Наср 19.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ТУПРОҚҚА КЎМИЛДИ МЕНИНГ ИЛДИЗИМ...

 

Жаннатим онам

ТУПРОҚҚА КЎМИЛДИ  МЕНИНГ ИЛДИЗИМ...

        Матбуотчилар кўчаси 32-уй. Шеърларимни бир қучоқ гулдек кўтариб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига олиб бордим. Ичкарида телефонда гаплашаётган Рустам аканинг овози  йўлакка эшитилиб турар, қия эшикдан мени кўриб имлади, ичкарига кирдим. Ноқулай бўлса-да, суҳбатни эшитиб, тўғрироғи, кутиб турибман. Рустам ака нариги тарафдан келаётган аёл кишининг сўзларини гап эшитаётган боладек хайрихоҳлик билан тинглаяпти, сўнг мени куттирмаслик учунми, “Хўп, эна, хўп майли” дея гўшакни қўйди, сўнг, “энамга хўп демасак бўлмайди”, деди кулиб каминага юзланаркан. Йиллар давомида устоз ижодкор билан кўп жабҳада йўлларимиз кесишди, ижод ҳақидаги суҳбатларидан баҳраманд бўлдик. Лекин бугун устоз ижодкорнинг ўша ўктам, дилбар онаси ҳақида гурунглашишни дилга тугдик. Демак, бу гал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон билан суҳбатлашамиз. 

– Болалик қайтиб келмас тушдек, гўё.  Бу мунаввар тушни киши бир умр соғиниб яшаса керак. Қашқадарё вилоятида кечган ўша маъсум дамларни эсласак.

– Китоб туманининг Яккатут қишлоғида туғилганман. Онам қишлоқ тиббиёт бўлинмасида “санитарка” бўлиб ишларди. Мени ўзи билан ишга олиб борарди.

      Дунёни англай бошлаган болалигимни эслайман. Онам ишлайдиган қишлоқ тиббиёт бўлинмаси ёнида 6-бригаданинг шийпони бўларди. Далага пахта теримига чиққан ёш оналар гўдакларини шийпондаги яслига топшириб кетишади. Онам ҳам ясли момога ташлаб кетаётган пайт оёқ-қўлларимни типирчилатиб, қаттиқ хархаша қиламан. Қаёқда. Эшик занжирлаб ёпилади-ю, ясли момонинг қўлига тушаман. Мусурмон бобомнинг укаси Бердимурод бобомнинг аёли яслида болаларга қараб қолади. Бола хаёлимда ясли момо жуда бешафқат ва раҳмсиз туюлади менга. Чунки онамдан айрилишни хоҳламас эдим-да. Эшик очилиши билан эмаклаб, остонадан ўтаман. Бригада ишчилари терилган пахтани шийпон олдидаги майдонда бетон устига ёйиб қуритишаётган бўлади. Уларнинг ичида отамнинг акаси Жовли бобо ҳам бор. Менинг эмаклаб юрганимни кўрган бобом: “Ҳаҳ, бешоёқ! Бешоёқ!” деб эркалайди. Исмимни айтиб: “Рустамбой!” дейди. Бобомнинг яхши гапига ишониб, унга ҳасрат қиламан:

– Бобо, онамни чақириб беринг!

Жовли бобо:

– Нима деб чақирай? – дейди.

Мен бобомга ишонаман. Дардимни айтаман. Онамнинг исмини қўшиб гапираман. Бор овозда бақираман:

– Зайнаб-уввв, кела-ғооой!  деб айтинг, дейман.

Кулади: “Ҳа, боланг жилағир!” – дейди.

      Эҳтимол, бўталоқдек бўзлаб, ташналик билан онамни чақирган гўдаклик пайтларимда кейинчалик шеърларимга сингиб кетган “Ҳувв-ҳуввв” деган тақлид товушларни илк бор ўргангандирман.

– Сизнинг кўнгил одамига айланиб, шоир бўлиб диллардан жой олишингизда волидангизнинг ҳадсиз дуолари билан бирга, улардаги адабиётга меҳр ҳам сабаб бўлган бўлса, ажабмас.

– Ҳа, албатта. Менинг адабиётга меҳрим ота-онам туфайли уйғонган. Онамнинг аллалари, менга айтиб берган эртаклари ва менга бўлган чексиз меҳри адабиётга бўлган қизиқишимни ўт олдирган. Улар мени ниҳоятда яхши кўришар эди. Ҳали мактабга бормасимдан, 5 ёшимда “Алифбе” ёзувларини ўргатган. Отам ўқитувчи бўлган. Онам далада пахта терган, қишлоғимиздаги тиббиёт бўлимида, мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Отам ишга кетгунича менга китобдан топшириқ берар, онам эса назорат қилар эди. Ўйинга берилиб, айтилган ҳарфларни ҳуснихат қилиб ёзмасам, ё бирон матнни ўқимасам,  жуда қаттиқ  койиш эшитардим. Волидам эса ҳар доим менинг ёнимни оларди.  

      Оиламиз серфарзанд, беш ўғил ва етти қиз – ўн икки ака-сингиллар бир хонадонда ўсиб-улғайганмиз. Мен тўнғич ўғил эдим, мендан сўнг кетма-кет тўрт қиз – Рисолат, Меҳринисо, Нодира, Зулфия туғилган. Оиламизга ўғил укача келишини жуда истардим. Бир сафар яна қиз туғилди, онам туғуруқхонадан чақалоқни олиб келганида улар билан кўришмасдан, сандалнинг кўрпасига бошимни буркаб, аразлаб ётиб олиб, йиғлаганим ёдимда. Кейин қатор ука-сингилларим  Маҳмуд, Музаффар, Искандар, Наргиза, Ҳулкар, Тўлқин, Гавҳарлар дунёга келди. Кейинчалик сингилларим билан ўғил болалардек яқин дўст бўлиб кетганмиз. Айниқса, ўзимдан кейинги синглим Рисолат билан кўчада ҳам, уйда ҳам ҳамиша бирга юрардик.

      Онам ниҳоятда чаққон ва чиройли аёл эдилар. Пахтани ҳаммадан кўп терарди. Қанча опа-сингиллар чеварликда баҳслашиб, онамга етишолмаган.   Уйдаги муҳит туфайли китобга меҳр қўйиб улғайдим. Мен яхши кўрган китобларни онам кўз қорачиғидек асрар, китоб ўқиётган пайтим менга  иш буюрмас эдилар.

      Аммамнинг Ҳазрат исмли тўнғич ўғли санъатсевар эди. Рубоб чалиб, қўшиқ айтар, мен тенги укаси Олтибой ҳам рубоб чалишни ўрганиб олганига ҳавасим келди. Уйга келиб онамнинг ёғоч чўмичидан ўзимча рубоб ясадим. Чўмичнинг чуқур косасининг четларидан кесиб, метрли оқ резинка ичидаги сариқ чўзилувчи толаларидан олиб, ҳалиги кесилган жойларга қистирдим. Уларни чўмич дастаси бўйлаб узун тортиб жойлаштириб, дастанинг охиридаги қайрилган илгичга маҳкамладим. Хуллас, чўмич рубобга ўхшаб қолди. Мен уни тинғир-тинғир қилиб, чалиб юрдим. Буни кўрган онаизорим сўроқсиз қилган ишим учун мени койиш ўрнига отам билан бамаслаҳат рубоб олиб беришган.

– Ортда  қолаётган йўл гўзал хотиралар билан бирга мислсиз армонларга ҳам эш. Агар фурсат ортга қайтса, онангизни қайси ниятларига етказардингиз?

– Шамоллаб касал бўлиб қолганимда онам мени елкасига опичиб, уйимиздан дўхтирхонага олиб бориб келарди. Бештераклик Рисолат опа деган дўхтир пенициллиндан укол қилиб қўярди.

– Опа, сиз ҳозир кап-катта  Рустамбойни елкангизда кўтариб юрибсиз. Ҳали у  ҳам сизни кўтариб юради-да, насиб бўлса, – дерди кулиб.

     Мен дўхтирхонадан то катта йўлнинг муюлишигача пиқиллаб йиғлаб келдим.

– Нега йиғлаяпсан? – деб сўрайди онам.

– Мен сизни кўтармайман! – дейман.

– Кўтармасанг, кўтарма! Ким сенга мени кўтарасан, деб айтди?

– Рисолат опа айтди-ку, Рустам сизни кўтаради деб, – дейман. Ув-ув йиғлайман. – Мен сизни қандай қилиб кўтараман? Кичкинаман-ку!

Онам кулиб юборади:

– Вой болам, сен тузалиб кетсанг бўлди! Ўзим сени кўтараман, йиғлама!

      Улғайиб, мактабни битирганимдан кейин эса, шоир акамиз Равшан Файз айтганидек, “Орзу-ҳавас деган танти ел” мени онамнинг бағридан юлиб, Тошкентга учириб кетди. Биринчи йил ўқишдан “йиқилдим”, ундан сўнг икки йиллик аскарлик хизмати. Хуллас, бир-неча йиллик ҳаёт синовларидан сўнг талаба бўлдим. Тақдир менинг ризқу насибамни қишлоғимиздан олис шаҳарга сочган экан, ўқишни битирганимдан сўнг ҳам пойтахтда қолиб кетдим. Жигарларимни кўргани борардим, албатта, лекин барибир дийдор соғинчи билан яшадик. Истаган пайтларида меҳрибонларимнинг ёнларида бўлолмадим.

      2013 йили ёз фаслининг охирларида қишлоқдан хабар келди. Онамнинг тоби қочибди, ҳамшира бўлиб ишлайдиган Рисолат синглимнинг уйида ётган эмиш. Шифохонага олиб борайлик десалар, кўнмасмиш. Қатъий бир талабни айтиб туриб олибдилар: “Токи, Рустам келмагунича бу уйдан шифохонага бормайман!”

       Онам жуда соғлом аёл эди. Бутун умри бўйи шифохонада ётиб даволанмаган. Ғайратлари жисму жонига сиғмасди. Ҳамма ёқ саранжон-саришта, томорқанинг экин экилган жўяклари найдай. Ҳовлимиз гулларга, райҳонларга тўла. Соғин сигир, бойлаб боқилаётган жониворлар онам яхши боққанидан ялтиллаб семириб кетган. Рўзғоримизнинг файз-баракаси эдилар. Кечқурун йўлга чиқдим. Йўл-йўлакай Жиззахдан уч-тўртта обиноввот қовунидан олдим. Ярим тундан ўтиб етиб борсак, мушфиғим ухламаган экан. Чироқ ўчган. Шам ёруғида синглим дастурхон ёзди. Қовуннинг биттасини тилимладик. Онам ҳеч нима емаётган эканлар. Бир карч олиб, сал шимидилар. “Оҳ, бундай ширин экан. Ҳозир еёлмайман. Бутун турган қовунларни олиб қўйинглар, шифохонадан келганимдан кейин ейман...” – дедилар. Ичимдан зил кетдим. Кўнглимдан: “Онажон, шу қовунларни сиз соғ-омон пайтингизда олиб келиб едирсам бўлмасмиди?!” деган ўкинч ўтди.

– Онажон, мана бу қовунларни сизга олиб қўямиз, – дедик.

      Тонгга яқин онамни шифохонага олиб бордик.

      Минг афсуски, уйда қолган ширин қовунларни ейиш насиб этмади...     

     Қанийди, онам ҳаёт бўлганларида, бошимга кўтариб юрган бўлардим...

 

Дарахт каби гуллаб-яшнайди одам,

Ота билан она бахш этур умр.

Униб-ўсиб фарзанд кўргай дарахт ҳам,

Одам ҳам тупроққа отгайдир томир.

 

Дарахтни йиқолмас шамол, сел, бўрон,

Шохлари бўй чўзиб юксалар кўкка.

Ер остига кирар томири теран,

Дарахтни илдизи ушлайди тикка.

 

Баҳорда дарахтим гуллар, кўнглим тўқ,

Ширин меваларим ўғлим ва қизим.

Фақат бир армоним – энди онам йўқ,

Тупроққа кўмилди менинг илдизим.

 

      2016 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" унвони билан мукофотландим. Шу унвон имтиёзидан фойдаланиб, умр йўлдошим билан 2-сонли ҳукумат шифохонасида даволандик. Ўша ердаги суҳбат жараёнида:

– Ота-онангиз ҳам сизга берилган имтиёздан фойдаланиб, ҳукумат шифохонасида даволаниши мумкин, – деган гапни эшитиб, “Воҳ!” деб юбордим. Минг афсуски, бу вақтда уларнинг иккови ҳам ёнимда йўқ эди...

– Шайх Али Тантовийнинг “Эй, қизим” номли китобида “Жаҳолатнинг ягона қўрқуви аёлдир. Чунки аёл ўрганса, фарзандига ҳам ўргатади”, деган фикри бор. Бугун ҳаётимизда тўкинлик ортиб бораётган паллада кўнглимиз, маънавиятимиз қашшоқлашиб бораётгандек, назаримда...

– Аёл нафақат инсонни дунёга келтиради, балки, уни шахс қилиб тарбиялайди, вояга етказади ва оёққа қўяди. Шунинг учун ҳам давлатимизда хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, энг биринчи навбатда инсонни она тарбиялайди. Маънавият ва маърифат қонимизга она сути билан киради. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақоли бежиз айтилмаган. Оналар билимли ва маърифатли бўлган мамлакатнинг болалари ҳам билимли ва маърифатли бўлиб вояга етади. 

       Адабиётда кашфиёт яратган америкалик шоир Уолт Уитмен аёлнинг инсон тараққиётидаги роли ҳақида: “Эркак ер юзида асрлар бўйи буюкдир, аммо унинг буюклигининг ҳар бир зарраси аёлдан бунёд бўлган”, – деб ёзган.

Демак, бу олам уйининг ҳар бир ғиштини, шу ғиштлар қорилган тупроқнинг ҳар бир заррачасини ўз жисми жони ва муҳаббати билан аёл бунёд этган, она тиклаган.    

        Яна бир файласуф: “Аёлсиз эркак, бу Қуёшсиз Ердир”, – дейди. Дунё учун қуёш қай даражада керак бўлса,  ҳаёт учун аёл шу даражада зарурдир. Аёлга зўравонлик қилиш, унга тазйиқ ўтказиш бу жаҳолатдир. 

Бир куни ижодий учрашувда чиройли гулдаста совға қилишди. Гулни, албатта, янгангизга олиб бориб, уни хурсанд қилишни истадим. Уйга боргунча бозор оралаб икки бекат пиёда юришга тўғри келди. Чиройли гулдаста кўтариб бораётган эркакни кўриб кўпчилик ҳавас билан қарашди. Менга эмас, гулга қарашди... Тўғриси, гулларни авайлайман деб қийналиб, терга ботдим. Ўшанда хаёлимга аёлни авайлаш гулни авайлашдан ҳам қийин, деган фикр келди ва “Гул” номли шеърим дунёга келди.

 

...Аёлни авайлаш гулдан ҳам мушкул,

Гулни эҳтиётлаш мумкин қўл билан.

Аёлни асрашга шарт фақат кўнгил,

Аёлни эъзозлаш зарур дил билан.

 

– Шеърларингиздаги халқоналик, оҳангдорлик ва самимиятда волидангизнинг сўз ва байтлари, айтимларининг ҳиссаси бордек. Зеро, кишининг тили чиққандан, Онанинг нечоғлик сўзамоллиги ва зукколиги фарзанднинг камолида катта хазина ҳисобланади.

 – Онам уламо оиласида тарбияланган. Бобосини мулла Кенжа бобо дейишар эди. Отамнинг отасининг исмлари эса мулла Мусурмон бобо эди.  Иккала бобом ҳам Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олишган. Демоқчиманки, илмли, маърифатли оилавий муҳитда катта бўлганман. Онам оиласида тўнғич фарзанд эди. Исмлари Зайнаб бўлса ҳам, ота-онаси эркалатиб, Ойқиз деб чақиришган. Холаларим, тоғаларим онамни Ойқиз опам деб учиб-қўнишарди. Онам туғилган уй Яккабоғ тумани Қасноқли қишлоғида. Қорақалпоқлар йигитнинг уч юрти бўлади, дейишади: ота юрти, дойи юрти (тоға юрти) ва хотин юрти. Менинг дойи юртим Яккабоғда. Ёзги таътилда тоғаларимникида юришни яхши кўрардим. Холаларим ҳаммаси чевар. Кашта тикишади. Бир куни онам ўқиган бир китобни тоғамникидан уйга олиб келдим. Мигель де Сервантеснинг “Дон Кихот” деган қалин муқовали катта китоби. Ичини очиб қарасам, қизил, яшил, пушти, сариқ ипак иплар... Кашта тўқиётган ипларини шу китоб варақлари орасига солиб қўйишган экан. Уйимиз деворларига ранг-баранг кашталар илинган эди, онам тўқиган кашталар. Оппоқ матога тўқилган гуллар, қушлар, нақшлар ва ипак билан кашта қилиб ёзилган шеърлардан кўзим яшнарди. “Гулни гул дерму киши, Гулнинг тикони бўлмаса. Ёрни ёр дерму киши, Ёрнинг вафоси бўлмаса...”  Онам гилам ҳам тўқирдилар. Пушти рангни “бика”, яшил рангни “зайнови”, оч сиёҳ (фиолетовый) рангни “савсан” дейишарди. Китоб орасидаги ипак қатимлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Кейин мана шу хотиралар шеърга айланди:

 

Бика, савсан, зайнови –

Булбул... байту ғазаллар...

Юрагимга билганча

Гул солдингиз, гўзаллар...

 

Бика, савсан, зайнови –

Гуллари қуроқ-қуроқ...

Юрагимга солдингиз

Ҳар бирингиз бир ямоқ...

 

       Илк гўзал рангларни онам кўрсатганлар менга, энг ширин таъмларни онам берган, энг хушбўй ифорларни ҳам у ҳадя этган...

      Узумзор боғларни қушлардан қўриқлаш, меҳнат қўшиқлари, мақоллар, ҳикматли сўзларни – ҳаммасини илк бор улардан эшитганман.

      Француз адиби Анатол Франс: “Аёл – эркакнинг буюк тарбиячиси”, деган экан. Бизнинг буюк тарбиячимиз онамиз бўлади. 

– Журналимиз орқали жами юртдошларимизга, онажонларимизга тилакларингиз...

– “Саодат” журнали оналаримиз, хотин-қизлар учун ташкил этилган мўътабар нашр. “Саодат” ўз номи билан саодат.  Унда бизнинг миллий анъаналаримиз мужассам топган. Журнал хотин-қизларимизга, энг аввало: “Бахтли, саодатли бўлинг!” – дея тилак тилайди. Қолаверса, ушбу нашр саодатли қизлар ва аёллар минбаридир.

     “Саодат” журнали аёлларга саодат соҳилини топишида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда. Аёлнинг саодати оиласида. Ўзбек аёли, энг аввало, бола-чақасининг бахти-саодати учун яшайди, ўзини ўтга-чўққа уради, керак бўлса, жонини ҳам аямайди. Бундай аёлларни ардоқлаб, бошингизга кўтарсангиз арзийди.

Мен юртдошларимизга, онажонларимизга бахту саодат тилайман.

 

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар