Дармон излаб, дард топди...

 Тақдир чорраҳаларида

Дармон излаб, дард топди...

    Ширин орзулар билан турмуш қурган Романберди ва Рўзигул ўзларини дунёдаги энг бахтиёр оила ҳисобларди. Тўкис бахт учун улар ҳаётида бир нарса етишмасди, холос.
   Ўн икки йилни умид, интиқлик билан ўтказишди. Улар фарзанд илинжида кўп жойларга боришди. Ҳаракатлар, уринишлар бесамар кетар, вақт эса шамолдай учиб борарди. Ниҳоят, фарзанд асраб олишга қарор қилишди.
   Яхши ният билан Меҳрибонлик уйи остонасидан ҳатлаган Рўзигул опанинг орзулари бир олам. Умр йўлдошидан пинҳона режалар ҳам тузиб келди. Кенг даҳлиз бўйлаб юриб келишаркан, диққатларини бир қизча тортди. Кўнгиллари жиз-зз этди. Эр-хотин бир-бирига маъноли тикилишди. Улар шу тобда бир нарсани, худди шу қизалоқни асраб олишни кўнгилларига тугишди. Керакли ҳужжатлар тўлдирилиб, оила жажжи қувончни кулиб қарши олди. Қизалоққа Умида дея исм қўйишди. Изтироблар ўрнини чақалоқнинг “инга-инга”си, йиллар ўтиб эса шодон кулгуси эгаллади. Қизча беш ёшдан ошди, бир кун тун ярмидан оққанда қаттиқ йиғлай бошлади. Ота-онанинг капалаги учди. Умида ҳадеганда тинмас, бўғриқар, кўзлари алланечук бўлиб, оёқ-қўллари тобора тортишиб борарди. Кутилмаган бу ҳолат уларнинг дарду дунёсини қоронғу қилиб юборди.
   Йиллар, ойлар ўтди, муолажалар кор қилмади, хасталик зўрайиб бораверди. Кунлардан бир кун эр хотинига кўнглидаги гапини айтди:
– Рўзигул, кел, яна бир фарзанд асраб олайлик. Ўғил бола бўлса, эрта-индин синглисига ғамхўрлик қилиб, унга тиргак бўлиб юрармиди, дейман-да?
– Майли, хоҳишингиз, – деди мунғайибгина аёл.
    Улар Умидани олган даргоҳга яна боришди, ўғилларига Қудрат дея исм қўйишди. Кўзлари тим қора, кулгичлари ўзига ярашиб турган болакай ота-онасига овунчоқ бўлиб, хонадонига файз олиб келди. Тақдирнинг синовлари оғир экан. Қудрат ҳам улғайган сари ҳаракатлари, қорачиқлари ўзгара борди. Уларнинг бир ташвиши энди икки бўлди.
– Гарчи қавму қариндошлар бизнинг бу ишимизни маъқуллашмаган бўлишса-да, яна фарзанд олдик. Бошида ҳаммаси яхши эди. Йиллар ўтиб, Қудратжон ҳам ўзгара бошлади. Исмини айтиб чақирсак қарамас, бирор иш буюрсак бажармас, ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Кўнглимиз ғаш бўлиб, дўхтирга бордик. Текширишлар натижасига қараб билдикки, чақалоқ жароҳат билан туғилган экан. Биздан буни яширишган. Йиллар ўтиб бу нуқсон асоратини кўрсатганди. Ўғилчамиз ҳам касалманд эканлигини билган яқинларимиз уни соғлом болага алмаштиришни талаб қилиб уйимизга неча бор келишди. Аммо хўжайиним бунга кўнмади. У киши жуда иймонли, диёнатли эди, – дея кўзлари намланиб сўзида давом этди Рўзигул опа. – Қандай қилиб уларни ташлай оламан?! Улар менга Аллоҳнинг омонати. Болалар борлиғимизга айланган эди. Романберди акангиз Қудратжонни еру кўкка ишонмасди. Ногирон ҳолидаям аллада азиз қиларди. Ахийри, ўзи ҳам ётиб қолди. Кўнгли бир нимани сездими, билмадим бир куни:
– Рўзигул! Болалар қани? – деди.
    Сўнг жавобимни ҳам кутмай:
– Сендан илтимос, агар менга бир нарса бўлса, уларни ҳеч кимга ишонма. Ўзинг тарбияла, хўпми. Сўз бер, – деди.
– Хўп, сўз бераман, – дедим қўлларидан тутиб.
     Рўзигул опа ўша воқеа худди ҳозир юз бергандек кўзларида ёш айланди. Хонанинг бир бурчагида гоҳ бизга, гоҳ телевизорга тикилиб ўтирган Умида онасининг силкинаётган елкаларига қўлини қўйиб:
– О-оййи-ии, нега йиғлаяпсиз? Акам хафа қилдими? Йиғламанг, ўзим уни уришиб қўяман! – деди дудуқлана-дудуқлана.
    Умиданинг ҳаракатларини кузатиб ўтириб, юрагим эзилиб кетди. У анча улғайиб қолган бўлса-да, ҳаракатлари суст, аммо боладек беғубор эди. Шу пайт ташқаридан шовқин солиб Қудратжон кириб келди. У қўлида бир товоқ буғи чиқиб турган сомсани онасининг олдига қўяр экан, бизга қараб:
– Ие, она, булар ким? – деди. Улар ҳолатни ўзларича тушуниб, ўзларича талқин қилар, назаримда, хасталик боис кўп нарсани англашмас, фақат онасига меҳр кўрсатиш кераклигини шу ярим кўнгил билан ҳам ҳис қилишарди, холос.
    Тўрткўл туманидаги “Туркистон” маҳалласида истиқомат қилаётган Рўзигул опа Авезова мактабда бошланғич синфда дарс берган. Қизидаги хасталик боис опа севган касбидан воз кечган.
– Рўзигул опа бирор марта турмушидан нолимайди. Уйида содир бўлаётган воқеаларни асло кўчага олиб чиқмайди. Бугунги кунда давлатимиз томонидан маҳаллалар фаолиятига эътибор кучайтириляпти ва бунинг натижасида маҳалламиздаги ҳимояга муҳтож, кам таъминланган фуқароларимизнинг муаммолари ижобий ҳал қилинмоқда. Шу жумладан, Рўзигул опага маҳалла томонидан мудом ёрдам кўрсатилиб турилади. Тақдир тақозоси билан ўзгаларнинг ҳимоясига муҳтож фарзандларига ғамхўрлик қилиш бир елкага оғирлик қилади, албатта. Лекин бу аёл оғринмайди.
– Рўзигул опадаги сабрлилик, меҳрибонликдан ҳайратда қоласан киши, – дейди “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Гулсара Бобониёзова.
     Кимнингдир матонатига қойил қолиш, уни мақташ, сабр тилаш у қадар қийин эмас. Аммо ўша матонатни содир этиш ўзига хос жасоратдир. Оналикдай улуғ унвони бор қаҳрамоним – оддий аёлга ҳам ўша “жасоратли” сўзини сифат қилгим келди.

Фотима АБДУРАИМОВА,
Қорақалпоғистон.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар