МАҲАЛЛА ҲАЁТИ
«КАТТА ҲАСАНБОЙ»НИНГ БОЙЛИГИ ОДАМЛАР
Қуёш кўтарилмасдан туриб маҳалла раисининг кўчаларни айланиб чиқиш одати ҳаммага таниш. Шунинг учун жонсарак бувилар, оналар уфққа қизиллик ина бошлагач:
– Тура қолинглар. Ҳализамон Сабурахон билан Ноила опаларинг ўтиб қолади. Эшик-элларга бир қараб қўйинглар, – дея қиз-келинларини уйғота бошлайдилар. Аслида хонадон катталари ёшларини ундамасалар ҳам ”Катта Ҳасанбой” маҳалласининг нон-тузини озми-кўпми тотиб кўрган одам борки, покизалик, ободлик бу маҳалла учун жуда катта аҳамият касб этишини яхши билишади.
– Туни билан ҳар шарпадан огоҳ бўлиб юрадиган посбонимга ҳам ишонаман. Лекин барибир кўчаларимни бир айланиб чиқмасам, боласига етмиш икки томири билан боғланиб яшайдиган онадек хавотир олавераман. Меҳнаткаш қўлларнинг меҳнатда, кексаларнинг иззатда, болаларнинг парваришда эканлигини билганимдан сўнг кўнглимга осойишталик инади, ишим уна бошлайди, – дейди саккиз йилдан буён шу маҳаллага раҳбарлик қилаётган Сабура Норметова.
Пойтахтнинг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган бу маҳалла қайси замонлардадир Тошкентнинг баҳаво, хуштабиат гўшаларидан ҳисобланган. “Ҳасанбой узумлари” дея довруқ таратган ёзу кузнинг ширин неъмати фақат яқин атрофларда эмас, олис-олисларда ҳам севиб тановул қилинган. Аммо юртимизда узоқ давом этган қарамлик тузуми боис кўклиги кўзни қувонтирадиган бу жойлар ҳам аста-секин файзини йўқотган.
– Мен келиб маҳалла ундай бўлиб кетди, бундай бўлиб кетди, дея кўксимга уришдан йироқман. Биз ҳам кўп қатори юртимиз эгаларининг фуқароларимизни рози қилиш сиёсатига камарбасталик қиляпмиз. Аслида ҳудудимиз аввал “Шарқ ҳақиқати” маҳалласига қараган. Мен кўчабошилардан бири эдим. Ажралиб чиқаётган пайтимиз фуқаропарварлиги билан аҳоли ишончига кирган маҳалла оқсоқолимиз, устозим Шавкат ака Ирисметовга: – Раисликка номзодим бор экан. Биласиз, мен тикувчиман. Ўрганган ишимни қилсам, дегандим, – дея раддияга майлим борлигини билдирган эдим, у киши:
– Сабурахон, одамнинг қўл-оёғи тафаккури, юрагининг амри билан ҳаракатга келади. Сиз турфа феъл-атворли кишиларни бир мақсад йўлида жипслаштира оласиз. Шунча меҳнатим сингиган жойни сиздан бошқасига ишонгим келмаяпти, дедилар. Нимаям қилардим, кўпни изидан эргаштириш санъатини ўргатганлар, шу-шу бир маҳаллага бош бўлиб қолдим, – дейди қаҳрамонимиз энди иш бошлаган кунларини эслаб.
Тикув машинасининг “ғир-ғир”и кимнингдир асабига тегиши мумкин, аммо чевар уни куйдай эшитади. Эн матонинг қайчидан чиқиб, қирқимга айланиши, сўнг ундан чиройли шакллар яралиши, балки, ким учундир шунчаки ишдир. Аммо ҳунарини севган тикувчи учун бу жараён мўъжизанинг ўзи. Сабурахон қайчисию тикув машинасини ишхонасида қолдириб кетди, лекин ўша бир ишни бошласа, охиригача тинчитмайдиган юрагини ўзи билан бирга янги иш жойига олиб келди. Давр талабларидан келиб чиқиб, энг аввал маҳалла кучини қийин жабҳаларга йўналтирди. Бошпанаси йўқ фуқароларнинг рўйхатини шакллантирди. Болалари билан қайси бир ташкилотнинг қоровулхонасида ночор кун кўриб юрганлар, ертўлада яшаётганлар... Аслида ўша пайтда маҳалланинг ўзининг ҳам бошпанаси йўқ эди. Маҳалла бошчилари гоҳ “Шарқ ҳақиқати”га тегишли бир хонада, гоҳ ижара уйда йиғилиб маслаҳат қилишарди. Янги раис:
– Бир, иккита бўлсаям, оилаларимнинг бошида бошпанаси йўқ экан, мен ўзимга идора қуришга хижолат бўламан, – деди.
Қиш-қировли кунларга қолдирмай, қўли юпқа оилаларни барча шароитлари бор замонавий уйларга киритиб қўймагунча, Сабура опа қурилиш бошида турди. Исмлари “шифер, ёғоч, тунука, тўсин бўлди ўша пайтлари. Қурилиш ташкилотлари раҳбарларими, қўлида маблағи бор Руҳилла Убайдуллаев, Зафар Маннонов каби олийҳиммат маҳалладошларими, раисга дуч келиб қолса:
– Эшик юборайликми, деразами... – дея ҳазил қилишарди.
Уйлар ҳам битди, ватансизлар ватанли бўлишди. Аммо кўпнинг ташвиши ҳам кўп-да, кўчалар ўйдим-чуқур бўлиб кетган, айниқса, ичкарилар таъмирталаб. Аскарият хонадонларда канализация тизими йўқ. Кўчаларни тунда ёритувчи чироқлар масаласи ҳам муаммо бўлиб ётибди. Газ, чироқ дегандай...
– Одамлар сув йўқ, деб гул, дарахт ўстирмасликка, маблағ йўқ, деб ҳовлилари, кўчаларига кўрк бермасликка кўникиб қолмаслиги керак. Уларда обод яшашга, фаровон яшашга интилиш уйғотиш керак. Маҳалла фаоли Ноила Миряқубова, ҳоким ёрдамчимиз Ойбек Уралов каби қанотларим билан бирга ана шу ниятда хонадонларга яхши маънода “юриш” бошладик, - дейди раис: - Эҳ-ҳе, “Катта Ҳасанбой”да бир-икки йиллар оралиғида катта ишлар бўлиб кетди. Лимон етиштирадиган миришкорлар ҳам, атиргул ўстирадиган боғбонлар ҳам, оддийгина кўкатларни экиб, оиласини обод қиладиган ишбилгич аёллар ҳам бизда экан.
Албатта, опа Ҳафиза Абдуллаевадек игна-ипга уқувли аёлнинг сокин уйини тўй кўрпа-кўрпачаларини қавиб тадбиркорлик қиладиган хонадонга айлантиргунча банкларга қатнади, бозор, шартнома дегандай – тадбиркорликнинг муҳим жараёнларида ёнларида турди. Энди Ҳафизага эргашиб Дилноза Каримова иш бошлади. Даврон Эгамбердиев эса оиласи билан гулчилик аталмиш зариф бир машғулотнинг қўлидан тутди.
– Чор атрофимиз тобора чирой очмоқда, деб суюнамиз. Йўлнинг ғадир-будурини ҳам, иморатларнинг паст–баландини ҳам ҳаракат билан тўғирласа бўлади. Аммо баъзиларни йўриғингга юргизиш осон кечмайди, – дейди Ноила Миряқубова суҳбатимиз оила мустаҳкамлиги, ёшлар тарбияси масаласига келганида. – Мана, ҳозир ҳам бир оиладан хабар олиб келяпман...
Унинг айтишича, ёшгина эр-хотинни бир кунда юзкўрмас қилиб қўйган низо оддийгина воқеадан чиққан. Эри усталарга овқат қилиш учун олиб келган масаллиқларни келинчак кун бўйи остонадан олмаган. Эрталаб “Уста боқишга харажат қолмади, бугун нима овқат қиламан”, дея ғишава қилганда қаттиқроқ гапирган эрига аччиғи эди унинг бу қилгани. Ишдан келгач, масаллиқларнинг қуёшда куйиб ётганини кўрган эр рафиқасига қўл кўтарган. Келинчак тугунини кўтариб, ота уйига равона бўлган.
– Ярим тун бўлиб кетди, отаси: “Зўравонга берадиган қизим йўқ”, дейди, ялинамиз, тушунтирамиз, қани гап уқишса...
Ноиланинг ёнига Гулнора Камолова, Гулчеҳра Сагдуллаева каби кайвонилар тушишди, ниҳоят вақт алламаҳал бўлганида келинчакни уйига қайтариб олиб келишибди, эр-хотин, қайнона–келин орасида илиқлик уйғонгандек бўлибди.
– “Катта Ҳасанбой”нинг ёшлари, болаларининг саломатлиги, иқтидори, маънавиятига эътибор қаратиш менинг вазифамга киради, – дея бу ҳудудда бўлаётган яна бир йўналиш билан таништиради ёшлар етакчиси Дилором Ҳожиева. – Ўсмирларимиз футбол бўйича ўтказилган мусобақаларда чиройли ўйин кўрсатиб, ўз тенгдошлари орасида шаҳарда биринчи ўринни олишибди. “Беш ташаббус” доирасида ўтказилган мусобақаларда спортнинг шахмат-шашка турида иштирок этган Сарвиноз Деҳқонова ҳам шаҳар беллашувларигача етиб бориб, иккинчи ўринни эгаллабди.
“Катта Ҳасанбой”да спорт майдончаси, турли маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, хусусий боғчалар бор. Аммо беш мингдан зиёд аҳоли яшайдиган ҳудудда давлатга тегишли мактаб ва мактабгача таълим ташкилотига эҳтиёж бор. Уйсизларга уй, ишсизларга иш топиб бераётган, кимга субсидия асосида болаларни уқалаш аппарати, кимгадир ўз ишларини реклама қилиш учун компьютер олиб бераётган етакчиларнинг, албатта, мактаб ва боғчалар борасида ҳам ҳаракатлари бор.
Сабура Норметова ҳам, Ноила Миряқубова ҳам уч нафар фарзандларнинг оналари. Ўзларига яраша оилавий ташвишлари бор. Лекин айни пайтда иккови ҳам сиртдан ўқиб олий маълумот олишмоқда.
– Айни кунларда мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллик байрамини муносиб тарзда нишонлаш тараддуди билан яшаяпмиз. Кунора ҳашар. Аҳолимиз ҳашарнинг хўп ҳадисини олган. Ўзига тўқ хонадонларимиз кўп, уларнинг савоби саноғидан ҳам кўп. Давлатимиз раҳбари меҳнатларимга эътибор қилиб, “Дўстлик” орденига муносиб кўрганларида, “Намунали маҳалла”лар қаторида саналиб, “SPARK” автомобили билан мукофотланганимда кўнглимда, уйимизда байрамлар бўлган эди. Бахт истаган, бахт излаган ва топаётган опа-сингилларимизни шу шукуҳли сана билан табриклайман. Тинчлигимиз, чин меҳнат орқасидан топаётган фаровонлигимиз бардавом бўлсин, - дейди Сабура Норметова журналхонларга байрам тилакларини сўраганимизда. Биз ҳам ёнингизда дуога қўл очиб турибмиз, ижобат бўлсин.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА