НАСР
Қамчибек Кенжа,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси
Кулча Ҳикоялар
Алла
Энг сўнгги урфдаги заррин, тор ва “ёқавайрон” либосларга бурканган, қулоқларию бармоқлари тилло тақинчоқлар билан мукаммал “жиҳозланган”, юз-кўзлари бўёқлар остида асл ранги ва жозибасидан аллақачонлар мосуво бўлган ёшгина жувон гулдор ёғоч панжарали, тўртбурчак беланчакдаги ялтироқ шойи матоларга ўралган боласини дам тебратар, дам қўлига олиб елим идишчадаги сутни митти оғизчасига тутар, аммо чақалоқ заифгина йиғидан – ғингшишдан тўхтамасди. Диққати ошган келинчак йиғи аралаш минғирлаб, беланчакни жаҳл билан бир силтади-да, парёстиққа ёнбошлаганча, телевизорнинг овозини паст қўйиб, футбол кўраётган эрига нима қилсам бўларкин, деган маънода, нажот илинжида тикилди.
– Алла айтиб кўринг, – деди ота ўйиндан чалғигиси келмай, бепарволик билан.
– Нима, мен сизга яллачиманми?! – деди ёш она энсаси қотгандай...
– Ялламас, пошахон, қулоқми у ё пўстакнинг тешигими? Алла деяпман, алла.
Келинчак эрининг кўзига бироз гезарган алфозда тикилди:
– Алла? Нима у алла?!.
Д У О
Маҳаллада “ўтириб қолган” – ёши ўттизларга борган бир қиз бор эди. Икки опаси турмушга чиқиб кетган, онаси иккови яшашарди. Камгап, аммо хушмуомала ва ўта меҳнаткаш эди – даладан гоҳ бошида, гоҳ орқалаб, сигирларига ўт таширди, чунки уларнинг бор-йўқ тирикчилиги ана шу сигир ва унинг сут-қатиғидан эди.
Фақат Яратган эгам унга қиз бола учун ош-нондан ҳам зарур ҳусн деган тансиқ неъматдан сал камроқ ато этган: ўрта бўйдан сал пастроқ, хипчагина, қолмишига, у ўзига унча қарамас, кўпинча сочлари пахмайиб юрарди. Доим энкайганича, терлаб-пишиб ўт ташиб, мол тагини тозалаб юрадиган одамнинг энгил-боши қанақа бўлишию ундан қандай бўй таралиб туришини тасаввур қилиш, менимча, унча қийин эмас.
Унга маҳалладаги ҳамма аёллар ачинишар, ер остидан зимдан назар солишаркан, бош чайқаб қўйишар, бечоранинг бахти очилишини сидқидилдан тилашарди. Чунки у меҳнаткашлигидан ташқари, оғир-босиқ, кўча-кўйда беҳуда юрмас, маҳалланинг сумалак пишириш ва бошқа тадбирларида ҳаммадан кўпроқ жонбозлик кўрсатарди. Ана шундай тадбирлар чоғида шўх қиз-жувонлар томонидан уюштириладиган хонаки “консерт”ларда ҳам бошқаларга ўхшаб ликиллаб ўйнайвермасди.
Яқинда ўша қизга совчи келган эди, бу хушхабар яшин тезлигида маҳаллага тарқалди.
– Куёв бўлмиш уйланмаган йигит экан.
– Ўзларига тўққина оиладан дейишяпти.
– Кўринишиям чаккимасимиш...
Бутун маҳалла бахтини берсин, деб уни қайта-қайта дуо қилишди.
КЎЗГУ
Эй, кўзгу, нега сен олифтагарчилик қилиб, баъзи аёллар, қизларни ранжитасан? Нимага уларнинг чеҳра-қиёфаларини улар истагандай кўрсатиб қўя қолмайсан? Ё не-не соҳибжамоллар ҳам менга юкинади, деб ўзингдан кетиб, таъна-маломатга қолганинг маъқулми сенга? Ўзи сени одамзод яратган бўлса! Сен уларнинг бирини ундай, бирини бундай кўрсатасан. Ўзингча ҳақгўйман, борини кўрсатаман, дейсан-да. Балки, “Афтинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, деган мақолни ҳам бандаларга сен ўргатгандирсан-да – ўзингни оқлаш учун. Мана, ҳақиқатгўйлигингнинг “шарофати” – бир четга ташлаб қўйишибди, ётибсан ҳаммаёғингни чанг босиб. Шундан ҳам хулоса чиқармайсанми? Ахир, муросаи мадора деган гаплар бор, қолаверса, ҳозир ким ҳақиқат қоидасига амал қиляптики, сен риоя этсанг?! Бировларнинг иши тушиб турадиган нарсага ҳақиқатпарастликни ким қўйибди! Ўзингга қийин қиласан, холос. Бунақада ҳаётдан ҳам орқада қоласан, мана шунақа пана-пастқам жойларда ётаверасан иззату икромдан мосуво этилиб. Ўзингни ёмон кўрсатиб нима зарил сенга? Сал қўшиб-чатиб, тузукроқ кўрсатиб қўявер. Сендан нима кетарди, ё бирон жойинг камайиб қолармиди? Ахир ҳамма жабҳада шундай қилишади-ку. Барибир қачондир шундай авлодинг яратилади, унгача сен бу ишни баҳоли қудрат уддалаб, яъни одамларни иложи борича кўркамроқ, чиройлироқ кўрсатиб туравермайсанми, сени чиннидай ярқиратиб, тўрига қўйиб қўйишмайдими, сен қаддингни ғоз тутиб турмайсанми, ҳамма ёнингдан кетолмай қолмайдими!.. Хўш, нима дейсан?
Кўзгу лом-мим демади. Афтидан, у сўзларимни тарозига солиб кўрмоқда эди. Аммо сукут – аломати ризо, деган гап ҳам бор. Яна, билмадим...
ТЕЛЕФОНДАГИ ЙИҒИ
Кечқурун хонада бир ўзим китоб варақлаб ўтирган эдим, телефон бехосдан қисқа жирингладию, тўхтади. Қизларимдан ё бошқа яқинларимдан бири гудок ташлади, шекилли, деб рақамларга ҳам қараб-қарамай қайтариш учун беихтиёр мобил тугмачасини босдим. Аммо мен “Ким бу?” дейишга улгурмасимдан гўшакдан қиз боланинг “Кечирасиз, адашибман”, деган майин овози келди.
– Майли, шунақасиям бўлади, қизим, – дедиму сўзлашгични ўчирдим.
Шу заҳоти қўнғироқ яна чалинди. “Энди буниси ким бўлди экан”, деб қулоғимга тутдим.
– Ҳозирги сўзингизни яна бир қайтарворинг, – деди бояги товуш эгаси ҳовлиққаннамо.
Ҳушёр тортдим. Ножўя гап айтмадим, шекилли, деган гумонни хаёлимдан ўтказдиму шоша-пиша сўрадим:
– Нима дедим? Қайси сўзимни?
– “Қизим...” деган сўзингизни... – нариги ҳудуддаги сас бирдан
сустлашгандай, маҳзунлашгандай туюлди.
– Бўпти, қизим, бирмас, бир неча марта айтганим бўлсин, қизим, – дедим енгил нафас олиб.
– Бу сўзни анчадан бери эшитмай қўювдим, раҳмат сизга...
Шундан кейин паст товушда йиғи саси келди-ю, телефон ўчиб қолди. Қайта қўнғироқ қилишга юрагим бетламади.
КЕЧИККАН ЎТИНЧ
Эллик йиллар муқаддам улар бир-бирларининг кўйида Юсуф ва Зулайҳодек куйишган, аммо тақдир уларни бир-бирларига раво кўрмаган эди. Бир куни эркакдан элчи келди.
– Ҳай, эгачи, фалончи сизни узоқдан бўлсаям бир кўрсам, деяпти.
Аёлнинг киртайган кўзлари бир чарақладию, бош чайқади.
– Мениям уни жуда кўргим келади, лекин... Кўринишни хоҳламайман.
М А Н Т И Қ
– Сиз эркаклар, ҳаммангиз ҳам шунақасизлар, – деди жувон димоғ-фироқ билан, – сизларга сал кулиб қўйса, бўлди, дарров тилларинг ё қўлларингга эрк берасизлар...
– Биз жуда кўпчиликмизми? – сўради эркак.
Аёл қизариб кетди.
АМАЛДОРНИНГ ҚИЗИ
– Оғайни, қайнотанг амалдорликдан тушиб чатоқ бўлди-да, а?
– Қайнотамнинг амалдорликдан тушгани унчамас-у, хотиннинг амалдорнинг қизилигидан тушмаётгани чатоқ бўляпти.
ҚИЗЛАР СУҲБАТИДАН
– Йигитларга, турқи тароватига ажабланибми, биронтасига ўхшатибми ё беихтиёрми, бир назар ташлаб қўйсанг, бас, бир балоси бор, шекилли, деб, дарров изингдан тушишади ё гап отишади.
– Нимасини айтасиз, жиддий, сипо юрсанг, писмиқ, совуқ дейишади, шўхроқ бўлсанг, шарм-ҳаёси кам, ўзини тутишни билмайди, деб минғирлашади. Ё сиз айтгандай, бир балоси бор, деб, кўз сузишади. Бир нарса десанг, яна хафаям бўлишади. Бир куни биттасини бопладим. Бекатда турсам, жа тикилиб, сузилиб қолди. Ўзи қоратаппи бир нарса.
– Ҳа, гапингиз бормиди, оппоқ йигит, – дедим.
– Йўқ, йўқ, – деб жилворди.
– Ўл-а, қалай экансан, сузилишдан олдин айтадиган гапингни ўйлаб олмайсанми, – дедим. Ичимда маза қилиб кулибман.