ИБРАТЛИ ҲАЁТ
ШОИРНИНГ ҲАҚИҚИЙ МУХЛИСИ ЭДИМ...
Эркин ака билан эллик уч йилдан ортиқ умр кечирдим. У киши қисмат довулларидан, дўлу тўфонларидан пана қилгувчи бошпанам эдилар.
Бутун умр бир-биримизга суянч бўлиб яшадик. Менинг-ку, ҳар ҳолда онам, жигарларим бор, аммо Эркин акам етимликда, тоғанинг қўлида улғайган эдилар. Мен ҳам тоғанинг хонадонига келин бўлиб тушдим. Олтмиш олтинчи йилдаги Тошкент зилзиласидан сўнг кўплаб қадимги ҳовли-жойлар бузилиб, айримлари ғариблашиб қолди. Уйимизнинг деворлари ёрилган, томи қулаб тушгудай бир аҳволда эди. Ўша кезлар бошимиздан оғир кунлар ҳам ўтди. Ҳозирги Ҳувайдо маҳалласидан ер олиб, уй қура бошладик. Ҳадеганда иморатимиз битавермади. Бу етмагандай, биз йиғиб-териб топганимизга қурилиш молларини олиб борамиз, икки кундан кейин борсак, ўзи йўқнинг кўзи йўқ, деганларидек аллакимлар ташиб кетган бўлади. Тоғамиз раҳматли: “Чала бўлса-да, кўчиб ўтмасанглар бўлмайди, бу аҳволда уйни тиклолмайсизлар”, деди. Томи эндигина ёпилган, чала битган иморатга икки ёш бола билан кўчиб ўтдик. Биринчи йили икки хонани таъмирлаб, амаллаб қишдан чиқдик. Қурилиш узоқ чўзилди. У пайтлар пул топилган тақдирда ҳам қурилиш молларини топиш маҳол эди.
Шунча ташвишда ҳам Эркин акам ижод қилишдан тўхтаганлари йўқ. Ёзув столи ҳовлининг бир бурчагида турар, соями-офтобми, ижод тиним билмасди. Катта ижодкорларнинг асарларига ўз ҳаётларидаги воқеалар туртки беради. Бир мисол тариқасида айтсам, машҳур “Палаткада ёзилган достон” ҳовлимизнинг ўша бир чеккасидаги столда қоғозга тушди.
Булар достон эмас,
Булар барчаси –
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
Жарангли қофия,
Чиройли нисбат,
Янги ташбеҳларга
Йўқ эди фурсат.
Чанг босган дафтарга
Ёзилди булар...
Достондаги шу каби мисраларни ўқир эканман, қурилиш майдончасини эслатадиган ҳовлимиз, ҳовлимизнинг бир чеккасида омонатгина “ижодхона” ясаб олиб бош кўтармай ёзаётган Эркин ака кўз ўнгимдан ўтадилар. Баъзан ўйлаб кетаман, илҳом келса алоҳида шарт-шароит туғилишини ҳам кутиб турмас экан-да, ижодкор?!
Бу ёқда қурилиш ташвишлари илҳақ, Эркин ака эса ғазал ёзишдан бош кўтармайдилар. Ваҳоланки, ўша кезларда ғазал бирмунча урфдан чиққан, ҳатто ғазал ўтмиш адабий ҳодисаси сифатида унутилади, деган кайфият ҳам ҳукмрон эди. “Эркин, ғазалингни қўй. Ким ўқийди уни? Навоий бўлмоқчимисан?” деганлар ҳам кўп бўлди. Бироқ Эркин ака аҳд қилдиларми, астойдил киришар, ўзлари бошлаган ишнинг охири бахайр бўлишини кўнгиллари сезарди. “Дебоча” номли шеърни ғазал муваффақиятига шубҳа билан қаровчиларга қуйидагича жавоб билан бошлаганлар:
Истадим сайр айламоқни
Мен ғазал бўстонида.
Кулмангиз, не бор сенга деб
Мир Алишер ёнида...
Эркин аканинг ғазалга бўлган муҳаббати, бу муҳаббатга бўлган ишонч-қатъияти бесамар кетмади. Шоирнинг ғазаллари адабиётимизда ўзгача кўтаринки кайфият, ўзгача қайноқ муҳаббат билан кутиб олинди, уларнинг ҳар бири завқ-шавқ билан қўлдан қўймай мутолаа қилинди. Ғазаллар машҳур ҳофизларимиз томонидан қўшиқ қилиб куйланди.
Бундай эътироф шоирга янада илҳом бағишлади, у кишини тинимсиз ёзишга, ҳар мисрасини янада зўр муҳаббат билан битишга ундагани, шубҳасиз.
Ғазалхонлик тўлқинида, 68-йили “Ўзбегим” қасидаси таваллуд топди. Қасида матбуотда эълон қилинмасиданоқ халқ орасида тарқалиб кетди, қўшиқ ҳам куйланди. Бир шеърий асарнинг бу қадар ташналик билан оммалашуви кўп учрамайди адабиётда. Демак, “Ўзбегим” халқимизнинг ич-ичида пишиб етилган, эҳтимол, қалбида йиғилиб ётган, ошкор айтилмаётган туйғулар, эҳтирослар, ҳаяжонлар тараннум этилган, улуғланган қасида эди. Шеърий кашфиёт эди!
Буни қарангки, шу қадар яшин тезлигида оммалашган бадиий асар кутилмаганда нохолис, очиғини айтганда, ғайрли тўсиқларга учради ҳам. Бир сўз билан айтганда, қасида руҳидаги кўтаринки миллий оҳанг, хусусан, халқимиз ўтмишининг улуғланиши кимларгадир хуш келмади. Шу ўринда таъкидлашим керакки, Эркин ака ниҳоятда бағри кенг, хушмуомала инсон эдилар, ижод борасида ҳар қандай баҳс-мунозарага тайёр эдилар. Лекин фикр алмашиш тазйиқ тусини олса, амр-фармонга, дўқ-пўписага айланса, аксинча, ўз сўзларида қатъиян туриб олардилар. Мажбурлаб ҳеч нарса ёздириб бўлмасди у кишига. Кўнглига келганини, истаганини ёзардилар. Бу қайсарлик ёки ўжарлик эмас, балки салоҳиятли шоир сифатидаги ўз сўзи – ўз қарашларига собитлик белгиси эди! Шахсга айланган шоирнинг ҳам инсоний, ҳам ижодий позициясининг мустаҳкамлиги тимсоли эди! Ана ўшандай “доно” кўрсатмаларга шоиримизнинг жавоби ҳам у кишининг мен таъкидлаб айтаётган феълидан келиб чиқди: “Мен шеърни тугатганман, нуқта қўйганман, унга ортиқ бирорта жумла ҳам қўшмайман.”
Табиий, тўғри жавоб жасорат дея талқин этилди, жасорат эса жавобсиз қолмади: Шоирни матбуотдан четлатишди, китоблари нашриётларга қабул қилинмади.
Ижод эса тўхтамади. Айни ўша кезларда “Олтин девор” комедиясини ёзишга киришдилар. Пьесани саҳналаштириш узоқ чўзилмади. Матбуотга чиқмаса, китоби чоп этилмаса, энди Эркин аканинг сўзи саҳна орқали халққа етиб бора бошлади.
Эркин аканинг ҳашаматли махсус ижодхонаси бўлмаган. Ўзимга алоҳида шароит яратай, дабдабали ижодхонам бўлсин, демасдилар. Биринчи ўринда болаларни, оилани ўйлардилар. Хаёл паришон бўла бошласа, ўйчанлик кўпайса, ниманидир ёзиш ғояси туғилаётганини сезардим. Тўғри, ижодкорнинг ўйлаган нарсаси бирданига қоғозга туша қолмайди. Такрор-такрор ўй суриш, ёзиш-ўчириш, тузатиш давом этади. Ва аввало, намоз ўқимоқ учун поклангани каби ҳозирлик кўргачгина озода жойга ўтириб бафуржа ёзишга киришар эдилар. Янги асар ниҳоясига етгани шодиёнасини Эркин ака барча оила аъзоларимиз билан биргаликда баҳам кўрар эдилар.
Шоирнинг фақат умр йўлдоши эмас, балки асарларининг биринчи ўқувчиси, ҳақиқий мухлиси эдим. Жиддий асарлари қатори юмор руҳидаги асарлари ҳам оз эмасди. Ҳажвларини ўқиб кулардим-у, баъзан ўйга толиб қолардим. Кулги замиридаги нимкоса, жамиятдаги айрим мунофиқликлар, ёлғонлар фош этиб ташланган бўлар эди-да. Айниқса, Матмуса бош қаҳрамон қилиб олинган туркум шеърларда яққол сезилади.
Эркин ака давлат бадиий адабиёт нашриётида ишлар эдилар. 72-йили бўлса керак, ишдан бўшаб беш йил ишсиз юрдилар. Шу вақт мобайнида Гётенинг “Фауст” асарини ўзбекчага ўгириш билан банд бўлдилар. Таржима жараёни ниҳоятда оғир кечди. Уни Гётенинг ўзи умри давомида ёзган экан. Эркин ака даставвал асарни яхшилаб тушуниб олишга ҳаракат қилдилар. Махсус Германияга бориб асарнинг немис тилидаги нусхалари билан танишдилар. Москвада “Фауст”ни русчага ўгирган таржимонлар билан учрашиб, суҳбатлашгачгина таржимага қўл урдилар. Шунда ҳам асар руҳиятига кириш осон кўчмади. Жуда кўп манбаларни мутолаа қилишга тўғри келар, “Фауст” ҳақида ёзилган ҳар қанча катта-кичик материални қолдирмай синчиклаб ўқиб чиқардилар.
Мазкур муҳташам шеърий асарни тўлиқ ўзбекчалаштириш учун олти йилга яқин вақт кетди. Таржимага шу қадар қаттиқ берилдиларки, ўз ижодлари йўлида ҳам, бошқа таржималар, жумладан, Есенин шеърлари таржимасида ҳам бундай ҳолат содир бўлганини эслолмайман.
Болаларимиз ҳали ёш, мен ҳам уйда ўтираман. Эркин ака қўлёзмани берадилар, мен уни машинкада кўчираман. Чарчаймиз, толиқамиз, қачон ниҳоясига етаркин деб чамалаймиз, аммо-лекин қилаётган ишимиздан олам-олам қувончу завқ олар эдик. “Китоб босилиб чиқсин, гонорарларнинг ҳаммаси сизники!” деб далда берар, хуллас, бетакрор ижодий муҳитдан масрур эдик. Эркин ака 20 йил Олий Мажлисда ишладилар. Бу даврда ижоддан бироз узоқлашгандек туюлдилар ҳам. Бироқ шоир ҳар қандай шароитда ҳам шоир-да! Фурсат топилди дегунча ижод билан дардлашар, қўлларидан қоғоз-қалам тушмасди.
Эркин ака умр бўйи СЎЗ дунёсида яшадилар, сўз дунёсидан нафас олдилар. Сўз ё атамаларнинг пайдо бўлиш, келиб чиқиш тарихига жуда қизиқар эдилар. Бу қизиқиш ва доимий изланиш тилшуносликка оид “Сўз латофати”дек чиройли, гўзал бир тадқиқотга айланди. Китоб адабий ва илмий жамоатчилик томонидан меҳр ва ҳурмат билан қарши олинди, тақдимотлар ўтказилди, китобга бағишланган мақолалар матбуот юзини кўрди.
Ҳеч бир инсоннинг умри бир текисда силлиқ ўтмайди. Биз ҳам ўз вақтида бошқалар сингари рўзғор икир-чикирларидан қийналганмиз, лекин ҳаммасини ичга ютардик. Ойлаб онамни бориб кўролмасдим.
... Илгарилари турли адабиёт кунлари, байрамлари тез-тез ўтказилар, Эркин ака сафар қилишга мажбур эдилар. Болалар билан бемалол ўйин-кулги қилиб ўтиришга ҳам имкон топилмай қоларди. Меҳрибон, ғамхўр ва талабчан ота эдилар. Хизмат деб оилани, оила деб хизматни унутиш у кишига хос эмас эди.
Ўтган умримга назар ташласам, ёмон яшадим, деб айтолмайман. Ҳаётим бундан бошқачароқ бунёд бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман. Эркин ака бир ота, бир УМР йўлдоши бериши мумкин бўлган бахтдан ортиғини муҳайё қилдилар. Аллоҳ у кишини бизлардан рози қилсин, деган илтижодамиз ҳамиша...
Гулчеҳра ВОҲИДОВАнинг
"Қалбим ардоғи" китобидан олинди.
ТАҲРИРИЯТДАН: Халқимизнинг севимли шоири ҳақида гўзал хотиралар ёзган Гулчеҳра Воҳидова ҳам бугун орамизда йўқ. Лекин унинг жуфти ҳалоли ҳақидаги эсдаликлари севиб ўқилади. Ҳаётлигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам шоирнинг ҳамроҳи, ҳамдами бўлишдек вазифаларни аъло даражада адо этган опамизнинг охиратлари обод бўлсин!