ТИЛИМИ ТИЛНИ ЁРГАН

    Онажоним (охиратлари обод бўлсин) ликопчаларда томорқамизда пишган қовундан қилинган шинни ва қовунқоқини келтириб қўяркан: “Ёзда еганимиздан ортганини шинни, қоқи қилиб қўйганимиз яхши бўлган экан, қиши билан маза қилиб ейсизлар”, – дерди. Шунда мен болалигимга бориб: “Энди ҳар куни қоқи еймизми, бармоқларим бир-бирига ёпишиб қоляпти, мунча кўп шакар сепгансиз бунга”, – деганман. Онам: “Шакар солганим йўқ, ўзи шунақа ширин, э ҳали вақти келади, “Онам қуритган қовунқоқилар бўлсайди”, деб эслаб, қўмсаб юрасизлар”. Истиқлол туфайли эришилган янги давр, обод кунларда баъзан бозорларда қовунқоқиларни кўрсам, онагинамнинг гаплари эсимга тушади ва ҳавасга олиб, тановул қиламан.
     Ховос туманининг чекка ҳудудида “Оқчангал” деган маҳалла бор. Маҳалла аҳолиси 4360 нафардан иборат. 530та хонадонда 1097 оила истиқомат қилади. Фуқароларнинг кўпчилиги қовун-тарвуз етиштириш билан машғул. Ўнлаб гектар ерларда қовуннинг 6-7 хили етиштирилади ва улар вилоятимиз ва республиканинг турли бозорларида сотилади. Ҳатто хорижда ҳам “Оқчангал” қовунлари харидоргир.
     Уддабурон оқчангалликлар қовунқоқи етиштиришда ўзига хос тажрибага эга. Бу юмушни улар ҳунарга айлантириб олишган. Боиси қишлоқдаги кекса момолар қовундан тайёрланган ширинликлар, айниқса, қовунқоқилар қишда дастурхоннинг танқис егулиги бўлганини бот-бот эслатиб туришади.
     Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Норпошша Фармонова билан суҳбатлашгудай бўлсак, ҳар гал гап айланиб қовунқоқи тайёрлайдиган тадбиркор аёлларнинг хайрли ташвишлари, ютуқлари, даромадлари, орзу-ҳавасларига тақалади.
– Қишлоғимиз аёллари “берсанг ейман...” деб қўл қовуштириб ўтирмай, оила бюджетига қўлларидан келганча ҳисса қўшишади. Ҳар бир аёл кунига ўрта ҳисобда юз минг сўмдан ортиқ даромад қилишади. Ҳар куни рўзғорга шунча қўшимча даромад кириб турса, ёмонми? Энг қувончлиси, бу маҳсулотнинг экспорти ҳам йўлга қўйилган. Ҳамдўстлик мамлакатларидан ҳам буюртмалар тушади. Оқчангалликлар Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги буюртмачиларга бир йилда минг тонналаб қовунқоқи етказиб беришади...
     Норпошша опанинг ҳамқишлоқларини алқаб гапирганича бор. Мирзақулов, Бердиев, Норжигитовлар хонадонларидаги аёлларнинг ишлари, айниқса, таҳсинга лойиқ.
     Қовуннинг “оқуруғ”, “обиноввот” кабилари пишиб етилгач, кўп сақлаб бўлмайди, сифати йўқолади. Ана шундай дамларда ҳосилни исроф қилмасликнинг энг яхши усули қовунқоқи тайёрлаш. Ҳовлиларга тортилган қатор-қатор дорларда саратондан то кеч кузгача қовунқоқилар узилмайди. Иссиқ кунларда улар бир ҳафта қуриб, тобига келади. Салқинроқ кунларда сал кўпроқ сақланади. Қуёш тафтида қовунларнинг асалдек тотли таъмини ўзида сақлаб қолган ширинлик тайёр бўлади. Саратонда қуриган қоқиларнинг таъми ҳам, кўриниши ҳам ўзига хос бўлади. Олтин рангдаги ширинлик харидорнинг эътиборини ўзига тортади. Тайёр маҳсулотлар турли шакллардаги қолипчаларга жойлаштирилгач, қадоқланиб, “Қуритилган қовун” деган ёрлиқ елимланиб, махсус қутиларга жойлаштирилади ва буюртмачиларга топширилади.
     Бу борада маҳаллада “устоз-шогирд” мактаби шаклланган, десак муболаға бўлмайди.
     Дарвоқе, қишлоқ аҳли қуритилган қовун пўчоғини ҳам исроф қилишмайди. Чунки у қишда чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади.
     Сирдарёнинг фаол, меҳнаткаш аёллари билан суҳбатимиз кечгача давом этди. Уларнинг хайрли ишлари, режалари билан танишиб қайтарканмиз, барчасига катта ютуқлар, оилавий хотиржамлик, соғлик-омонлик тиладик.

Холида ПАРДАБОЕВА,
“Саодат”нинг Сирдарё вилояти мухбири.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар