ЙИЛЛАРИМ ҲАДЯСИ – ҲАЛОВАТ

 

УМР ИБРАТИ


ЙИЛЛАРИМ ҲАДЯСИ – ҲАЛОВАТ

     Умр фасллари ҳақида гап кетганда кўпчилик устоз шоир Рауф Парфининг “Ёшлик – зангор фасл. Кечди. Сарғарди”, деган машҳур сатрларини эслашади. Чунки бу сатрларда инсоннинг соғинчи ҳам, армони ҳам бор. Бугун шогирдлари “Андижоннинг аяси” дея эъзозлаётган, бу иззатга ўз меҳнати, фидойилиги билан эришган Маҳбуба ая Музаффаровадан ҳам суҳбатимиз аввалида шунга ўхшаш фикрлар кутгандим. Аммо у кишидан бутунлай бошқача гап чиқди.
     Тўғрисини айтсам, шу кунларда тарғибот иши билан юрган давраларимда “Фаслларнинг аълоси кексалик экан, яхшилар. Ҳаммани хотиржам, соғлом кексаликка етказсин”, деган гапни айтяпман. Ростдан ҳам, менга умримнинг мана шу нурли кунлари жуда ёқяпти. Маърифатни соғинсам, каттагина кутубхонам бор, китоб ўқийман. Меҳнатни соғинсам, кўриб турганингиз мўъжазгина ҳовлимда гулчилик қиламан. Қайга борсам, гул уруғларини териб юраман. Ниҳолларим бўй чўзиб, ғунчалаганда кўнглимда бир байрам бўлса, анвойи рангларда очилса, яна бир байрамни ҳис этаман. Тўнғич ўғлим Навфалбек – иқтисодчи, кичигим Санжарбек – тарих фанлари номзоди, университетда дарс беради, Муҳаббат қизим – муаллима, ўзимнинг издошим. Келинларим сўраганимни оғзимга тутишади. Невараларим илми толиблар. Мени соатлар жиринглаб эмас, қуёш уйғотади. Телефон қўнғироқларидан шошилинч топшириқлар, танбеҳлар эмас, кўпроқ хушхабарлар эшитаман. Мендай сочлари заҳматда оқарган аёлга яна қандай бахт керак?
     Назаримда ая бу фикрларни меҳнатдан толгани, ҳориганидан эмас, балки, ҳалол яшаб, ҳалол меҳнат қилиб эришган осудалигига шукрона сифатида айтяпти. Ахир, қалин сочларини маҳкам турмаклаб, ихчам либосларда Андижон сув омбори қурилишида ёшлар қўмитаси котиби лавозимида фаолият бошлаганида бор-йўғи йигирма ёшда эди. Иттифоқ миқёсидаги бу катта қурилишда қирққа яқин миллат вакиллари ишларди – кўпи йўлланма билан келган йигит-қизлар. Сарфлаган куч-қувватига яраша рағбатлантириш, улар учун қизиқарли дам олиш соатларини ташкил қилиш, ётоқхона, ошхона билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш... Сув омборининг кундалик ташвишлари азалдан ҳам шахду шиддатли бўлган Маҳбубадан яна ҳам кучлироқ бўлишни талаб қиларди.
– Эрта-индин бу қурилиш поёнига етади. Ёшлар Андижондан, Ўзбекистондан фақат яхши таассуротлар билан кетиши керак, – деб тинмай уқтиришарди раҳбарлари. Бу ният амалга ошди, шекилли, орадан икки йил ўтиб у вилоят ёшлар қўмитасида бўлим бошлиғи лавозимида иш бошлади.
     Қизининг ҳаётидаги бу юксалиш, айниқса, отаси Ғулом акага маъқул келди. Отанинг етти нафар қизларининг тўнғичи бўлган Маҳбубадан умиди катта эди. Ўзининг отаси “халқ душмани” тамғаси билан сургун қилингани, шу боис одамлар орасида гуноҳсиз бошини гуноҳкордай эгиб яшаган кунлари ҳаққи, мана шу лочин нигоҳли, ўткир сўзли қизига таяниб, қаддини тиклагиси, қадрини кўтаргиси келарди. Онаси соддагина, ўзбаки кўнгилли аёл Турсуной опа эри каби тузумнинг баланд-пастига чуқур кириб кетмаса ҳам, кичик қизларига:
– Опанг келсин ҳали, сени бир айтиб берай, – дея танбеҳ бериб тўнғичига бўлган ишончини билдириб қўярди.
Маҳбуба Музаффарова уларнинг умиди, ишончини оқлади. Хизмат пиллапояларидан тез кўтарила бошлади. Қўрғонтепа тумани партия қўмитасининг иккинчи котиби, сўнг Бўз тумани партия қўмитасининг биринчи котиби... Андижон вилояти касаба уюшмаси раиси...
     Раҳбарлик лавозимида илк иш бошлаган кунларидаёқ унга хизмат машинаси ажратилган эди. Дастлаб остонасига келиб тўхтаган машинага ўтириб, далада қуёшнинг тиғида кетмон чопаётган аёллар олдидан ўтиб кетишга хижолат бўларди. Иложи борича, “Ҳорманг, бор бўлинг”га тушар, ўзининг ҳам кирза этикда, ишбоп кийимларда эканини кўрсатгиси келарди.
– Эрим Афғон уруши иштирокчиси. Томимизни ёпишга шифер сўрашга ҳақлари бор экан, лекин истиҳола қиляпти. Ёмғир “шир” этса, уйимиздан чакки ўтади. Илтимос, ёрдам беринг, – тарзидаги арзларни йўл-йўлакай эшитар, ёндафтарига ёзиб оларди, бу қайдлар дафтарида қолиб кетмас, албатта, арзгўйнинг илтимоси ижобат бўларди. Сўнг фаолияти вилоят қадар кенгайгач, машинада юришга ҳам, одамлар учун қабул кунлари ташкил қилишга ҳам ўрганди.
– Аммо бир нарсага, ўзимизнинг пешона тери билан топган маблағимизга аҳолимиз учун нимадир қилмоқчи бўлсак, минг-минг километр йўл босиб бориб марказдан рухсат сўрашдек изтиробга кўникишим қийин бўлди, – дейди Маҳбуба ая раҳбарлик йилларини эслар экан. Лекин начора? Бошқа илож йўқ эди. Қаҳрамонимиз Марҳамат туманининг хушҳаво тоғли жойларида ниҳоятда катта меҳнат билан қад ростлаган санаторий қурилиши ҳақида гапирар экан, юқоридаги фикрларни бироз ўкинч билан гап орасига қистириб ўтади. Лекин, ҳарна бўлса-да, бу қурилиш поёнига етди. Ўша пайтдаги энг замонавий тиббий ашёлар билан жиҳозланган дам олиш маскани ўзимизнинг элу юртга хизмат қила бошлади.
     Лекин аянинг хотираси қатларида унутилмайдиган изтироблар ҳам йўқ эмас. Бири – “Ўзбеклар иши” билан боғлиқ воқеалар...
– Миллатимизга тиш қайраб келганлар марказдан бўлса-да, “фалончи порахўр эди” деган тавқи лаънатга мажбурлаб қўл қўйдиришдек кир ишларга ўзимизнинг ёш-ёш йигитларни ташлашди. Уларнинг баъзилари тушуниб-тушунмай “жасорат” кўрсатиб, кейинчалик виждонлари азобланиб юришди...
     Маҳбуба Музаффарова аввал педагогика институтининг рус тили факультетида, сўнг олий партия мактабида таҳсил олгани, адабиёт, сиёсатдан теранроқ хабардорлиги учун “Ўзбеклар иши”нинг навбатдаги қатағон эканлигини ҳис қилади. “Фалончини партиядан ўчириш ҳақида қарор чиқариб беринг”, деган талаб бўлганида ҳам бажармаган, бошини кундага қўйишга рози бўлган пайтлари бўлди. Тоза виждон, ҳақ-ҳуқуқдан хабардорлик, ўз ҳақини, ўз сўзини имкон даражасида ҳимоя қилишга қодирлик қаҳрамонимизни кўп бор “қилкўприк”лардан омон олиб ўтди.
     Маҳбуба ая жамиятдаги эврилишларни кузатар экан, раҳбарликнинг ҳар бир кунини имкон билишга ҳаракат қиларди. Бир кун вилоят ҳарбий комиссарининг олдига борар:
– Келинг, ҳарбий хизматга жўнаётган йигитларимизнинг нимжонроқларини ўн-ўн беш кун профилакторийларимизда астойдил парвариш қилайлик. Ахир, уларнинг аксарияти совуқ ўлкаларга ё оғир қурилишларга боришади. Қўй гўшти, қўй ёғида ош қилиб бериб сал иликларига қувват берайлик, – деган масалани кўндаланг қўярди. Бошқа куни вилоят соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига учрар:
– Ҳомиладор аёлларнинг ҳаммаси ҳам тиббий кўрикка ўз вақтида келмайди. Шифокорларимизни кўчаларга чиқарайлик, даволанишга эҳтиёжи бўлганларга ёрдам берайлик. Оналар, болалар ўлимининг олдини олиш керак, – деган гапларни айтарди.
     Ўзига яраша обрўси бўлгани учун гапи ерда қолмасди.
     Аяга омон-омон замонларда ҳам раҳбарлик қилиш бахти насиб этди. 1994 йилда уни Андижон педагогика билим юртига директор этиб тайинладилар. Барибир яхши замонларнинг ҳам муаммолари бўлади.
– Қабул тугаб, ўқишлар бошланиши арафаси эди. Қабулимга дод-фарёд билан бир аёл кириб келди. Зўрға тинчитиб, гапини эшитсам, фирибгарга тушиб қолибди. Эшикма-эшик сут-қатиқ сотиб йиққан пулини бир киши: “Қизингни педколлежга киритиб бераман, директор билан яқинман”, деб авраб, олиб қўйибди. Табиийки, мен бундай ишлардан йироқ одамман. Қизи ўқишга кира олмагач, олдимга келибди.
– Ўша товламачига ишониб, қизим ўқишга кирди, деб қариндош-уруғларга овоза қилиб юборибмиз. Энди болам қоронғи жойлардан чиқмай ербағирлаб ётибди. “Шарманда бўлдим, ўзимни бир нарса қилиб қўяман”, деб юрагимни ёряпти...
     Онани эшитгач, нима қилай? Қонунни бузиб, қайта имтиҳон олиб бўлмайди. Қизини олиб қолдим.
– Сиз болангизни ўқишга кирди, деяверинг. Янаги йил талаба бўлади, – дедим. Айтганимдай, ёнимда олиб қолдим. Ишга жойладим. Кейинги йил ўқишга кириб кетди. Ҳозиргача оёғини узмайди.
     Маҳбуба аянинг ҳаётида бундай эсда қоларли воқеалар бир эмас, бир неча марта бўлганига ишонаверинг.
     Мана, энди шундай савоб ишларни қила-қила, каттаю кичикнинг миннатдорлигига эриша-эриша кексалик гаштини суряпти. Аммо нафсиламрини айтганда, бу ҳам нисбий гап. Раҳбарлик лавозимидан расман кетиши билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, қолаверса, ўзи яшайдиган “Ҳамкорлик” маҳалласи бир неча вазифалар етакчилигини зиммасига юклаб қўйишди. Шогирдларига “йўқ” деб бўлармиди? Ахир, вақтида уларга ўзи “Инсонга ақл-идрок, ғайрат аввал ўз оиласига, қолаверса, туғилиб ўсган тупроғига хизмат қилиш учун берилади”, деб ўргатган бўлса... Маҳбуба ая бир кун “Маънавият тарғиботчилари” билан кўчама-кўча, ташкилотма-ташкилот юрса, бошқа куни “Оқила аёллар” гуруҳи билан оилавий масалаларни ҳал қилишга боради.
– Онам ўзларига дам олиш кунлари эълон қилган пайтларда уйимиз маслаҳатхонага айланади, – дейди қизи Муҳаббатхон. – Кечаси уйга келишади. Доим столимиз тузалган, бир чойнак қайноқ чой чойнакпўшнинг остида туради...
– Мана, кеча бир ташкилотга янги тайинланган раҳбар аёл келибди. Эски бошлиқ ҳам шу ташкилотда экан, чиқишолмаётган эмиш. “Атрофига одам тўплаб, менга қарши иғво қиляпти, бошим қотиб қолди, қандай қилсам тўғри бўлади, дейди. Ишдан бўшатиб қутулсамми”, дейди...
– Қандай маслаҳат бердингиз? – қизиқиб сўрадим.
– Зинҳор бундай қила кўрма. “Домла, мен сизнинг тажрибангизга ишониб, сизнинг суянчиқ бўлишингизга умид қилиб, бу лавозимни қабул қилдим”, денг. Ҳар масалада фикрини сўраб туринг. Яхши-ёмон кунида йўқланг, тил топишинг. Ўзингизга дўст қилинг, – дедим.
– Мухлисларимиз кўпроқ қаҳрамонларимизнинг оилавий ҳаётига қизиқишади. Турмуш ўртоғингиз содда, камтар, меҳрибон инсон бўлган эканлар...
– Ҳа, “Катта муҳаббат билан турмуш қурдик”, дея олмайман. Тўнғич қиз бўлганим учун сингилларимга йўл очишим керак эди. Шу боис ота-онамга маъқул бўлган оилага келин бўлганман. Ёмон яшамадик....
– Ҳамиша масъулияти оғир, жавобгарлиги залворли лавозимларда ишлагансиз. Ўш-Ўзган, Андижон воқеаларида уйга атиги бир-икки соатга келиб-кетган пайтларингиз бўлган экан. Рўзғор, болалар тарбияси масалаларида эрингиз, қайнонангиз тарафдан норозиликлар бўлмаганми?
– Қайнонам Ширинхон ая жуда доно, зукко, кайвони аёл эди. Қийин кунларимда доим ёнимда турган. Бир неварамни улар ҳурматига Шириной атадик. Болаларимнинг дадаси баъзан келинлар овқат сузиб келганида:
– Ўзинг қилмабсан-да... – дея кўнглининг тубидаги “Сенинг қўлингдан таом егим келади”, деган истагини билдириб қўярди. Айни пайтда мени аярди ҳам. Бир гал Қўрғонтепадан ярим тунда:
– Чироқ ўчиб қолди, – деб қўнғироқ қилишганида:
– Ўзи энди келиб ёстиққа бош қўйди-ку. Эркак бошинг билан чироқни эплай олмайсанми? – дея койиб бергани ёдимда.
     Онам раҳматли ўғли йўқлигидан ўксир, шунинг учун тўнғичим Навфални уларга берганмиз. Ўзлари улғайтириб, ўзлари бош бўлиб уйлантирганлар.
     “Неварамнинг бошини иккита қилиб, бир кун қайнона мақомида тўрда ўтирсам”, деб ният қилардилар, фаришталар “Омин”, деган экан, тўйдан бир кун ўтгач, бандаликни бажо келтирдилар.
     ... Демак, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ўзига ярашиб турган бу меҳнат кишисининг гап аввалимизда айтган осойишталиги ҳам жисман эмас, руҳан осойишталик экан-да. Халқимизда “Аввалини бергунча охирини берсин”, деган тилак бор. Маҳбуба Музаффаровага ўхшаб вақтида оилани маҳкам ушлаган (Турмуш ўртоғи Ҳамрожон отанинг вафот этганига ўн йиллар бўлибди), “Мансабдорман”, дея эридан баланд келмаган, ҳурматини жойига қўйиб, аёллик вазифасини аъло даражада адо этган, эл юкига елка тутган фарзандлар, невараларни камолга етказган, етказаётган инсонларнинг Аллоҳ аввалини берганидай, охирини ҳам бераркан.Жамиятимиз, юртимиз бундай сийланганлар билан тўкис, кўркам бўлаверсин. Бизга-да уларни кўз-кўзлаб, алқаб ёзиш саодати қайта-қайта насиб этаверсин.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар