НАСР
Онамнинг юрти
Ҳикоя
Ниҳоят, онамнинг юртига жўнар бўлдик.
Онамнинг юрти!
Эсимни танибманки, бу сўз хотирамга олис эртак бўлиб, маъюс алла бўлиб ўрнашган. То ҳануз қулоқларим остида сўнмас бир қўшиқ янглиғ жаранглайди у.
Шу пайтгача онам тилидан унинг таърифинигина эшитардик. Шу пайтгача унинг қайдалигини, қандай жой эканини билмасдик; онамнинг юрти – онамнинг ўтли армони эканини сезардик, холос.
Онам етти-саккиз яшар гўдак чоғида юртидан айрилган экан.
"Адоғи йўқ тупроқ йўлдан аравага тушиб келганим ёдимда, – дерди онам ва шу заҳоти кўзларидан дувиллаб ёш оқиб кетарди. – Отам билан онамни элас-элас эслайман. Отам соқоллари узун-узун, қизил юзли одам эди. Онам жудаям новча эди, ўрнидан турганида, бошини кунга уриб олмасайди, деб қўрқардим…"
Онамнинг юрти кунчиқардами, кунботардами, дарё ортидами, тоғлар бағридами, дашту биёбонлар қўйнидами – бирортамиз билмас эдик. Фақат унинг тенгсиз гўзал бир маскан эканини англардик. У юртда осмон – осмон эмас, мушфиқ она; тоғлар – тоғ эмас, меҳрибон падар; гуллар – гул эмас, мунис ҳамшира; у ерда одамларни хўроз қичқириғи эмас, булбул навоси уйғотади.
Орадан не бир замонлар – олтмиш олти йил ўтганига қарамай, онам ҳамон тақдирига тан бермас, ҳамон уфқдан кўзи ва кўнглини узолмас, ҳамон юртининг таърифини тилдан қўймас эди. Биз ҳам бунга ўрганиб қолган эдик. Баъзан тоғу тошлар аро кўмилиб ётган шу кичкинагина қишлоғимиз зериктирганда, баъзан нимадандир ранжиганимизда, гоҳ эса юрагимиз бесабаб ғуссага тўлганда онамнинг олис, номаълум ва сирли юртига бош олиб кетгимиз келарди.
Мана, ниҳоят, унинг дараги топилди!.. Онамнинг қувончини сизга қандай тасвирлаб берай? Йўқ, чамалаб кўрдим, қўлимдан келмас экан. Буни тасаввур қилмоқчи бўлсангиз, яхшиси, онангиз қувонган кезларда, аниқроғи, уни ўзингиз бир оғиз ширин сўз биланми, бир савоб иш биланми қувонтирган дамларингизда аста кузатинг. Афсус, минг афсус, бундай онлар ҳаётимизда қанчалар кам: биз – фарзандлар, оналаримизга шодлик ўрнига аксар ранжу алам етказамиз, холос.
Хуллас, юртининг дарагини эшитди-ю, онам бир кечада яшариб кетди. Ҳар кеча сирқираб азоб берадиган оёғининг оғриғини ҳам унутгандек бўлди. Энди унинг етмиш учга кирганига ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам ишонмас эди.
"Наҳот туғилган юртимни бир кўрмай кетсам?" дерди онам мудом хўрсиниб. Мен эса, гоҳ кулиб, гоҳ жиддий тортиб, энди мусофиру муҳожир деган гаплар қолмаганини, мана шу бепоён мамлакат, шу ажиб диёр барчамизнинг ягона ватанимиз эканини ётиғи билан уқтирмоқчи бўлардим. Онам гапларимни жимгина тингларди-ю, кўз ёши тинмасди.
Билардим, унинг дарди пинҳон, кўнгли ярим, бироқ уни бутун қилмоққа ожиз эдим: урушда нобуд бўлган икки оғамни тирилтиролмасам, на юрагидаги, на оёғидаги оғриқни суғуриб ололмасам…
Онам ҳадемай чевара кўради, лекин ҳануз мени ҳимоясиз гўдак билади – худди тўрт яшар болани асраб-авайлагандек тежаб-тергайди; ҳали-ҳозир жиндек кеч қолсам, иягини ёстиққа тираганча йўлимни пойлайди, қорамни кўриши билан беозор койиб қўяди: "Намозшом арвоҳдай шу пайтгача тентираб юрибсанми? Соат неча бўлди?" "Бир", дейман бамайлихотир уст-бошимни ечарканман. "Э, гапирмае! – дейди онам ранжиб. – Бир қолдими, аллақачон ўн бўлгандир!"
Онам соатни билмасди – юртини, наслу насабини билмаганидек.
Авваллари ёш эдим, онамнинг дарди дилини англамас эканман. Фақат кўп йиллар кейин, бошимдан турли савдолар кечиб, оқ оралаган сочларим бир-бир тўкила бошлагандагина бу ҳақда бот-бот ўйлайдиган бўлиб қолдим.
Ва шундан сўнг онамнинг юртини излашга киришдим.
Онам ёшлик йиллари, жамалаксоч қизча пайтида эл қатори бурчоқ тергани чиққан. Бурчоқ териб юриб адашган. Адашгану қайтиб на ота-онасини, на юртини кўрган. Ёдида қолгани – баланд араваю узун тупроқ йўл.
Онамнинг юртини гоҳ интизор бўлиб, гоҳ умидсизликка тушиб, сабр-чидам билан узоқ изладим. Қўшнимизнинг Раззоқ деган бир ўғли Тошкентда, радиода ишларди. Шу йигит кўп ёрдам қилди. Биргалашиб ёздик, биргалашиб кутдик. Астойдил йиғлаган эканмизми, ниҳоят, сўқир кўздан ҳам ёш чиқди – онамнинг юртидан дарак келди!
Шунда мен онам узоқ йиллар мобайнида хўрсиниб сўзлаган юртни хаёлан аниқ-тиниқ кўрдим, ўзимни гўё минг йиллардан буён ўша ерда яшагандек, яшайдигандек ҳис қилдим – шунчалар қон-қонимизга сингиб кетган эди у.
"Жой бўлмай қуриб кетсин, – дерди онам баъзан зорланиб, – лоақал юз юварга суви бўлмаса-я! Эсиз-эсиз, юртимдаги дарё-дарё сувлар…"
Унинг ранжу койишлари бежиз эмасди. Тангу тор, тоғу тош қишлоғимизда бир томчи сув гавҳарга тенг, гавҳар нима, одамнинг хуни билан баравар эди: ичимлик сувни ҳам етти-саккиз чақирим олисдан ташиб келтирардик. Лекин, таажжубки, онамдан бўлак ҳеч кимсага бунинг оғирлиги билинмасди.
Билсам, онамнинг юрти чиндан ҳам улуғ дарё соҳилларида экан.
"Дўзах бўлиб кетди-ку, – деб нолирди онам баъзан. – Ҳаҳ, юртимнинг шамоллари-я…"
Бу атроф-жавонибда бизнинг қишлоқдан кўра салқинроқ жойни топмоқ амримаҳол, саратон кунлари не-не шаҳарликлар шу ерда жон сақлайди, ҳар нечук, онамнинг бу гапи ношукрлик эмасмикан?
Билсам, онамнинг юрти ҳур шамоллар маскани – зумрад водий қўйнида экан…
Хушхабар келган куни уйимизда тўй бўлиб кетди. Фақат онамнинг кўз ёшларигина бу тантанани хиёл бузиб турарди.
Мактуб жанубий воҳалардаги қишлоқларнинг биридан жўнатилган, уни онамнинг ота уруғи – амакиваччаси Омонқул деган киши битган эди.
"… Тоғамнинг Улбўсин отлиқ бир қизи мундан кўп йиллар бурун йўқолиб эди. Бизнинг хешлар бари, дом-дараксиз кетган, деб юргич эди. Қайбир кун радиодан айтиб қолди. Авлодимиздаги қари-қартанглар ўй ўйлаб, ўша Улбўсин бўлса керак, деди. Агар чиндан ҳам эгачимиз Улбўсин бўлса, келинг, дийдор кўришайлик, биз борайлик, топишайлик, қайтадан хеш бўлайлик".
Сўнг онамнинг қай йўсин адашганию қандай ғойиб бўлгани хусусидаги бизга ёд бўлиб кетган тафсилотлар ҳижжалаб баён этилган эди.
Онамга қолса, ҳозироқ – кўз ёши қуримасданоқ қанот боғлаб учмоққа шай. Аммо Раззоқ иккаламиз маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўйдик: у ишхонасидан икки-уч кунга ижозат олиб, биз билан бирга борадиган бўлди. "Ажойиб тақдирлар" деган очерк ёзаман, зўр чиқади", деди.
Индини тонг саҳарда йўлга тушдик.
Поездда юрдик, автобусда юрдик, енгил машиналарда юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик, дашту биёбонлардан, шаҳру қишлоқлардан ўтдик, поёнсиз пахтазорлар, яшил тутзорлар, боғу боғчалар, қадимий сардобалар, паст-баланд қирлар ортда қолди ва бир куни чошгоҳ чоғи онамнинг юртига кириб келдик.
Шалоғи чиққан такси шағал карьерининг кўҳна биноси олдида тўхтади. Бирин-кетин тушдик.
– Шу ердан сўрарсизлар, – деди занжидек қоп-қора шофёр ва машинасини ортига буриб, ёв қувгандек жўнаб қолди.
Кўз ўнгимда уфқ қадар чексиз, сарғиштоб бир яланглик ястаниб ётарди. Унда-бунда пастак иҳота дарахтлари яккам-дуккам тиккайган.
Автобус бекати ҳам шу ерда экан. Майдонча кимсасиз. Олисларда ҳовур жимирлайди, кўз тинади. Ёғоч ўриндиқда қалпоғини бостириб кийган бир чол қопчиғини ёнбошига қўйиб мудрайди.
Аста онамга разм солдим: тўрт томонга ҳайрон боқади, мижжалари нам, лаблари титраб-титраб қўяди.
– Келдик, она! – дедим атай бардам товушда.
Онам шошиб бош ирғади, кулимсирагандек бўлди.
Бекат майдончасида бирзум гангиб турдик. Қўлимдаги адресда бундан бошқа гап йўқ эди. Бошим қотиб Раззоққа қарадим, Раззоқ менга. Шу пайт ердан чиқдими, осмондан тушдими, билмайман, қаршимизда бир тўда одам пайдо бўлди-да, олағовур бошланиб кетди. Дарров кўнглим сезди: онамнинг қариндошлари… қариндошларим!
Мудраб ўтирган чол чўчиб тушди, кўзларини очиб, норози хўмрайди, сўнг шартта терс ўгирилиб олди.
Шовқин қандай бошланган бўлса, бирданига шундай тинди. Ҳамма бир-бирига аланглар, гап-гапга қовуша қолмас, ётсираш ҳукмрон эди. Онам Омонқул амаки билан кўришаётганида барча ўзини тутолмади, аёллар ошкора йиғлади, эркаклар кўз ёшини яшириб, тескари қаради.
Онам аста энгашди, қоқсуяк кафтини ерга теккизиб, юз-кўзларига суртди:
– Етказганига шукр! – деди ўпкаси тўлиб.
Онамнинг авлоди ўзига ўхшаш суяги бузуқ, дали-ғули одамлар экан. Омонқул амаки, айниқса, менга маъқул бўлди: қизилмағиз, барваста, юрт сўраган одамлиги кўриниб турибди.
Боя негадир пайқамаган эканмиз: бекатнинг шундоқ орқасида чоғроқ бир қишлоқ бор экан. Қирқ-эллик уй қатор тизилган. Ҳовлилар теграсида девор-тош йўқ, на эшик, на қулф кўринади.
Янги топишган қариндошларимиз бизни шовқин-сурон, иззат-икром билан олиб кетишди. Ҳайҳотдек бир ҳовлига кирдик. Тумонат одам, қўйлар сўйилган, дошқозонлар қайнаган… Бу – Омонқул амакимизнинг ҳовлиси экан.
Уйма-уй, хонадонма-хонадон тинмай зиёфат.
Тўртинчи кунига бориб мен чарчадим, Раззоқ зерикди. Бироқ онам…
Эрталаб чойдан кейин аста ҳовлига чиқдик. Омонқул амакимнинг ўғли – ўттиз бешлар чамасидаги малла йигит, йўлакдаги "Белорусь"ни кавлаштираётган экан, бизни кўриб, хуш-хандон илжайди.
– Ҳа, бўла?
– Бўлар энди, Файзиқул, – дедим ҳорғин кулимсираб. – Сафаримиз ҳам қариди.
– Э, қўйинг-э, бўла! – Файзиқул қўлини мойлаттага шоша-пиша артиб, югургилаб олдимга келди. – Нима бу! Ҳали мундай бир гурунг қилганимиз ҳам йўқ.
– Мана, топишиб олдик, гурунглашаверамиз-да. Бу ёқ ишга борадиган, – дедим Раззоққа имо қилиб.
– Иш бўлаверади-да, ака, – деди Файзиқул Раззоққа юзланиб. – Ҳали сизлар ухлаб ётганингизда Бобоназар ака билан Маҳкам келиб айтиб кетди. Бир пиёла чой ичиб чиқмасангизлар, уят бўлади.
Яна "бир пиёла чой!" Яна зиёфат! Э, тавбангдан кетай! Наҳот дунёнинг бор гапи дастурхондан иборат бўлса?!
– Менга қаранг, бўла, – дедим барибир мулойим оҳангда, – биз энди бугун қайтамиз. Ҳа, бўлак иложи йўқ. Шошманг-да. Агар бизга жуда ҳиммат қилмоқчи бўлсангиз, бир айлантириб келмайсизми?
– Э-э, жоним билан-э, мана ҳозир! – Файзиқул ҳовли ўртасида турган сариқ "Жигули"га қараб юрди.
– Машинани қўйинг, бўла, – дедим енгидан тортиб. – Ҳа, шундай бир, пиёда… Йўқ-йўқ, шу маъқул. А, Раззоқ?
– Улбўсин холамни ҳам олайлик, бўлмаса? – деди Раззоқ ўйланиб.
– Унда, мен машинани опчиқай, – деди Файзиқул киссасини кавлаб.
– Қани, олдин онамдан бир сўрайлик-чи, – дедим.
Онам ичкари уйда, хотин-халаж даврасида ташвишманд ўтирган экан.
– Бир юртингизни айланиб келайлик энди, – дедим.
– Собирингни туш кўриб юрибман, – деди онам. – Тинчмикан, ишқилиб? Қайтақолсак ҳам бўларди. Кўзларинг киртайиб қопти, иссиғинг борми? – У қоқсуяк кафтини пешонамга қўйди.
Она, онажон!
– Бир айланиб келсак, девдим…
Онам айвон устунига суяниб ўтирди.
– Ўтган куни Омонқул амакинг билан атрофларни кўриб келдим.
Онамнинг қиёфаси, ранг-рафторида шу пайтгача кўринмаган хушнудлик бор эди.
– Хурсандмисиз, ахир?
– Хурсанд бўлмайманми, болам? Отамнинг мозорини зиёрат қилдим, онамнинг… Ота авлод, она авлодимнинг дийдорига тўйдим. Етказганингга шукр!
Тушдан кейин жўнар бўлдик.
Файзиқул бизни айлантириб келгани бошлади.
Қишлоқ сиртдан каттагина кўринган экан, холос. Битта узун кўча, ўн беш минутда адоғига етдик. Этакдаги сўнгги уйдан нарида чексиз-чегарасиз яланглик.
– Бундан нарида нима бор? – деб сўрадим Файзиқулдан.
– Дашт.
– Ундан нарида-чи?
– Мен бормаганман. Етимтоғ бор, дейишади.
– Жийдатепа қаерда, Жийдатепа?
– Жийдатепа? Ҳа, у… ҳув темирйўлнинг нарёғида, – деди Файзиқул кафтини пешонасига соябон қилиб.
– Борайлик, – дедим.
– Э, анча узоқ-да?
– Майли, майли.
Жийдатепа – дўппидек келадиган пастак бир тепалик экан. Ёнбошида ўтинга айланган уч туп қари жийда.
"… бир жийдазор боғки, боши-адоғи йўқ. Жийда гуллаганда ичига кирсанг, адашиб қоласан. Гуллари сап-сариқ, гуркираб ётади, бошларинг айланиб кетади…"
Онамнинг юрти!..
Наҳот онам шу яйдоқ ялангликларга, шу зебсиз масканларга умр бўйи таъриф тополмай ўтган бўлса? Шу бефайзгина овулнинг афсонамакон эканига наҳот ўзи ҳам ишонган, бизни ҳам ишонтирган бўлса?
Дарё-дарё сувлар дегани – шу бўтана ариқми?
Ҳур шамоллар дегани – шу қутурган гармселми?
Ойдин оқшом дегани – чивин тўла кечаларми?
Бир жийдазор боғ дегани…
Онамнинг қариндошлари… қариндошларим билан хўшлашдик.
Сарпо-суруқ, иззат-икром билан кузатиб қолдилар. Энди уларнинг борар ваъдасини олиб, жўнадик. Файзиқул машинасида поезд станциясигача кузатиб қўйди.
Поезд дашту биёбонларни, шаҳру қишлоқларни, поёнсиз пахтазорлар, яшил тутзорлар, боғу боғчалар, қадимий сардобалар, паст-баланд қирларни ортда қолдириб, онамнинг юртидан она юртим сари елиб бормоқда.
Нега юрагим орзиқиб кетяпти? Во ажаб! Она юрт дегани – онанинг юртигина эмас экан-да?
Чидаёлмадим, онамга кўнглимни очдим:
– Юртингиз яхши экан, она, лекин барибир ўзимизникича келмайди, а?
Онам ярқ этиб қаради, шодумон кулиб келаётган кўзларида ғалати бир ҳайрат учқунланди, узоқ ўйланди:
– Юртнинг яхши-ёмони бўлмайди, болам.
Шунда мен онамнинг безовта кўзларига тикилдим ва нигоҳим қаршисида шовуллаб ётган ҳудудсиз буғдойзорларни, ғарқ гуллаган жийдазор боғларни, зумрад адирлар узра хандон отиб кулаётган бахтиёр бир қизалоқни кўрдим!
Раззоқ дераза олдида жимгина ўтирар, таажжуб билан бизга термилиб қолган эди.
…Қишлоққа ярим кечаси етиб келдик. Ҳаммаёқ қоронғи, тоғлар, боғлар сукутда – гўё нафасини ичига ютиб, бизни хавотирланаб, интизор кутаётгандек.
Хайриддин СУЛТОНОВ