ИСТЕЪДОДНИНГ ОЛМОС ҚИРРАЛАРИ

 ФАНИМИЗ ФИДОЙИЛАРИ

ИСТЕЪДОДНИНГ ОЛМОС ҚИРРАЛАРИ

    Филология фанлари номзоди, устоз Тожихон Собитова салкам ярим аср ЎзМУ (аввалги ТошДУ) доценти лавозимида фаолият олиб борди. Ҳозир Чирчиқ давлат педагогика университетининг гуманитар фанлар факультети доценти лавозимида ишламоқда. У бир неча марта Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг, университет ректорати “Фахрий ёрлиқ”лари ва “Ташаккурнома”лари билан тақдирланган.
Олийгоҳлар ҳамма битирувчиларни ҳам ўз бағрида олиб қолавермайди. Энг иқтидорлилари, илм заҳматини кўтаришга қодирларгагина эшикларини очади.
     Фольклоршунослик, адабиётшунослик фанлари тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган устоз олима 1948 йилнинг 8 май санасида Ўш шаҳрида таваллуд топган. 1967-1972 йиллар мобайнида ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди.
     Аълочи, жамоатчи талаба ўқишни тугатиши билан Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида қолиб ишлашни бошлади, сиртдан аспирантурани ҳам бу маскандан узоқлашмай ўқиб тугатди. 1984 йилда Бокуда Озарбайжон фанлар академияси Низомий номидаги адабиёт институтида “Ўзбек халқ достонларида конфликт” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Ўзбекистон ёш олима аёлларнинг илмий салоҳияти юксак эканлигини кўрсатди.
     Олима ЎзМУнинг филология ва журналистика факультетларида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент лавозимларида фаолият олиб борди. Ўзбек филологияси факультети маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари, “Қизлар клуби” раиси, факультет хотин-қизлар кенгаши раҳбари... Бу тарздаги бир-бирига ўхшаган, ўхшамаган вазифаларни аъло даражада бажариш учун қаҳрамонимиз ҳамиша ҳаракатда бўлди.
     Унинг олий ўқув юртлари учун “Ўзбек фольклори” дарслиги, академик лицей ўқувчилари учун (ҳаммуаллифликда) яратган “Халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслиги бир неча бор нашр этилиб, ўқитувчилар асосий қўлланма сифатида фойдаланишади.
     Тожихон Собитованинг 15 дан ортиқ китоблари (дарслик, ўқув қўлланма, ўқув-услубий қўлланма, монография ва бошқалар), юздан зиёд илмий-услубий, илмий-оммабоп мақолалари республикамизнинг журнал ва газеталарида, бир қатор хорижий давлатлар матбуотида ҳам нашр этилди.
     Республика ва халқаро илмий анжуманларда ўз мақолалари ва тезислари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
ЧДПУда устоз-шогирдлик тизими яхши йўлга қўйилган. Айни кезда унинг 10 нафардан ортиқ шогирдлари ва 2 нафар магистри илмий-тадқиқот ишларини самарали олиб бормоқда. Шогирди Акбар Кароматов йил танлови ғолиби ва Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди.
     Тожихон Собитова кўплаб танловларда иштирок этган. Тилшунослик, фольклоршунослик, адабиёт тарихи фанларидан қизиқарли очиқ дарслар ўтказган моҳир педагог сифатида олимлар томонидан тан олинган. Илм аҳли унинг фольклор ва адабиёт тарихи фанидангина эмас, балки тилшуносликнинг барча йўналишларида ҳам дарс бериш лаёқати юқорилигига ишонч ҳосил қилганлар.
     Янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг бугунги тараққиёт босқичида миллий-маънавий қадриятларга, баркамол ёш авлод тарбиясига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, китобхонликка янада кўпроқ эҳтиёж сезилаётган бир даврда миллат қалбидан жой олган, миллий шуурнинг ёрқин ёғдуси саналмиш халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиёт тарихи дурдоналаридан баҳраманд бўлишнинг аҳамияти беқиёсдир.
     У талабалар билан “Ватанни севмоқ иймондандир!”, “Мен Ватан фарзандиман!”, “Ватаним – фахрим”, “Ёшлар маънавияти – Ватан истиқболи!”, “Ёшлар, қадриятларимиз ва урф-одатларимизни эъзозланг!”, “Навоий ижоди – маънавият қуёши!” каби тадбирларни тайёрлар экан, ёшлар қалбида Ватанимиз, халқимиз, қадриятларимизга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашни мақсад қилади.
     Кўп йиллар давомида факультет қизларининг онахони сифатида “Қизлар клуби”ни, “Зулфияхоним қизлари” ижодий гуруҳини бошқарди. Ёш хотин-қизларни нафақат илм олиш йўлида, балки уларни ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга, оила муқаддас даргоҳ эканини ҳис этиб яшашга ундади, ўз ибрати билан уларга сабоқ берди.
     Ёш авлодга билим ва тарбия беришни ҳаётининг мазмунига айлантирган опа ўзи меҳр қўйган соҳада завқ билан ишлайди. Чирчиқ давлат педагогика университетида зиёли муҳит ҳукмрон. Талабалар илмга чанқоқ. Ҳақиқий педагог ва олимга кераги шу эмасми? Улуғ мутафаккир Фаридиддин Атторнинг “Доимо бўлгум десанг соғу омон, яхшилик кўрсин сендан бутун жаҳон”, деган мисралари гўё Тожихон опа каби илм фидойиларига атаб ёзилгандек.

Маъмуржон ҚИЁМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар