Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати жойлашган. Зиё масканида 380 дан ортиқ имконияти чекланган ўқувчилар таълим олади. 20 йилдан буён шу мактабда фаолият кўрсатиб келаётган биология фани ўқитувчиси, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Анора Қодирова билан суҳбатлашдик.
– Ўқувчилар таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Таълим рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Дарс соатларидан ташқари ижтимоий-маънавий фанлар орқали ўқувчиларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаймиз. Таълим жараёни асосан Тошкент ва Сирдарё вилояти ҳудудида яшайдиган ўқувчиларни қамраб олади. Улар дарсда брайль ёзувида ёзилган китоблардан ташқари, оддий ўқув қўлланмалардан ҳам фойдаланишади.
Ҳомийларимиз томонидан босмахона дастгоҳлари совға қилинди. Бу эса ёшларга янада сифатлироқ таълим беришимиз учун керакли ўқув қўлланмаларни мактабимизда чоп этиш имкониятини яратди. Ўқувчиларимиз жуда зеҳнли, иқтидорли. Ҳар йили 50-60 фоиз битирувчиларимиз олийгоҳга киради. Моҳир ўқитувчиларимиздан бири Умида Абдуллаевадир,– дейди Анора Каттақуловна. Уни “Саодат” даврасида суҳбатга чорладик.
– Менинг ота-онам ҳам, сингилларим ҳам соғлом. Аллоҳга шукур, кўзларим оз бўлса-да кўради, ўзим китоб мутолаа қиламан. Онамнинг айтишларича, мендаги нуқсон отам билан яқин қариндош бўлишгани боис экан. Оилада 3 фарзандмиз. Синглим она касбни танлаган. Укам моҳир уста. Оилада тўнғич фарзанд бўлсам ҳам ота-онамнинг энг эркатойиман. Улар ҳамиша менга елкадош.
Мен ўзимни камситмадим. Яхши-ёмон кунларимда ҳам кулиб, курашиб яшадим. Инсон ҳаётда қандайдир даражага эришишида кимнингдир қўллаб-қувватлашига, яқинларининг ишончига муҳтож бўлади. Бу борада ота-онамга таъзимдаман. Ёшлигимда махсус кўзи ожизлар мактаби борлигини билмаган эдик. Шунинг учун уйимиз яқинидаги 59-хитой тилига ихтисослаштирилган мактабда бироз қийналганман. Айниқса, онам билан кечалари ухламай, эртанги дарсга тайёргарлик кўрганларимиз ҳали-ҳамон ёдимда.
Бошланғич синф ўқитувчимиз Маҳфуза опанинг покиза меҳри, таълим-тарбияси туфайли юрагимда ўқитувчилик касбига меҳр уйғонди. 3-синфни тамомлаганимда жонкуяр устозим Тошкент шаҳрида махсус мактаб-интернати борлигини айтдилар. “Умидахонни шу пайтгача кўзим қорачиғидек асраб, яхши билим беришга ҳаракат қилдим. Лекин буёғига қийналиб қолади”, – деганлари ёдимда. Шундан сўнг ўқишимни 77-сонли махсус мактабга кўчирдик. 10-синфни тамомлаганимда ота-онам мени қизларга мос ҳунар ўрганишим учун мактабдан олиб, тўқувчилик машғулотига беришди. Бироз муддат қатнаб, бу ҳунар менга мос эмаслигини, ўқишга бўлган қизиқишим кўпроқлигини сездим. Адабиётчи муаллимамиз илм олишга бўлган қизиқишни кўриб тил соҳасига йўналтирдилар. Бу фанга қўйган ихлосим, турли хил фан олимпиадалари ва танловларда фаол қатнашганим, мактабни “аъло” баҳоларга тамомлаганим сабабли Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим.
17 йилдан буён педагог сифатида фаолият юритаётган бўлсам, бу давр мобайнида ўқувчиларим фан олимпиадалари ва турли хил танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Бу йил ҳам аълочи ва иқтидорли ўқувчиларимдан 3 нафари она тили бўйича ўтказилган фан олимпиадасининг республика босқичига чиқишди. Ўзим ҳам “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Устоз-2020” танловида “Энг меҳридарё устоз” номинацияси бўйича ўрин олдим.
Турмуш ўртоғим Замонкелди Норқулов билан биргаликда фаолият юритамиз. Тарих фанидан дарс берадилар. У киши жиззахлик. Ёшликларида ота-оналари фарзандларининг дардига шифо топиш илинжида Тошкентга кўчиб келишган экан. Ёшлигимизда ҳам шу даргоҳда ўқиганмиз, қолаверса, синфдош, партадош эдик. Орамиздаги илиқ дўстона муносабатлар талабалик пайтимизга келиб самимий муҳаббатга айланди. Оила қурдик. Икки нафар фарзандимиз бор: Исломбек ва Комила. Минг шукур, икковлари ҳам соғлом. Комилахон қизим мактабга бир йил эрта боргани учун акаси билан бир синфда ўқийди. Ота-она сифатида биз ҳам болаларимизнинг зиёли, халққа ва юртга ёрдами тегадиган етук инсонлар бўлишларини хоҳлаймиз.
Инсоннинг нафақат жисми, балки кўнгли соғлом бўлиши керак деб ўйлайман.
Энг асосийси, қалб кўзи ногирон бўлмасин. Ана ўшандагина у ён-атрофидагиларга меҳр кўрсата олади.
Гулсевар Умматалиева суҳбатлашди.