НОМИ ЎЗИГА ЯРАШИҚ...

 

МАҲАЛЛА ҲАЁТИДАН

НОМИ ЎЗИГА ЯРАШИҚ...

    Эсласангиз, "Суюнчи" бадиий фильмидаги Анзират бувини ҳамқишлоқлари “қишлоқнинг виждони” дейишади. Ҳар бир саҳнаси ёд бўлиб кетган ушбу фильмнинг қаҳрамонлари аслида, тўқилмаган, ҳаётдан олинган. Бу каби фидойилар бугун ҳам орамизда бор, фақат улар билан ҳар доим ҳам учрашавермаймиз. Пойтахтимиздаги “Абдулла Қаҳҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Орипова ҳақида хўп ва кўп яхши гаплар эшитганмиз. Албатта, юз бора эшитгандан, бир марта кўриб, мулоқот қилганга нима етсин. Дастлаб, маҳалла ҳақида ихчамгина маълумот:
– маҳалла “Яшил” тоифага ўтказилган;
– ҳудуди 10 гектарни ташкил этади;
– туризм ва ҳунармандчиликка ихтисослашган;
– ҳудудида савдо дўконлари, новвойхоналар, дорихоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.
     Яккасарой туманида, шаҳримиз марказида жойлашган “Абдулла Қаҳҳор” маҳалласининг Дамариқ кўчасига яқинлашар эканмиз, янги узилган нон ҳиди димоқни қитиқлайди. Аҳоли учун тайёрланаётган иссиқ нонлар ҳадемай одамларга етиб боради. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси икки қаватли бўлиб, киравериши чиройли боғ қилинган. Кўзингиз тушиши билан файзли, тароватли, покиза масканга келганингизни англайсиз. Боғ йўлагининг бошланишида мўъжазгина ёдгорлик. Шу маҳаллада яшаб, Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган ота-боболар рўйхати… Йўлак четларида кимўзарга очилган анвойи гуллар ўтган аждодларимизга дуру саловат айтаётгандек.
     Хотин-қизлар фаоли Дилноза Бекмирзаеванинг хонасига кирар эканман, хонаки гулларнинг кўплигини кўриб, жамоадагиларнинг табиатга меҳри бўлакча экан, дея хаёл қилдим.
– Яхши ишларимиз ҳали олдинда, – дейди Дилноза опа камтарлик билан. – Январь ойидан шу ерда иш бошлаганман. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 34 йил фаолият юритдим. Университет музейини бошқардим. Шу билан бир қаторда хотин-қизлар масаласида ҳам жамоатчилик асосида ишладим. Нафақага чиққач, уйда ўтиришни ўзимга маъқул кўрмадим ва раисимизнинг таклифига асосан шу ерда ишлаяпман. Ишим ўзимга ёқади. Одамларимизнинг яхши кунида ҳам, қийин кунларида ҳам ҳамиша биргамиз. Ҳудудимизда турли тадбирлар, учрашувлар ўтказамиз. “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари анча фаол. Чунки раҳбаримиз Феруза Орипованинг ўзлари «Оқила аёллар» ҳаракатининг туман бўлими раиси ҳисобланади. Маъсуда Каримова, Муҳаббат Қосимова, Зуҳра Толипова, Карима Толиқулова сингари ҳаёт тажрибасига эга, билимдон, зукко, аёлларимизнинг олиб бораётган маърифий ишлари таҳсинга лойиқ. Кекса авдод вакиллари ҳамда ёшлар ўртасида мустаҳкам ришталарни боғлаш мақсадида маърифий тадбирлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар мунтазам ўтказилади. Кутубхонамизга кўпинча бувижонлар набираларини етаклаб келишади. Кексалар ҳамиша ёшларга ўрнак... Дилноза опа гапини тугатмасидан:
– Бугун уйимизга янги меҳмон келди, невара кўрдик, – дея бир аёл хона эшигини тақиллатиб кириб келди. – Оиламизда хурсандчилик, янги чақалоғимизнинг қадами қутлуғ келсин. Шунинг учун сизларни бир пиёла чойга таклиф қилмоқчийдим, – дедилар.
    Юз-кўзидан қувонч ёғилиб турган бу аёл Дамариқ 1-тор кўчаси, 51-уйда истиқомат қилувчи Гулнора Умматова экан. Биз пайтдан фойдаланиб, Гулнорахондан МФЙ ва унинг фидойи инсонлари ҳақидаги фикрини сўрадик.
– Яқинда ўғлим юрак операциясини бошидан ўтказди. Фаолларимиз ёрдамга келди. Феруза опамнинг ёрдами билан набираларим боғчага қатнай бошлади. Раисимиз ҳам, Дилнозахон ҳам ҳамиша чиройли муомала қилишиб, кўнглимизга қарайди.
     Гулнора опани янги набира билан қутладик. Яхши тилакларимизни билдирдик.
     Дилнозахон билан суҳбатимиз давом этди.
– Куни кеча иккита низоли оилани яраштирдик. Болаларни кўнгли бўлинишдан асраб қолдик. Улар ўз ота-оналари бағрида вояга етади энди, – дея енгил тин олдилар.
– Нима учун бу оилалар ажрашмоқчи бўлди? Балки, зўравонлик бордир, балки муносабатлари дарз кетиб бўлгандир, – дейман.
– Агар шундай ҳолат бўлса, албатта, аёлни ҳимоя қиламиз. Афсуски, жиддий сабаб йўқ. Телефон титкилаш, ноўрин рашк бир бутун оиланинг иккига бўлиниб кетишига жиддий сабаб бўла олмайди. Шу ўринда ёш оилалар телефон тутганларида одоб-ахлоқ доирасида, маданиятимизга риоя қилишларини, иложи бўлса, аёлларимиз фақат зарурат юзасидан фойдаланишларини маслаҳат берган бўлардим. Бу масалада ўзим ҳам келинларга уқтириб тураман.
    Ҳоким ёрдамчиси Шавкат Эшқобулов, ёшлар етакчиси Шаҳобиддин Жононов, профилактика инспектори Сирожиддин Шойқулов, солиқ инспектори Тўхтамурод Абдураззақов, ижтимоий ҳимоя ходими Сарвар Холназаровлар ҳам маҳалла етакчиларига камарбаста бўлишмоқда.
     Ҳудудда икки мингдан зиёд хотин-қизлар бўлиб, ҳаммасининг ҳаёт тарзи сўровномалар асосида ўрганилади. Муаммолари йил давомида ижобий ҳал этилади. Эҳтиёжманд хотин-қизларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилади, бир неча аёллар касб-ҳунарга ўқитилди ва ишга жойлаштирилди.
  Маънавий ва маърифий йўналишда ҳам кўплаб тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, аёллар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. Репродуктив саломатлик, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ва ёш никоҳланишнинг салбий оқибатлари борасида ҳам тарғибот ишлари олиб борилади.
    Фуқаро Зуҳра Тўқсонбоева биз билан суҳбатда шундай дейди:
– Уч нафар фарзанднинг онасиман. Январь ойида хатлов ўтказилди. Мени ижтимоий ҳимояга муҳтож сифатида “Аёллар дафтари”га рўйхатга қўйишди. Тадбиркорлик йўналиши бўйича мономарказга бориб ўқидим. Якка тартибдаги тадбиркорлик қилишим учун банкдан 5 миллион сўм кредит олишимга имконият яратиб беришди. МФЙ томонидан оиламизга моддий ёрдам тариқасида печь тақдим этишди. Ҳозирда мижозларимга турли хил пишириқлар етказиб беряпман. Кунига даромадим бор. Ҳаётимиз яхши изга тушди.
     Феруза опа Ориповани иш устида учратдик.
– Бизни зиёли маҳалла, деса ҳам бўлади. Севимли ёзувчимиз Ўлмас Умарбеков бизда яшаган. Аёллари Зуҳра аянинг суҳбатларини олиб турамиз.
    Раис сифатида иш бошлаганимга саккиз йил бўлди. Бу ерлар олдин эски маҳалла бўлган. Ота-онам шу ерда яшаб ўтганлар. Замонавий бинога эга бўлдик. Хоналарни жиҳозладик, боғ яратдик, новвойхона қурдик. Ҳудудимизни намунали, тоза, файзли, аҳоли интилиб келадиган жойга айлантирдик. Халқ дардини эшитадиган, еча оладиган жамоа бўлиб бирлашдик. Аёлнинг меҳри шундай уммонки, ҳаммага беради, ҳаммага етади. Унинг ўзига меҳрни ким беради? Ахир, бу меҳр чашмаси доим тўлиб туриши керак. Биз ҳам қайсидир маънода аёлга меҳр беряпмиз. Кемтик жойларини ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан тўлдиряпмиз.
    Ғайратли, шаҳдли раиса билан суҳбатимиз қисқа бўлса-да, унинг бир нечта тилларни билиши, кўп китоб ўқиши, шу ёшида ҳам ўз устида ишлаши ва билганларини атрофидагиларга улашишини билиб олдим. Ишнинг кўзини билиш, мақсадни тўғри йўналтириш, одилона бошқариш иш принциплари экан.
     Маҳалла идорасини айланар эканмиз, кенг ва ёруғ кутубхона, мажлислар зали, ҳар бир ходим унумли ишлаши учун алоҳида хоналар мавжудлигини кўрдик. Шунингдек, шу ҳудудга номи қўйилган улуғ адибимиз Абдулла Қаҳҳор сурати ҳамда унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган турли маълумотлар деворларни безаб турибди. Яхши таассуротлар билан қайтар эканмиз, ўзбек насрининг алломаси Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси беихтиёр ёдимга тушди. Асар қаҳрамони Саида “Ўзи кичкина, нимжон бўлса ҳам осмонни кўтаргудек қуввати, ғайрати бор”, деб таърифланади. МФЙ раиси Феруза опа ва Дилноза опаларни Саидага ўхшатдим. Кичкина жуссалари билан жамият равнақига, одамлар турмуш фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган “Синчалак”лар, омон бўлингиз, дея тилак билдирдик.

Ҳилола ИБРОҲИМОВА,
Тошкент шаҳри.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар