МАҲАЛЛА ҲАЁТИ
ҚАТОРИНГДА НОРИНГ БЎЛСА
Хозир қайси вилоятимизга бориб, маҳалла ораласангиз, ободончиликдан кўзингиз қувонади. Яхши ишлар бошида турган серғайрат инсонлар борлигидан кўнглингиз тўлади. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманига қарашли “Жиззахлик” маҳалласи ҳам ҳудудда тилга тушган маҳаллалардан ҳисобланади.
– Фидойиликдан гап бошласам ҳаммамизга ўрнак Дилбар опа Саидованинг исми энг аввал тилимга келади, – дейди маҳалла фаоли Гавҳар Жамолова.
Дарҳақиқат, айнан маҳалла тизимидаги алоҳида хизматлари учун жорий йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган Дилбар Саидованинг ташвишу қувончлари кўп йиллардан буён “Жиззахлик” билан боғлиқ. Гарчанд опа туман “Нуроний” жамғармаси қошидаги “Бувижонлар” жамоатчилик гуруҳи раиси сифатида 48 та маҳалла билан ишласа ҳам, меҳнати сингиган, халқона айтганда, ўтидан кириб, кулидан чиқадиган ўз ҳудуди ҳақида гапирганда бошқача бўлиб кетади.
– Она, буви борки, ўзидан ҳам кўпроқ болаларини ўйлайди. Яқин-яқингача бизда болалар боғчаси масаласида бироз муаммо бор эди. Фарзандларининг кичкинтойлар муассасасида тарбияланишини ҳамма аёл орзу қилади, лекин барча ҳам боласини хусусий боғчаларга бера олмайди. Шунинг учун биз кўплашиб давлат тасарруфида бўлган муассаса учун ҳаракат қилдик. Мана, яқинда 250 ўринли ДМТТ тўлиқ таъмирланиб, ишга тушди, – дея янгиликлардан сўз очади опа.
Дилбар Саидованинг меҳнат китобига бундай қувончли воқеалар, ойда, йилда эмас, деярли, ҳар куни ёзилади. Маҳаллада миллий таомлар тайёрлайдиган иккита ошхона очилди. “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 19 нафар аёллар шу ошхоналар ишга тушгач, доимий иш билан таъминланди.
Ишга эҳтиёжи борларга даромад йўлини топишда кўмаклашиш маҳалла фаолиятининг бир томони, холос. Аҳолининг саломатлигини асраш, соғломлаштиришга эҳтиёжи борларга моддий ёрдам уюштириш ҳам уларнинг эътиборида турган масалалардан ҳисобланади. Санобар Бобоева, Маъмура Даминоваларга жарроҳлик операциялари тўловларининг бир қисмини қоплаш учун ёрдам берилди. Фуқаро Гулноза Санаеванинг ўғлининг кўзини операция қилиш учун ҳам тўлов амалга оширилди. Албатта, кимдир дарди борларни эшитиб, бу дарднинг дармони учун ҳаракат қилмаса, ўз-ўзидан ҳеч бир эзгулик ўртага келмайди. “Жиззахлик” маҳалла жамоатчилик кенгаши фаоли Дилбар Саидова бундай ишларда пишиб кетган. Қайси идора, қандай ташкилот билан қай йўсинда одамлар фойдасига иш битиришни билади. Ўзи ўқитувчидан чиққани учунми, моддиятга қанча аҳамият берса, маънавиятга ҳам шунча эътибор қаратади. “Китобхон оила” танловида маҳалла аҳли жуда фаол иштирок этади. Ҳалима ва Абдувоси Урдушовлар, Лола ва Ўктам Ҳошимовлар оиласининг китобхонлиги ҳамманинг ҳавасини келтирди. Дилбар опа бундай оилаларни рағбатлантириш учун ҳомийлар топади.
– Жисмоний, маънавий баркамоллик учун қандай янгиликлар ҳаётга татбиқ этилаётган бўлса, бизнинг маҳалла ҳам бундан хабар топади. Ўзига нималардир олади, – дейди қаҳрамонимиз эрталабки сайр ҳақида гапираётиб. Гап шундаки, “Жиззахлик” аёллари ҳали қуёш қиздирмай туриб, кўчалар бўйлаб пиёда юриш қиладилар.
– “Меҳр карвони” деб аталган ижтимоий гуруҳимиз бор. Улар ҳар бир хонадоннинг яшаш тарзидан, оғир-енгилидан хабардор. Ҳеч қачон ҳеч кимни ўз ташвиши билан ёлғиз қолдирмаймиз....
Дилбар Саидова шу ва бошқа ташаббусларнинг ичида ҳар доим ўзи бўлгани учун гаплари асосли, ишонарли.
“Бундай тизим биздан бошқа ҳеч қаерда йўқ”, деган таъкидни кўп эшитамиз. Одамлар бирикиб маҳаллани, унинг ўзига хос яшаш тарзини яратгани каби маҳалла ҳам қаҳрамонимиз каби жонкуярларни яратади. Дунёда меҳр аталмиш ҳиссиётнинг умрига умр қўшаётгани учун барча яхши яратувчи ва яратиқлар омон бўлсин!
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,
Жиззах вилояти.