МЕҲР БЕРГАН ИЗЗАТ ТОПАДИ

 

МАҲАЛЛА ҲАЁТИ

МЕҲР БЕРГАН ИЗЗАТ ТОПАДИ

     Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳудудида жойлашган “Ромитан” маҳалласи фаоли Нафиса Қурбонова бу вазифани зиммасига олгач, дастлабки пайтларда ўзини бир чексиз уммоннинг ичига тушиб қолгандек ҳис қилди. У аввал ҳам одамлар билан бирга ишлаган эди. Аммо кўплар, айниқса, аёллар ҳаётига кириш, уларни эшитиш, ташвишу қувончларига шерик бўлиш инсондан жуда катта куч, фидойилик талаб қилар экан. Нафиса опа илк иш кунида маҳалла паспортини ўрганар экан, жадвалдаги “Хотин-қизлар...” деган ёзувнинг ёнидаги 1268 рақамига кўзи тушиб, бир қалқиниб олди. Чунки булар шунчаки рақамлар эмас, ҳар бирининг орқасида тақдирлар, ибратлар, муаммолар бор. Кунларини оилалар ҳаётини чуқурроқ ўрганишдан бошлади. Опа-сингил Зарнигор ва Зебунисолар Нафиса опа бу вазифага келгунича ҳам бир неча бор доимий даромад келтирадиган иш сўраб мурожаат қилган экан. Маҳалла хотин-қизлар етакчиси улар билан суҳбатлашиб, икковининг ҳам новвойликка уқуви борлигини билди. Субсидия асосида нон пиширадиган печь олиб берди, катта-кичикнинг кўмаги билан тандирхона ҳам қурилди. Кўп ўтмай, уларнинг кулча ва патирлари тилга тушди, буюртмалари кўпайди.
     Рафиқа Баротова ҳам “Аёллар дафтари”да ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхатида турар экан. У ҳам печь билан таъминланди. Бугун кимнингдир уйига бехосдан меҳмон келиб қолса ё бирор йиғинми, маъраками ўтадиган бўлса, Рафиқа опанинг пишириқ, сомсалари дастурхонни безайди.
    “Аёллар дафтари”да исм-шарифлари қайд қилинган 41 нафар хотин-қизларнинг бандлик билан таъминлангани “Ромитан” бекасининг ҳамиша қизғин фаолиятда эканидан дарак беради. Бепул ҳадя қилинган тикув машиналари, томорқага қурилган иссиқхоналар оилалар учун жуда яхши даромад келтирмоқда. Аввал ҳам кимдадир кўрпа-тўшагини қавитиш эҳтиёжлари, бошқа бировда эса шу ишни қилиш имконияти бўларди. Аммо уларни бир-биридан хабардор қилиш, қизиқишни касб-ҳунар даражасига кўтариш учун Нафиса Қурбонованинг раҳбарлиги керак бўлди. Опа бутун маҳалла ҳаётини қамраб олиш, ҳеч бир оилани назардан четда қолдирмаслик учун Дилбар Тўхтаева, Зайнаб Бобомуродова каби эл таниган, бошқаларни изидан эргаштириш қобилиятига эга аёлларни ёнига олди. Раҳбарликнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, киши кўпроқ бировлар ҳаёти билан яшайди. Ўзининг ташвишларини қалбига кўмади. Нафиса опанинг ҳам ҳаётида оғир пайтлар бўлди: ўн яшар қизалоғи автоҳалокатда нобуд бўлди. Опа учун ҳаёт тугагандек эди. Аммо иш, юки унча енгил бўлмаган бурчлари уни йўқотиш изтиробларидан тортиб олди. Яратганнинг инояти, деймизми, ўша пайтлари вафот этган қариндошларининг ўсмир фарзанди уйларига келиб қолди.
– Сиз билан яшасам майлими? – деган саволи фарзанд доғида куйиб турган она қалбига малҳамдек туюлди. Улуғбек Нафиса опанинг ўз фарзанди Беҳзодга туғишгандек бўлиб улғайди. Ўғилларини уйлантирди, неваралар кўрди. Келинлари ҳам иноқ, аҳил яшашади. “Ромитан” маҳалласининг вилоятда танилиб тилга туша бошлагани Нафиса Қурбонованинг бир қувончи бўлса, оиласининг тинчлиги яна бир шодлиги.
     Маҳалланинг танилишидан бежиз сўз очмадик, 2023 йил қилинган ишлар якуни турли танловларда ҳам кўзгудагидек намоён бўлди. Қаҳрамонимиз “Йил аёли” танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика босқичида иштирок этди. “Ромитан” маҳалласи ютуқлари кенг миқёсда кўринди, эътироф этилди. Одамларнинг тўкис, осойишта яшашлари учун сарфлаган кучи, берган меҳри туфайли элдошларига севимли бўлаётган бу серғайрат аёлни ҳали кўп бор қадр давраларида кўришдан умидвормиз.


Махфират АТОЕВА,
Бухоро вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар