Яхшилар ёди
Хулкар
Эссе
Ҳаёт йўлларимда йўлдош бўлган азиз инсонларимнинг кўпи энди абадият оламига кўчиб кетишди. Уларни жуда соғинаман, хаёлан улар билан суҳбатлашиб, соғинчларимга таскин топгандек бўламан.
Пойтахтимиз Самарқандга кўчган ўша ўттизинчи йиллардаёқ отам (Ғафур Ғулом) ёш бўлса-да, элу юртга танилиб қолган шоир Ҳамид Олимжон билан дўстлашиб кетишган. Биринчи марта шоирнинг оналари Комила аяни кўргани борганларидаёқ уларга ОНА деб мурожаат қилган эканлар. Балки, онаизорларидан эрта жудо бўлиб, “Она” дейишга зор бўлиб шундай дегандирлар...
Оталаримизнинг қадрдонлиги боис биз бу оила билан жуда яқин бўлиб кетганмиз. (Дадамнинг “Ҳамидни эслаб”хотира битикларида бу ҳақида батафсил ёзилган.) Айниқса, Ҳамид Олимжон амаким фожиали ҳалок бўлганларидан кейин дадам Зулфия опамларга ака ўрнида ака бўлганлар. Фарзандлари Ҳулкар ва Омондан, Комила ая ва уларнинг қизлари, ўғиллари аҳволидан ҳамиша хабардор бўлиб турганлар.
Шу туфайли бўлса керак, болалигимданоқ Ҳулкарни опанг,Омонни уканг деб ўргатишган ва ўзим ҳам шу ҳақиқат билан катта бўлганман.
Ҳали гўдаклигимиздаёқ Ҳулкар ва Омонлар билан бирга арча байрамларига борганмиз. Аям, Зулфия опамлар бизни бошлаб борганлари эсимда. Бу оила билан шу қадар яқин бўлиб кетганмизки, кейинчалик дадам Саҳобат опамни аммаларининг ўғли Ҳосил акага, Муҳаббат опамларни сингиллари Баҳри аммамнинг ўғлилари Дарвин акамга келин қилиб олиб берган эдилар. Дўстлигимиз шу тарзда қариндошликка айланиб кетган.
Ҳулкар мактабни тугатиб, Москвага ўқишга кетди.Зулфия опам қизларини жуда соғинардилар, тез-тез аямдан сўраб мени уйларига олиб кетардилар. “Олмос ёнимда қушчалардек чуғурлаб юрса, бас, соғинчим сал нари кетади”, дердилар. Бундай кунлар фақат шоира учун эмас, мен учун ҳам завқли эди. Зулфия опам ижод билан банд бўлганларида бой кутубхоналаридаги китобларни томоша қилардим.Ўзимизнинг ҳам кутубхонамиз ниҳоятда катта эди. Баҳри аммам “Ўзбекистон китоб савдоси” деб аталадиган ташкилотни бошқарар эди, қанақа янги китоб чиқса, дадамга олиб келиб берардилар.
Учинчи курсдан сўнг Ҳулкар ўқишини Тошкентга кўчирди. Унинг русийзабон бўлишини хоҳламаган онаси, “Менинг, дадасининг шеърларини таржимада ўқиб юрадими, китобни аслиятда ўқиганга ҳеч нарса етмайди”, дер эдилар.
Ҳулкар билан ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида олдинма-кейин ўқидик. У филология факультетининг ўзбек бўлимида, мен эса шу факультетнинг журналистика бўлимида таҳсил олганмиз. Дарслар тиғиз бўлмаса, деярли, ҳар куни учрашардик. Бир суҳбатга тушиб кетсак, гапимиз тамом бўлмасди, бир-биримизнинг уйимизга “борди-келди”ларимиз ҳам тезлашиб кетди. Айниқса, Зулфия опам сафарларга кетганларида ётиб ҳам қолардим. Зулфия опамнинг кийимларини кийиб кўрамиз, китоб ўқиймиз, радио эшитамиз. Кўрган кино,театрларимизнинг ёққан жойини ролга кириб бир-биримизга кўрсатамиз. Ҳеч зерикмаймиз.Ўзимизга яхшигина бино ҳам қўйганмиз. Оталаримиз катта шоир бўлишгани учун эмас,шунчаки расида қизларда бўладиган кайфият бўлса керак.
Ўша йиллари ёшлар орасида ҳинд фильмларига ишқибозлик жуда кучайиб кетган эди.
Тошкентга машҳур ҳинд раққосаси Вайжантемала келган эди. Томошаларни бутун пойтахт жуда катта қизиқиш билан кутиб турар эди. Унинг концертига дадам Ҳулкар иккаламизга билет олиб келган эдилар, бирга бордик.
Дугонам ҳар доимгидек жуда чиройли, эгнидаги гулдор ипак кўйлаги ўзига жуда ярашиб турар эди. Сочлари охирги русумда турмакланган, бўй-басти келишган, отасига ҳам, онасига ҳам ўхшаб кетарди.
Биз бироз кечиккан эдик.
Олдимиздаги қаторда Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё опа ўтиришган экан. Опа ҳамроҳининг қулоқларига бир нарса деб пичирладилар, шунда Абдулла амаки менга қараб: (эшитсин деб бўлса керак)
– Қизининг бурни худди отасиникидек “Ғафуровский” бўлибди-ю... – дедилар.
Яна Ҳулкар ҳақида ҳам бир нарса дедилару, мен эшитмай қолдим.
Саҳнанинг икки ёғида чолғучилар ўтириб ҳиндларнинг “Дайди”, “Ганга” каби фильмларида кўриб, эшитганимиз Лата Мундишкар деган хонандалари ашула айта бошлади. Ялтир-юлтур чопонга ўхшаган кийимда, бошларига ҳар хил рангли саллалар ўраган, пешонасига қизил хол қўйиб, бурунларига булоқи тақишган йигитлар жўр бўлишди. Шокилалар осилган зираги елкасига тушиб турган гўзал раққоса бетакрор ҳаракатлари билан рақсга туша бошлади. Ҳамма ҳайратда, бутун вужудимиз кўзга айланган, мафтунмиз.
Танаффуссиз, икки соат концерт кўрибмиз. Ҳулкарларникига чопдик.
Зулфия опам бизни кутиб ўтирган эканлар.
Таассуротларимизни айтиб тамомлай олмаймиз.Шунда Абдулла Қаҳҳорнинг айтган гаплари эсимга тушиб Зулфия опамларга:
– Менинг бурним жуда каттами? – дедим.
– Вой, жоним, ўзингга ярашиб туради. Ҳинд қизларининг бурни ҳам чимчилагандек бўлмайди, кўргандирсан, Ҳулкарники ҳам дадасиникига ўхшаб кетади, пучуқ бўлсаларинг ярашмас эди, – деб мени юпатган бўлдилар. Ҳулкар чой дамлаб келиб:
– Нима деяпсизлар? – деб қизиқди.
Онаси:
– Ҳеч, – деб қўяқолдилар.
Чой ичиб ўтириб нималарнидир гапиришиб роса кулишдик. Ҳикоя қилиш тарзим шоирага маъқул келаркан, шекилли:
– Олмос, шу айтганларингни ёза оласанми? – дедилар.
– Қайдам, ёзиб кўришим керак, – дедим. (Ўша вақтларда мен газеталарга кичик хабар, репортажлар, укаларимнинг қизиқ-қизиқ гапларини ёзиб юрардим. “Саодат” журналида ҳам чиққан эди.)
– Ёзгин-чи, – дедилар. Мен “хўп” ишорасини қилдим-у, кўпгина ёшлик ваъдаларидек, бу галгиси ҳам хотирдан фаромуш бўлиб кетди.
Вақти-соати етиб, Ҳулкарни Ойбек домланинг ўғлиларига унаштиришди. Муҳаббат фаслининг чиройли кунлари бошланиб кетди. Омонбек Москвада аспирантурада ўқир эдилар, сал бўш бўлсалар Тошкентга келар, лаҳзалар дийдор қувончлари билан тўларди.
Орадан кўп ўтмай тўйлари бўлди, дадам иккаламиз қатнашдик.
Тўйдан кейин аям билан Ойбек домланинг уйига “Келин муборак бўлсин”га бордик. Ҳулкарга келинлик ярашган, жуда очилиб кетган, югуриб-елиб хизмат қилиб юрибди, аввалгидек гапириша олмадик. Телефон қилишга ҳам хижолат қиламан. Аям: “Ҳадеб телефон қилиб безовта қилаверма, бош келин, катта оила, келди-кетди кўп, уят бўлади”, – дердилар. Аям Ойбек домлани, Зарифа опани жуда ҳурмат қилар эдилар.
Ўқишни тугатгач, турмушга чиқдим. Ҳулкарнинг иккинчи қизи туғилган эди, тўйимда иштирок эта олмади. Зулфия опам тўйимизга келдилар.
Тўйдан сўнг икки ой ҳам ўтмай бошимга фалокат тушди, бир йил шифохонама- шифохона ётиб даволаниб, Москвадан келганимда ҳам ҳали буткул соғаймаган эдим.
Қудрат акам билан Арпапоядаги уйимизда яшай бошладик.
Ҳулкарнинг тўнғичи юриб кетган, Лола қизи ҳам туғилган, ўзи аспирантурада ўқийди, диссертацияси устида ишлайди, иши кўп. Вақтимиз бўлса телефонда гапиришамиз.Кўриша олмаймиз. Ҳулкар болаларидан ортмайди, мен уникига борсам овора бўлади, дейман.
Аввал Дурбек, сўнг Жўрабек ўғлим туғилди. Қудрат акага ишларидан уй беришди. Энди мен уй бекаси, ишим кўп, уй ишлари билан ўралашиб, ҳатто ёзганларимни редакцияларга олиб боришга ҳам вақтим бўлмайди. Ҳулкар ҳам шу: жуда соғинсак ров кўришамиз, кўпроқ телефонда гапиришамиз.
Апрель ойида ер қаттиқ қимирлади.
Дадам Холида опам ва Қорасарой маҳалласидаги яқинларидан хабар олиб келдилар. Кейин Ойбек домланикига бораман, деган эдилар:
– Мен ҳам сиз билан бораман, – дедим. Бирга кетдик.
Хайрият, ҳамма саломат экан. Мен Ҳулкар ва болаларидан хавотирда эдим. Улар Зулфия опамлардан хабар олгани кетишган экан.
Ер қимирлаш Тошкент халқини бесаранжом қилди, эски, лой ғиштдан қурилган уйлар босиб қолиб ҳалок бўлганларнинг саноғи йўқ.
Бу дард халқимизни жонидан ҳам яхши кўрадиган дадам Ғафур Ғуломни орамиздан олиб кетди... (Бу фожеа ҳақида “Зилзила” эсдалигимда ёзганман.)
Қаторларидан хато бўлиб Шайх (Мақсуд Шайхзода) амаким, улардан кейин Ойбек домла, Абдулла Қаҳҳор кетдилар. Бу йўқотишлар изтиробини ҳозир эсласам ҳам жисму жонимда оғриқ туради.
Лекин ҳаёт давом этади...
1969 йилда Ҳулкар Фотима-Ҳусан – эгиз фарзандлар кўрди. Табриклаб келдик.
Шу йилда Қудрат акамни Сирдарёга ишга юборишди. Олти йил Гулистонда яшадик, ўша йиллар “Сирдарё ҳақиқати” газетасида бир нечта ҳикояларим эълон қилинди. “Муштум” журнали ҳажвий ҳикояларимни чоп этди. Тошкентга келганимда “Саодат” журналига ҳам ёзганларимни олиб келиб Зулфия опамларни кўриб кетардим. Баъзан Ҳулкар билан ҳам учрашардим. Икки ўғилдан сўнг қиз фарзанд кўрдик. Шунда Зулфия опам Гавҳаршодни (Бу исмни қўйишни дадам васият қилган эдилар) алоҳида келиб кўриб кетган эдилар.
Фарзандларимиз ўзларини тутиб олишганда дадамнинг 80 йиллик юбилейлари нишонланди. Шу муносабат билан 1983 йилнинг 7 апрель санасида Фарғона водийсида адабиёт байрами бўлди. Бу байрамда машҳур шоирлар, адабиётшунослар, ёзувчилар билан бир қаторда ёш ижодкорлар ҳам бор эди.
Байрам кунлари қаерга борсак, Ҳулкар билан бирга бордик. Туну кунларни бирга ўтказдик. Гўё қадрдон дўст бўлган оталаримизнинг байрамларини бирга нишонлаётгандай эдик. Улар ҳақида соғинч билан, ҳурмат билан хотиралар гапирдик, шеърларидан ўқидик.
Ҳамид Олимжонга Қувада ҳайкал қўйилганида Ҳулкарнинг қувонганини кўрсангиз эди... Худди отаси тирилиб келгандек... Учрашувдан сўнг яна бизга берилган хонада овозимизнинг борича оталаримизнинг шеърларидан навбатма-навбат ўқидик. Йиғладик, юпандик, фахрландик...
Учрашувларда фарғоналик мухлислар биз билмаган хотираларни ҳам гапириб беришди. Қандай ажойиб инсонларнинг фарзандлари бўлганимиз шу хотиралардан яна ҳам ойдинлашди. Бошимиз кўкка етди.
Фарғона сафари биз – икки дугона учун ҳаёт китобимизнинг унутилмас саҳифалари бўлиб қолди. Худди болалигимизга қайтгандек бўлдик.
Ҳулкар ўзбекчада бувисига ўхшатиб Жиззах шевасида гапирарди. Чўнтакни кисса, майизни кишмиш, дерди. Дугонам бувисини жуда яхши кўрар эди. Комила ая Ҳамид акадан сўнг улар билан яшаганлар. Ҳулкар, Омон аянинг тарбияларини ҳам олишган.
Ҳулкарнинг бирор марта ҳам “отам йўқ” деганини эшитган эмасман. Ҳар доим ўзини отаси бордек тутар эди.Нолимас эди. Зулфия опам уни шундай тарбиялаган бўлсалар керак. Оналаридаги ғурур, матонат қизига ҳам ўтган эди.
У бировларнинг орқасидан гапирганларни ёмон кўрар эди. Ҳамиша тўғрисўз бўлган. Хушомад, мақтанчоқликни ёқтирмасди. Адабиётшунос, университет ўқитувчиси сифатида жамиятда ўзига хос ўрни, мавқеи бор эди. У узоқ йиллар ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида дарс берди. Бугун қанчадан-қанча шогирдлари юртимизнинг турли гўшаларида устозларидан олган билимларини ёшлар тафаккурига муҳрламоқда. Ҳулкар Ҳамид Олимжон ва Зулфия опамларнинг шеърларини учрашувларда, талабалар олдида шунақа чиройли ўқирдики, эшитганлар ўша шеърларни топиб яна ўзи ўқигиси келар эди.
Зулфия опам 1996 йилда абадиятга кетдилар, 2000 йили Омонбек ака – Ҳулкарнинг рафиғи бу ёруғ оламни тарк этди. Сўнг Ҳусан ўғли онасини сўнгсиз айрилиққа ташлаб кетди. Бу ғамлар Ҳулкарнинг метин бардошини емирди.
Зулфия опамларга ҳайкал қўйилганда дардларига бироз бўлса-да таскин топгандай бўлди..
2017 йилда Ҳулкар ҳам бу фоний дунёдан абадиятга кўчди. Кўп ўтмай укаси Омон ҳам узоқ касалликдан сўнг вафот этди.
Бир йилдан сўнг Ҳамид Олимжоннинг 110 йиллик юбилейлари нишонланди.
Минг афсуски, на Ҳулкар, на Омон оталарининг бу маросимларида иштирок эта олмадилар. Фақат улар камолга етказган фарзанд, набираларга насиб этди боболарининг шаънига айтилган қутлуғ сўзларни тинглаш. Бунга ҳам шукур.
Ҳулкар, азизам, сенга юлдузнинг номини беришган эдилар-ку, уларнинг биттаси бўлиб осмону фалакларга учиб кетдингми? Онангу отанг улуғланган шаън давралар тўрида ўтирсанг ярашмасмиди? Ёнингда дўст бўлиб қувониб турсам бўларди-ку. Шеър ўқиганингда жаранглаб кетадиган овозларингни соғинаман.
Ҳулкар, сени кўргим келади...
Олмос АҲМЕДОВА