боғлам бошоқ, бир ҳовуч ун тиллага тенг бўлган кезлари одамлар не кўйларга тушмагани, кимнинг қозони қайнаб, кимники занглагани, кимлар от устида қамчи ўйнатиб, кимлар бу кунлар ҳам ўтиб кетишига умид қилиб, сабр-тоқат қилгани ҳақида ҳаяжон билан сўзларди.
    Шундай сўзлардики, у кунларнинг машъум сояси кўз ўнгингизда яққол гавдаланарди. Бу ҳолатлар Турсунбой аканинг кўп шеърларида ўзининг қуйма ифодасини топган:
Жанг борарди юртда қаттол,
Кирза этик кўрмай ҳатто,
Кир-чир кўйлак, ёқавайрон,
Ўсган эдик, бўлма ҳайрон.
Туфли қайда, бошлар яланг,
Бошоқ териб ёшу яланг,
Зоғораю думбул ердик,
Аталага шукур дердик...
   Турсунбой ака юрт кезишни, турфа хил воқеа-ҳодисалар тафсилотларини, суҳбатдошларининг ажабтовур ҳангомалари, аския пайровларини тинглашни, эртакчи боболарнинг айтимларини эшитишни яхши кўрарди. Қаерда бўлмасин, болалар даврасига кирса, болалардек яйраб кетарди. Халқона сўзлар, иборалар, мақолу маталларни ёндафтарига кўчириб, улар билан шеърларини безарди.
    Суҳбатдош танламасди. Чўпон-чўлиқлар, чол-кампирлар, ёш-яланглар билан ҳам тил топишиб, бирзумда дўст-қадрдон бўлиб кетарди. Ҳар гал қишлоққа қайтганида, пойтахт нашриётларида чоп этилган китоблардан Сафед Булонлик китобхонларга олиб борар, улар билан мириқиб суҳбатлашарди. Шеъриятидаги бир хусусият – шоир болаларни ҳамиша ҳам ақлли, зукко қилиб кўрсатмас, уларнинг қувлиги-шумлиги, топқир-чопқирлигини ҳам баробар қаламга оларди. Шеърларида бугун истеъмолда кам ишлатиладиган, аммо сўз хазинамизда бор бўлган ноёб иборалар, ўхшатиш ва ташбеҳлар кўп бўларди. Фақат шу эмас, шеърлари болалар тилига мос, ёдлаш осон эди. Шу маънода у ўзига хос мактаб яратиб кетди, дея айта оламиз. Янада муҳими – Турсунбой ака болалар адабиётига кўп ёшларнинг қўлларидан ушлаб, бошларини силаб, авайлаб-эҳтиётлаб олиб кирди. Уларга тўғри йўл кўрсатди, болалар учун ёзганда ўта самимий, оқкўнгил бўлишни, бир вақтлар ўзлари ҳам бола бўлишганини унутмасликни уқтирди. Шу маънода ўзининг устозлик бурчини ҳам сидқидилдан бажариб кетди.
     Чинакам ижодкорнинг умри ёзган китоблари, дилбар сатрларида давом этади.
   Турсунбой Адашбоевни яқиндан билган, ижодидан, завқли суҳбатларидан баҳраманд бўлган мухлисларнинг юпанчи шунда.
Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


   Маълумот: Турсунбой Адашбоев (1939-2017) 1939 йилнинг 1 январида таваллуд топган. Унинг “Камолнинг олмаси” деб номланган биринчи китоби 1966 йилда чоп этилган.
   Шундан сўнг “Биз саёҳатчилар”, “Арслонбобо шаршараси”, “Сурнай”, “Нур дарё”, “Гулдаста” каби қатор болаларга аталган асарлари чоп этилган.
   Шоирнинг содда, жозибали тилда ёзилган шеърларида кичкинтойларнинг катта олами бор қизиқишлари, саволлари, ҳақиқатлари билан намоён бўлади. Турсунбой Адашбоев ёш дўстларимизнинг уйғоқ қалбли, билимдон, довюрак бўлишини истади.
     Шу мақсадда жарангдор шеърлари билан уларнинг кўнглига ёруғлик солди.
    Шоир миллий адабиётимизга, таржима соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси учун 2001 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар