МАҲАЛЛАНИНГ ВИЖДОНИ

 

“ОҚИЛА АЁЛЛАР” ҲАРАКАТИ

МАҲАЛЛАНИНГ ВИЖДОНИ

     “... Бу ҳаракат том маънода маҳалланинг виждонига айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

     Тарихдан маълумки, ҳар қандай халқнинг, миллатнинг етуклик даражаси, аввало, хотин-қизларнинг билим даражаси, интеллектуал салоҳияти, ижтимоий-сиёсий фаоллиги орқали намоён бўлади. Шу боис Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс ғояларининг ҳақиқатга айланишида ҳам мамлакатимизда катта маънавий куч ҳисобланган билимдон, салоҳиятли хотин-қизларнинг ўзига хос салмоқли ўрни бор, албатта. Уларни юртимизда шиддатли тарзда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг етакчи кучларидан бирига айлантириш, илмий, маърифий имкониятлари, ҳаётий тажрибаларидан давр тўлқинларида юзага чиқаётган муаммоларни бартараф этишда фойдаланиш зарурати туфайли бундан бир йил аввал Республика “Оқила аёллар“ ҳаракати ташкил этилди.
     Бугун ташаббускор, фидойи аёллардан иборат аъзолар сони 150 минг нафарга яқин бўлиб, жамиятда янги маънавий макон яратиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширмоқдалар. Ҳаракатнинг асосий таркиби профессор, фан доктори, фан номзодлари даражасидаги хотин-қизлар, таниқли ўқитувчилар, шифокорлар, бундан ташқари, оила илмининг билимдони бўлган тажрибали онахонлар. Бир сўз билан айтганда, тафаккур тарзи, фикрлаши, ифода услуби билан турли тоифадаги хотин-қизларни ўзига эргаштира оладиган, бугунги замон эврилишларини тушунтириб, порлоқ эртамизга ишонч уйғотиш имконига эга бўлган етук шахслардир. Улар “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” тарзда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борадилар. Яна ҳам аниқроғи, ҳар бир ҳодисага, ҳар бир шахсга индивидуал ёндашадилар. Ҳаракат фаолиятидан катта самара кутилаётгани учун фаолиятимизнинг аввалиданоқ аниқ мақсад, қатъий интизом асосида ишга киришдик. Юртимиздаги ўн мингга яқин маҳаллаларнинг ҳар бирида, вилоят, туман, шаҳарларда танланиб, тайинланган аъзоларимиз учун семинарлар, ўқув машғулотлари ташкил қилдик. Йўриқномалар, дастурлар билан таъминладик. Бу жараён ҳамон давом этмоқда. Чунки ҳаёт бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. “Оқила аёллар” замон билан бирга қадам ташлаши даркор.
     Кимдир ёки кимлардир якка тартибдами ёки оммавий тарздами ҳаёт майдонига яхшилик истаб, эзгуликларга камарбаста бўлиб чиқар экан, у биринчи навбатда нимага хайрихоҳу нимага қаршилигининг сарҳадларини аниқ белгилаб олиши даркор.
     “Оқила аёллар“ ҳаракати амалдаги мамлакатимиз қонунлари, Президентимиз фармонлари доирасида фаолият юрита бориб, асосан, минг йиллардан буён халқимиз билан бирга турли тўфонлардан омон ўтиб келаётган, даврдан даврга сайқал топаётган қадриятларимизга таянади.
     Бугунги тезкор тараққиёт даврида баъзи оилалардаги нотинчлик, оилавий ажрим, эрта турмуш ва эрта туғуруқ, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, ЖИЭМдаги ва ундан қайтганлар, хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш, меҳнат билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, радикаллашув, шаръий никоҳ, интервалсиз туғиш борасида қатор муаммолар мавжуд.
     “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ушбу муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишдек машаққатли, аммо ўта долзарб бир вазифани зиммасига олган, бугун шу йўлда астойдил жонкуярлик қилаётган жамоа ҳисобланади.
     Давлатимиз раҳбари ҳар доим айтганларидек: “Иложи борича, аёлларимизнинг дардини, ташвишларини севинч ёшига, ғалаба ёшига, муваффақият ёшига, натижа ёшига айлантиришга ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз".
     Ҳудудларда катта тайёргарлик билан ўтказилган “Хотин-қизларни эъзозлаш” ҳафталиклари доирасида опа-сингилларимизнинг илм-фандаги ролини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтди. Бу йиғинлар шунчаки кимдир минбардан сўз айтиб, бошқалар эшитибгина ўтиб кетадиган тадбирлар эмас.
     Тадбирлар, маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқотлар жараёнида минглаб хонадонлар ўрганилиб, кўплаб муаммолар аниқланиб, оилалардаги ажрим ҳолатлари, тазйиқ ва зўравонлик, оилавий нотинчликлар, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш каби муаммолар ижобий ечимини топди. Сарҳисоб дафтарларимизга қайд қилинган мана бундай ёзувлар ана шу рақамлар орқасидаги тақдирлардан ҳикоя қилади:
     “ ... Н. исмли ўн саккиз ёш қизни бадавлат тоғасининг ўғлига ими-жимида узатишмоқчи бўлишаётган экан. Қиз ўқийман, деб ҳужжатларини олиб уйидан қочиб кетган. Ҳаракат аъзолари бундан хабар топади ва ҳужжатини ўқишга топшириб бир кун шаҳарга келиб қолган ҳамқишлоқлариникида, бошқа кун темир йўл бекатида тунаб юрган қизни институт ётоқхонасига жойлаштирди. Яқинлари билан учрашиб, исталмаган никоҳни тўхтатишга эришдилар”.
     “...К. исмли аёл Россияга кетган эрининг уйланиб олганлигини эшитади. Гўдак болаларини синглисига ташлаб “Бориб юзсизни топаман, аввал уни бир ёқлик қиламан, кейин ўзимни...” деган қаҳр билан йўлга отланган аламзада аёл билан юзма-юз бўладилар. Кўпни кўрган кайвони, оқила онахонлар, психологларнинг суҳбатлари таъсирида аёл ўзига келади. Бизнинг кўмагимиз билан айни пайтда сут фермасида ишлаяпти. Унинг эри билан ҳам телефон орқали музокаралар олиб борилмоқда”. Яхшилик билан ҳал қилинаётган, оилалар, маҳаллалар муҳитини соғломлаштириш юзасидан амалга оширилган бундай ишларимиз ўзимизга бошқача бир руҳ беради. “Уддалаяпмиз, ишончни оқлаяпмиз”, деган ички бир қониқишдан куч оламиз. Қанотимизни яна ҳам кенгроқ ёзамиз. Бизнинг бир эмас, икки эмас, тўртта телеграм каналимиз бор.Тадбирлардан ташқарида ҳам энг узоқ ҳудудлар билан зумда боғлана оламиз. Масофадан туриб ишлаш, ўзаро тажриба алмашишда қўл келади. Йўлимиз яқин бўлади. Биз тарғибот-ташвиқотнинг, якка суҳбатларнинг турли усулларидан фойдаланамиз. Мақсад – фуқароларимизга яқин бўлиб, уларни ташвишлари билан ёлғиз қолдирмаслик. Ички имкониятларини уйғотиш. Ўзининг қадрини, аввало, ўзига билдириш, жамиятнинг фаол аъзоси даражасига кўтариш. Мана, “Ўзбекистон” телеканалида “Оила олами” деган кўрсатув ташкил қилинди. Ҳафтада бир марта эфирга чиқадиган бу кўрсатувнинг битта сонида учинчи шахслар аралашуви билан оилаларнинг дарз кетиши масаласи муҳокама қилинган бўлса, навбатдагисида ҳаё, ибо аёл кишининг зийнати эканлиги мавзуси кўтарилди. Диндаги ҳаддан ошишларнинг зарари, кийиниш маданияти, кийинишдаги миллийлик ва тақлидчилик каби бугунимиз учун ниҳоятда зарур мавзулар атрофида соҳа мутахассислари, катта ҳаёт мактабида дарс олган онахонлар суҳбатлашадилар. Шарқ аёлининг танглайи панд-насиҳат билан кўтарилган. Албатта, айтилган сўзлар шамолда қолиб кетмайди. Айни пайтда гуруҳлар таркибига энг фаол, тажрибали ва ташаббускор аёллардан иборат қўшимча аъзолар киритиш ҳақида ўйлаяпмиз. Таълим тизимларида “Оқила қизлар” ҳаракати гуруҳлари ҳам шакллантирилса, фаол, намунали, ахлоқ-одобли қизлар салоҳиятидан ҳам сафдошлари фаоллигини оширишда фойдаланган бўлардик. Халқимизда: “Кўпнинг иши хўп”, деган нақл бор. Иш бошлаганимиздан буён ўтган бир йил тарих олдида ҳеч нарса эмас, лекин “Оқила аёллар “ тушунчасининг ҳаётимизга кириб боргани, бу ном атрофида умид, ишонч каби туйғуларнинг айланиб юргани биз учун ниҳоятда муҳим. Ҳамиша бажарилган ишдан мақсаддагиси кўпроқ, улуғворроқ, залворлироқ бўлади. Биз бир юз эллик минг кишилик маърифат, маънавият лашкарлари ҳамкорларимиз билан биргаликда мустақиллик шарофатидан бахт маконига айланаётган юртимизни яна ҳам юксалтиришдек буюк бурчни адо этишга шайланиб яшаяпмиз.

Ойниса МУСУРМОНОВА,
Республика “Оқила аёллар” ҳаракати етакчиси, педагогика фанлари доктори, профессор.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар