ЖАҲОН АДАБИЁТИДАН
ОТА ИЗТИРОБИ
Ҳикоя
Кэтрин Мэнсфилд, Янги Зеландия
(1888-1923
Болалар жудаям шўх, қақажон, митти мавжудотлардир. Диккидек ақлли, зийрак, меҳрибон, содда, ёшига нисбатан анчайин теран фикрловчи болакай дабдурустдан, сингилларининг таъбирига кўра, ўзини қайсар эшакдек тутса-ю, наҳот унинг шўхликларига чора топиш шунчалар имконсиз?
– Дикки болажоним, келақол! Дарҳол олдимга кел-чи! Онанг сени чақираётганини эшитмаяпсанми? Дикки!
Аммо Дикки келмади. Ҳа, у онасининг овозини яхшигина эшитди. Бироқ жавоб бериб ўтирмади. Сўз ўрнида жарангдор кулгиси янгради, холос.
Шу йўсин у қочиб кетди. Ўрилмаган пичанлар устидан мўъжазгина ўрмонча томон югуриб беркинаркан, олма шохлари орасидан, ортда қолиб, ғира-шира кўринаётган онасига қараб-қараб қўярди. Айёрона ҳаракатлари билан ёввойи ҳиндуга ўхшаб кетар, шохдан шохга эпчилик билан сакрарди.
Аслида ҳаммаси дастурхон атрофидан бошланганди. Диккининг онаси ва туш пайтини бирга ўтказиш учун чиққан Спирз хоним биргаликда меҳмонхонада хотиржам тикиш-бичиш билан банд эдилар. Шунда оқсоч қиз келиб, бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб берди. Болалар зўр иштаҳа билан нонга сариёғ суриб ейишни эндигина бошлашган, оқсоч қиз эса ширчой қуяётганди, Дикки тўсатдан нон ликопчасини боши узра қўйиб, камига нонпичоқни ҳам бошида айлантира бошлади.
– Менга қаранглар, – деб қичқирди у.
Сингиллари саросимага тушиб, хавотирли қараб туришарди. Оқсоч қиз келиб ликопчани олиб улгурмасдан, идиш полга тушиб, чилпарчин синиб, майда бўлакларга бўлиниб кетди. Буни кутмаган қизалоқлар бор овозлари билан бақира бошлашди:
– Ойижон, келиб у нима қилганини бир кўринг!
– Диккингиз катта чиройли идишни синдирди!
– Ойи, келиб унинг таъзирини беринг!
Онанинг қанот чиқаргандек учиб келишини тасаввур қилаётгандирсиз. Бироқ у улгурмади. Дикки курсидан ирғиб туриб, ланг очиқ деразадан айвонга сакраб тушди, она эса қўлидаги ангишвонани бармоғида ўйнатганча тош қотиб турарди. Нима қилсин у шўрлик? Боласининг орқасидан қувиб етолмаса. Диккини тиканзору олмазорлар орасидан қидирсинми? Бу бефойда эди. Чунки ўртада бошқа бир андиша ҳам бор эди. Болалари ўзининг хулқи билан барчага ўрнак бўлган Спирз хонимнинг олдида муштдек боласи орқасидан чопиб юриш хижолатли бир ҳол эди-да.
– Жуда соз, Дикки, – бақирди у. – Сени жазолашнинг бирор йўлини ўйлаб топаман, албатта.
– Менга фарқи йўқ, – жаранглади митти овоз ва яна узоқдан ўша қўнғироқдек кулги янгради.
– Спирз хоним, сизни ёлғиз қолдириб кетганимдан жуда хижолатдаман, – деди она хонага қайтгач.
– Ҳаммаси жойида, Бендал хоним, – деди Спирз хоним мулойим ширали овозда, одатига кўра қошларини бироз чимириб. Сўнг латта-путталарни йиғаркан истеҳзоли жилмайди. – Баъзан бу каби ҳолатлар бўлиб туради. Айтишга арзийдиган жиддий ҳодиса рўй бермади, менимча, – деди у.
– Диккининг қилиғи, – деди Бендал хоним, қўлидаги ягона чиройли игнага тикилиб. У бўлган ҳодиса ҳақида қўшнисига изоҳ бера бошлади: – Энг ачинарлиси шуки, мен уни қандай қилиб тўғри йўлга солишни билмаяпман. Шўхлиги тутганда ҳеч нарса кор қилмайди унга.
Спирз хоним уйқусираган кўзларини катта очди-да: – Калтак ҳам таъсир қилмайдими? – деб сўради.
Бендал хоним игнага ип ўтказаркан, лабларини тишлади.
– Биз ҳеч қачон болаларни урмаганмиз. Қизлар жуда тарбияли, уларга ортиқча гап-сўзнинг кераги йўқ. Дикки шундай болаки… Нима ҳам қилардик, биттаю битта ўғлимиз…
– О, азизим, – тикишни тўхтатди Спирз хоним. – Диккининг бунақа ўйинқароқлигига энди мен ажабланмайман. Мендан хафа бўлмангу, болаларни урмасдан катта қиламан, деб жуда катта хатога йўл қўйяпсиз. Аслида калтак унча-мунча насиҳатдан тезроқ, яхшироқ таъсир қилади. Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, қўшнижон, мен авваллари енгилроқ жазоларни қўллардим, – деди бироз овозини пасайтириб. – Уларнинг тилига кирсовун суртиш ёки ҳар шанба кунбўйи стол кўтариб туришга мажбурлардим. Лекин, ишонаверинг, уларни жазолашни кун келиб отасига топширдим.
Бендал хоним кирсовун билан жазолаш ҳақидаги гапни эшитиб, эти жимирлаб кетди. Спирз хонимнинг ишонч билан гапирганига қараганда, бу усулни бир неча маротаба қўллагани сезилиб турарди.
– Отанинг йўли бошқа гап, – деди Бендал хоним: – Сиз ўзингиз урмагансиз болаларни?
– Ҳеч қачон, – деди бироз ўнғайсизланиб қўшниси. – Болаларни уриш онанинг вазифаси деб ўйламайман. Бу отанинг гарданидаги иш бўлиши керак. Чунки оталар кўпроқ таъсир қила олишади-да.
– Ҳа, бу ҳолатни кўз олдимга келтиряпман,– деди Бендал хоним хижолатомуз.
– Ҳозир менинг ўғилларим, – деди Спирз хоним: – Агарда жазоланишдан қўрқишмаганда худди Диккидек тутишарди ўзларини.
– Сизнинг ўғилларингиз намунали хулқ-атворга эга болалар,– пичирлади Бендал хоним. Спирз хонимнинг айтишига қараганда, уларнинг уйида бола борлиги ҳечам сезилмас экан.
Залда семиз, кайфи чоғ роҳибларнинг денгиз бўйида балиқ тутаётган ҳолати тасвирланган катта расмнинг тагида жаноб Спирзнинг отасига тегишли қалин, қора рангли қамчи турарди. Одатда, хонадон ўғлонлари бунинг олдига яқин келишмасди, аксинча, итнинг кулбаси ёки омборхона, ҳаттоки ахлатхона яқинида ўйнашни афзал кўришарди.
– Бу – катта хато, – хўрсинди Спирз хоним, енгил нафас олиб, тикишини давом эттираркан, – кичиклигида болаларни эркалатиш, уларни ўз измимизга солмаслик жуда катта айбимиз. Бундай ҳолатда болани калтаклаш керак.
– Сиз чиндан шундай деб ўйлайсизми? – сўради Бендал хоним, табиатан у жуда кўнгилчан эди ва қўшниси билан ораларидаги гап-сўзлар унга айни дамда қаттиқ таъсир қилганди.
– Албатта, бунга имоним комил. Фақат шу гапим доим қулоғингизда бўлсин, – давом этди Спирз хоним. – Отаси болаларга қаттиққўллик қилса, келажакда уларда муаммо бўлмайди. Менга ишонаверинг, дугонажон.
У қуруқ, дағал қўли билан Бендал хонимнинг қўлини сиқиб қўйди.
– Эдвард келиши биланоқ бу ҳақида гаплашаман, – деди Диккининг онаси қатъий.
Болалар отаси келмасидан олдин уйқуга ётишди, Диккининг отаси велосипедини судраб келаркан, бетон тўсиққа қоқилиб кетди. Ишхонасида жуда оғир кун бўлганди. У терлаб кетган, чарчаб, хийлагина ҳолдан тойганди.
Бунгача Бендал хоним ўзининг янги режаси хаёлида ўтирганди ва шу хаёлда эрига эшикни очди.
– Эдвард, азизим, ва ниҳоят, келдингиз! – деди у.
– Нима бўлди? – сўради Эдвард велосипедини қўяркан, сўнг шляпасини ечди. Пешонасидаги қатор ажинли чизиқлар унинг жаҳли чиқа бошлаганининг белгиси эди. – Нима гап?
– Келинг, меҳмонхонага киринг, – деди Бендал хоним шошиб-пишиб: – Диккининг маҳмадоналигини сўз билан таърифлаб беролмайман сизга. Кун бўйи ишдасиз. У жудаям ёввойи бўлиб кетяпти: умуман назорат қилолмаяпман. Тарбиялашга интилдим, аммо уринишларим беҳуда кетди. Охирги чорамиз қолди, – деди чуқур хўрсиниб, – уни калтаклаш керак. Сиз унинг боплаб таъзирини беришингиз керак, Эдвард.
Меҳмонхонанинг бурчагида катта жавон турарди, жавоннинг энг юқорисида чиннидан ясалган тили бўялган қўнғир айиқ бор эди. У Диккининг отасига худди масхара қилгандек, ажаб бўпти, мана шунинг учун уйга келгандинг, деяётгандек туюлди.
– Аммо нега биз тарбиянинг усули қилиб калтакни танлашимиз керак? – сўради Эдвард айиққа тикилганча. – Илгари ҳатто уни чертмаган бўлсак.
– Чунки, – жавоб берди хотини, – кўрмаяпсизми унинг хулқини... Бундан бошқа чорамиз йўқ… – Аёл яна алланималар деди. Эрининг оғриган бошида янаям қаттиқроқ оғриқ турди. – Энага ёллашга қурбимиз етмайди ҳозир. Оқсоч қизнинг юмуши етарли. Болангиз кунда яна бир қилиқ чиқаради.
Эдвард бўшашиб стулга чўкди.
– Майли-ю, лекин нима билан ураман? – отанинг овозига изтироб оҳанги қўшилди.
– Албатта, камарингиз билан, – деди хотини. Сўнг эрининг чанг бўлган оёқ кийимини артиш учун чўккалади: – Эдвард, азизим, – ялинганнамо деди у, – ботинкангиз билан меҳмонхонагача кириб келибсиз. Ахир, бу яхши намунами?
– Бўлди, етар, бас, – жаҳлини жиловлай олмаган эр сал қолди хотинини итариб юборишига. – Қани, бер-чи ўша камарни менга. У тепа қаватга кўтарилди. Айни дам унинг ҳуши ўзида эмасди. У Диккини уришни хоҳларди, нимадандир аламини олишни истарди. Кўзларини ғазаб эгаллаб олганди, қўллари ўзига бўйсунмай қўйганди.
У шошилиб Диккининг хонаси эшигини очди. Ўғли тунги кийимида хона ўртасида беҳолгина бир кўринишда турганди. Унинг бу ҳолати Эдварднинг ғазабини сал босгандек бўлди.
– Дикки, нима учун хонангга чиққанимни биласан-а? – сўради Эдвард.
Дикки жавоб бермади.
– Мен сени уриш учун келдим.
Сукунат.
– Пижамангни еч.
Дикки илкис бошини кўтарди. У қизариб кетди. – Шартмикан? – пичирлади у.
– Қани, олдимга кел, тезроқ бўлақол, – деди ота. Сўнг камари билан Диккини уч марта айланириб солди.
– Мана энди онангга муносиб фарзанд бўлишни ўрганасан.
Дикки бошини чангаллаганча, ҳалиям жойида қотиб турарди.
– Ўзингни ўнглаб ол, тез ўрнингга ёт, – буюрди отаси.
У ҳалиям қўзғалмасди. Бироздан сўнг титроқ овоз билан: – Мен ҳали тишимни ювмадим, дадажон, – деди.
– Бу нимаси?
Дикки отасига қаради. Унинг лаблари титрарди, бироқ кўзларида ёш кўринмасди. У кўз ёши қилмади, йиғламади. Секин ютиниб, мен тишимни ювганим йўқ, деб такрорлай олди, холос.
Аммо мурғак нигоҳ Эдвардни тинч қўймади, у хонадан бу хонага, залдан боққа чиқаркан, ҳаловатини тамом йўқотган эди. Эй Худойим, у нима қилиб қўйди? Нок дарахтининг сояси тушиб турган девор олдига борди. Диккини урди, қўлидаги камар билан кичкинтойини урди, нима қилиб қўйди? Югурганча ўғлининг хонасига чиқди. Эдвард алам билан ўкирди, деворга суяниб қолди, ўғли йиғламади. Ҳатто кўзида томчи ёш йўқ эди. Қанийди, ўғли ҳеч бўлмаса йиғлаганда ёки хафа бўлганда. Фақат унинг “Дадажон”, деган титроқ овозини эшитди. Демак, отасини кечирди. Лекин Эдвард ўзини ҳеч қачон кечиролмайди. "Қўрқоқ! Аҳмоқ! Нотавон!" Ичида ўзини сўкди. Ёдига ўғли билан бирга ўйнашаётганда тасодифан Дикки тиззаси билан йиқилиб, қўли чиққанини эслади. Ўшандаям у йиғламаганди. Наҳот, ота ҳозир ўша митти қаҳрамонни уришга қўли борди?!
Ота нимадир қилиши кераклигини тушунди. У уйга қайтиб кирди, яна Диккининг хонасига кўтарилди. Миттивой каравотида ётганди. Хира тушган ёруғликдан ёстиқдаги қора сочлари, жингалак кокили кўриниб турарди. Унинг овози эшитилмасди, демак, у ҳамон йиғламаяпти. Ота эшикни ёпди, ўғлининг қаршисига келди. У ҳозир Диккининг олдига чўккалаб, кечиришини сўраб, ялиниб-ёлворишни истарди. Аммо қилган иши билан истаги ҳозирги ҳолатда бир-бирига тўғри келмас эди.
– Ухламадингми, ўғлим? – сўради мулойимлик билан.
– Йўқ, дадажон.
У ўғлининг каравотига яқин келиб ўтирди, Дикки унга узун-узун киприкларини пирпиратиб қараб ётарди.
– Ҳеч нима содир бўлмади ҳозир, тўғрими, оғайни? – шивирлаб сўради Эдвард.
– Йўқ, дадажон, – жавоб қилди Дикки.
Эдвард меҳр билан Диккининг бармоқчаларини авайлаб силади.
– Сен ҳозир бўлган воқеа ҳақида ҳечам ўйлама, хўпми, оғайни, – деди. – Мана, ҳаммаси тугади. Бу унутилади. Бошқа ҳечам такрорланмайди. Шундайми?
– Хўп, дадажон.
– Энди эса ётиб ухла, оғайни, – деди Эдвард, – ва албатта, жилмайиб қўй. Назарида, ўғли табассум қилса, у ўзини афв этилгандек сезарди. – Ҳаммасини унутамиз… кичкинтойим…
Дикки ўрнига ётди. Отаси дераза олдига яқин келди. Боққа анча қоронғулик тушиб қолганди. Оқсоч қиз югуриб чиқди ва буталар устидаги оқ кийимларни йиғиб ола бошлади. Бепоён осмонда биттагина юлдуз ярқирарди. Манзарани кузатиб тураркан, шимининг чўнтагига қўл солди. Пуллари орасидан янги олти тийинни танлаб олди, сўнг уни Диккига узатди.
– Бу сенга, оғайни. Ўзингга ёққан нарсани сотиб ол, – деди Эдвард ўғлининг ёстиғи устига оҳиста пулни қўяркан.
Шу чақалар ўтган шунча дилхираликни унуттириш кучига эгами?
Инглиз тилидан
Муслима ХИДИРОВА таржимаси.