Наср 1.01.2023 Муаллиф: Мунаввара Усмонова 0

ҚЎЛГА ТУШГАН ҚОРБОБО

ҚЎЛГА ТУШГАН ҚОРБОБО
Ҳикоя
 
  Шаҳарнинг қоқ киндигига ўрнатиб безатилган баҳайбат арчани кўрди-ю, Собир беихтиёр уф тортиб юборди. Ям-яшил игна барглар нақ юрагига санчилгандай бўлди. Ичида армонгинаси бор-да, ҳар йили ваъда беради-ю, бироқ болаларини мана шу арча атрофида бўладиган томошаларга олиб келолмайди. Озгина чиқим ҳам кисса қурғурга малол келади. Янги йил бўсағасида ҳамиша бир дунё сарф-харажат кутиб туришини айтмайсизми тағин?
  Собир аллақандай амалдорнинг шаҳар четидаги чала битган ҳовлисида яшайди. “Ака, ижара ҳақи керакмас, кулбачага кўз-қулоқ бўлиб, чироқ-фироғига пул тўлаб қўйсангиз, бас”, деган ўша баланд бўйли, серсавлат бойвачча. Собир бажонидил рози бўлган. Аммо кенг-мўлгина ҳовлининг “чироғи-фироғи”га
тўланадиган ҳақ ҳам кенг-мўлгина бўлар экан.
  Гоҳ газ, гоҳ сув идорасининг ходими кунора эшик қоқиб келади. Тунов куни тажанг бир хизматчи ер солиғи учун хийла чиқимдор қилди.
  “Йил охири, тўламасаларинг бўлмайди”, деди у қатъий қилиб. Ишхонаси бир дунё миннат билан берган “картошка” пулини неча жойидан тугиб, арча байрами учун аяб юрган Собир минг бир саросимада қолди. Охири ҳукмбардор солиқчининг қатъий пўписаси, уй эгасининг ғойибона қош-қобоғи устун келди.
  Хуллас, бу машмашаларнинг бировга айтгилиги йўқ. Собир таниш-нотанишнинг пичингларига эътибор бермайди, турмушнинг бундай ўткинчи машаққатларига чинакам сабр-тоқат билан чидайди. Фақат... болалари...
  Собир алғов-далғов хаёллар оғушида ижара уйининг дарвозаси ёнида пайдо бўлганини сезмай ҳам қолди. Теваракка ғира-шира оқшом чўкмоқда.
  Ҳаво совуқ. Кечагина ёғиб ўтган қор аралаш ёмғир касридан йўл-йўлаклар шилта-шалаббо. Кўчанинг
у ер-бу еридаги чала-ярим иморатлар маҳалланинг янгилигидан, бир маҳмадана таърифлагандай, ҳали
ой-куни тўлмаганидан дарак бериб турибди.
  Собир дарвозадан бош суқди. Кутганидек, болалари ҳовлида аллақандай ўйин билан овора экан. Тўнғичи қиз – Орзигул, учинчи синфда ўқийди. Ҳасан-Ҳусан ўғилчалари бу йил мактабга чиқишган. Умидбек эса эндигина икки ёшга тўлди, юришлари ҳали атак-чечак.
  Собир йўлак бошида бирзум оёқ илди. Хотини – Ҳалима электр чироғидан чароғон ошхонада куймаланиб юрибди, бошида қия-қия қўндирилган дуррача, белида оқ пешбанд. Юз-кўзлари тўла хаёл.
– Дадам келдилар! Дадажон!
  Туйқус Собирга кўзи тушиб қолган Ҳусан қийқирганича дарвоза томон югурди. Изидан Ҳасан чопқиллади. Орзигул довдир-совдир қадамлаб келаётган Умидбекни чинқиртирганича қўлтиқлаб олди.
– Дадам ишдан қайтдилар! Ур-а!
  Собир бирзумда болалари қуршовида қолди.
  Бири бўйнига, бири этагига осилди. Ҳовлидаги қий-чувдан сергакланган хотини ошхона дарвозасини очиб қаради. Унинг юзидаги табассумданми ё ошхона чироғининг ёғдусиданми, бутун теварак чарақлаб кетгандай бўлди.
  Собир Умидбекни опичлаб уй томон юрди.
  Чарм жилдли папкани Ҳасан зўриққанича қўлтиқлаб олди.
– Дадажон, арча байрамига олиб чиқасиз-а, бизни? – деди Орзигул қувонч билан ирғишлаб.
– Ур-е! – қийқириб юборди Ҳусан. – Давлат арчага борамиз, давлат Қорбобони кўрамиз!
  Собирнинг кулгуси қистади. Телевизорда нимаики кўрсатишса болалари “давлат бу” дейишади. Бувилари – Собирнинг ойиси шунга ўргатган. Ҳатто бир гал неваралар қуршовида ўтирган чоғ, “Дадангиз ҳам менинг ўғлиммас, давлатники”, деб ҳазиллашган. Шу-шу болалари Собирни тез-тез сўроқ-терговга тутиб туришади:
  “Сиз давлат боласими? Ҳали телевизорга кириб кетасизми? Сиз ростакам дада экансиз-да! Сиз жуда зўр экансиз-да?!.”
  Собир уч-қуйруқсиз саволларга кулганича “ҳа” деб жавоб беради, арзандалари эса қувноқ қийқириқлар билан унинг бўйнига осилишади.
  Қизиқ, болаларнинг назарида “давлат” – бу “ростакам”, “жуда зўр”, “жуда ёқимли” дегани.
  “Ростакам”, “жуда зўр”, “жуда ёқимли” нарсалар эса телевизорга кириб олган.
  Собир болаларидаги бунақа ғалати тасаввурни бузишга бир-икки енг шимардию тағин шаштидан қайтди. “Майли, – дея ўйлади у ҳатто қувониб. – Давлат, Ватан деган сўзлар уларда шунақа гўзал тасаввурлар уйғотсин...”
  Катта бир институтнинг катта илмий ходими онасининг тарбия усули нечоғлик содда, таъсирчан эканидан ажабланди.
  Собир болаларининг қий-чуви остида кийимларини алмаштирди. Ювиниб-таранди. Сўнг оқ-қора жилоларда порлаб турган телевизор қаршисига ўтирди. Ҳасан-Ҳусанлар пайт пойлаб дарров икки тиззани эгаллашди. Орзигул бўйнига осилди. Телевизорда қишки таътил пайти не бир гўшаларда ўтказиладиган арча байрамлари реклама қилинаётган экан. Собир болаларни чалғитиш илинжида шоша-пиша бошқа каналга буради. Афсуски, бу ёқда ҳам тиниб-тинчимаган Қорбобо болаларни Янги йил томошаларига чорлаб ётар эди.
– Ана, Қорбобо! – чинқириб қолди Ҳасан. – Ана, ростакам Қорбобо!
– Ўшанинг ёнига борамиз-а? – дея кўзларини пирпиратиб дадасига термилди Ҳусан.
  Собир гоҳ у, гоҳ бу ўғилчасининг юзига юз босиб эркаларкан, кечадан бери хаёлида пишитиб юрган айёрликнинг бир учгинасини чиқариш пайти етганини англади.
– Жаноблар ва хонимлар! – деди у артистларга хос ўйноқилик билан. – Эртага кечқурун бизникига Қорбобо келади! Ростакам Қорбобо ўз қўли билан совға улашади!
  Собирнинг оғзига анграйиб турган болалари баб-баравар қийқириб юборишди.
– Ур-е! Бизникига ростакам Қорбобо келаркан!
  Шоша-пиша дастурхон тузатаётган Ҳалима эрига таажжубланиб тикилди. Собир хотинига қувлик билан кўз қисиб қўйди...
* * *
  Пешиндан сўнг кўчага чиққан Собир гавжум бозорда тентий-тентий тинкаси қуриб, шом қоронғусида уйга қайтди. Арзон-гаров ширинлигу ўйинчоқлардан танлаб-танлаб тайёрлаган тўрт ўрам совғасини ялтироқ халтага солиб олган эди.
  Ҳаво кечагидан баттар совуқ. Қоронғулик тобора қуюқлашмоқда. Қўшни ҳовли пештоқидаги чироқ ёғдулари кўзга тиғдек санчилди.
  Собир ўғри мушукдек мўралаб ҳовлисига кирди. “Янги йилни бирга кутамиз деб меҳмон-пеҳмон келиб қолган бўлмасин-да, ишқилиб”, хаёлидан ўтди унинг. Даҳлиз ва ошхона чироғи ёниб турган уй томон сергак-сергак тикилди.
  Жимжитлик, ҳайтовур хавотирга ўрин йўқ.
  Кеча у ўз айёрона режасини хотинига шипшиганида Ҳалима ҳам қувониб кетди.
  “Болаларни би-ир хурсанд қилардингиз-да”, – деди кулиб. Эркатойлар ухлаб қолишгач, эру хотин тараддудни бошлаб юборишди.
  Ҳалиманинг эплигина аёллиги хўб қўл келди-да.
  Аввал қаттиқ қоғоздан қуббасимон қалпоқ, сўнг момиқ пахтадан қуюққина соқол тайёрлашди.
  Собир куёвлик чоғларидан бери эҳтиром билан кийиб юрадиган, анча-мунча оҳори кетиб қолган чопонга обдан “ишлов” беришди. Ишқилиб, қўлбола Қорбобонинг сарупоси тахт бўлгунча тун ярмидан оғди. Эру хотин кула-кула тонг оттиришди.
  Собир ўтган тунги ташвиш-тараддудни эслай-эслай ҳовли чеккасидаги омборхона томон юрди. Қўлбола Қорбобонинг қўлбола сарупоси ўша ерда.
  Бир пайт даҳлиз эшиги очилиб Ҳалима сидрилибгина ташқари чиқди.
– Келдингизми, дадаси? – деди у шивирлаб.
– Ҳа.
– Тезроқ бўлақолайлик. Болаларнинг тоқати тоқ бўлди. Қорбобо қачон келади деб, ҳолу жонимга қўйишмаяпти...
* * *
  Хотинининг кўмагида туппа-тузук Қорбобога айланган Собир узун ҳассасини дўқиллатиб даҳлиз эшигига яқин борди. Юзларига обдан чапланган бўёқ ҳидидан димоғлари ачишар эди.
  Аллақачон ичкари кириб кетган Ҳалиманинг “сигнал”ини бетоқат кутди. Ниҳоят, хотинининг атай баландлатган товуши қулоғига чалинди.
  “Қани болалар, қарайлик-чи, Қорбобо келиб қолгандир!”
  Улар даҳлизда юзма-юз бўлишди.
– Салом, азизларим! – деди Собир-Қорбобо овозини артистларча дўриллатиб. – Мана, мен келдим. Сизларни соғиниб келдим.
  Ичкаридан отилиб чиққан болалар бирзум ҳангу манг қотиб қолишди. Ҳайрату ҳаяжонга тўла кўзлари пир-пир учар эди.
  Энг аввал ҳушига келган Орзигул севинч билан ирғишлаб чапак чалди.
– Ур-е! Ростакам Қорбобо!
  Ҳусан қувончдан қиқир-қиқир кула бошлади.
– Қойил, – деди Ҳасан аранг, ҳануз ҳайратдан энтикаркан. – Жуда зўр Қорбобо экан.
  Собир ҳассасини дўқиллатиб болаларга яқинлашди:
– Сизларни хўб одобли, ақлли кичкинтойлар деб эшитдим. Шунинг учун энг аввал сизнинг уйингизга
келдим.
  Ёлғондакам ҳаяжон билан болаларига жўр бўлиб турган Ҳалима танбеҳ берган бўлди.
– Вой, Қорбобога салом бермайсизларми? Қани-и...
  Болалар бири қўйиб, бири олиб чувиллашди.
– Ас-са-лому-у алай-ку-ум!
– Баракалло, баракалло-о, жажжиларим, – дея ялтироқ халтасини очди Собир-Қорбобо. – Мен сизларга
совғалар келтирдим.
  Ўзи томон узатилган қоғоз қутичани Ҳусан илжайганича қўлига олди.
– Яна бир полвонтой кўринмайди-ку, қани у? – деб сўради Собир-Қорбобо Ҳасаннинг ҳам улушини
тутқазаркан.
– Умидбек ухлаб қолди, – деди Ҳасан “ростакам” мавжудодга ҳануз ҳайрат билан тикилиб.
  Собир-Қорбобо афсусланганнамо бош чайқаб, галдаги қоғоз қутичани Ҳалимага узатди.
– Мана бу Умидбекка. – Сўнг ҳануз севинчдан гоҳ ирғишлаб, гоҳ чапак чалиб қўяётган Орзигулга юзланди.
– Яқинроқ кел, қизалоғим. Мана бу сенга.
  Орзигул узатган совғани ола-ола беихтиёр чинқириб юборди.
– Ойи! Қаранг, дадамнинг чопони-ку?! Ана, енгидаги ямоғидан танидим!
  Қизғиш-сарғиш ленталар билан танғилган қоғоз қутини очишга уннаётган Ҳусан туйқус сергакланди.
  Қорбобонинг оқ пахтаю зар толалар ёпиштирилган узун чопонига тикилди.
– Рост, ойи! Дадамники бу!
  Ҳасан эса аллақачон қутичани ерга ташлаб, Собир-Қорбобонинг барига чанг солган эди.
– Ечинг, дадамнинг чопони бу, сиз ўғри экансиз!
  Туйқус бошланиб кетган исёндан шошиб қолган “ростакам” Қорбобо:
– Болажонларим... болажонларим, – дерди аранг, ўзига бошқа оқлов тополмай.
  Ҳасан шашт билан тортқилаган чоғ чопоннинг бари кўтарилиб, тагидаги кийимлар ҳам кўзга танланди-ю, Ҳусан баралла чинқириб юборди.
– Ана, шими ҳам дадамники экан!
– Ойи! – Орзигул Ҳалиманинг билагига зорланиб осилди. – Бу Қорбобо қароқчи! Кўчада дадамни калтаклаб, кийимларини тортиб олган.
  Опасининг гапларидан гиж-гижланган Ҳусан ҳам “жуда зўр” Қорбобога ташланди.
– Ечинг! Дадамнинг кийимларини ечинг! Ёлғончи Қорбобо экансиз!
  Собир-Қорбобо болалардан базўр ҳимояланиб орқага тисарилди. Тисарила-тисарила “энди нима қилай” дегандай Ҳалимага кўз қирини ташлади. Не ажабки, хотини ҳам гўё ростакам ўғрини кўргандай безовта болалар ёнида “Вой-ву-уй”лаб турар эди.
– Сиз ёмонсиз. Катта бўлсам сизни ўлдираман! – дея чинқирди Ҳусан бўёқлар чапланган башарага нафрат билан қараб.
  Орзигул қўлидаги совға қутичани қуббасимон қалпоққа қаратиб отди.
– Мана! Олинг нарсангизни, менга керакмас.
– Менга ҳам керакмас, – дея чийиллади Ҳусан ҳам қоғоз қутичани бир бурчакка улоқтираркан.
  Собир-Қорбобо бир амаллаб ташқарига чиқиб олди. Даҳлиз эшигини зичлаб ёпиб орқасидан итариб тураркан, ич-ичидан тошиб келаётган кулгуни аранг босди.
  Даҳлизда шовқин-тўполон ҳамон авжида эди.
– Қочиб кетди-ку, ойи, – дея йиғламсиради Ҳусан, эшикни тепкилаб очишга уринаркан.
– Ойи, дадам келса айтаман, энди ҳеч қачон арча байрамга бормаймиз. Ростакам Қорбобо ўғри экан, – дея ҳануз куйинарди Орзигул.
  Ҳасаннинг ҳам умид тўла товуши баралла жаранглади.
– Ойи, ҳозир дадам келиб қолса, анави Қорбобони ушлаб олади-я? Калтаклаб, кийимларини қайтиб олади-я?
  Ҳалима алланелардир деб болаларини юпатишга, ҳовуридан туширишга киришиб кетди.
  Собир ҳануз даҳлиз эшигига елка тираб тураркан, ясама соқоли сирғалиб тушганини пайқамай қолди. Унинг бўёқлар чапланган юз-кўзига синиқ бир табассум қалқиб чиққан эди.
Луқмон БЎРИХОН


Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар