МАҲАЛЛА ҲАЁТИ
ҲАР ОИЛА ТАЯНЧИ
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ҳудудидаги “Гўзал” маҳалласида кейинги пайтларда замонавий типдаги бир неча янги кўп қаватли уйлар қурилди, аҳолиси яна ҳам гавжумлашди.
Ичимлик сувию электр энергияга ёлчимай келаётган эски маҳаллага 2017 йилдаги давлат раҳбарининг ташрифи толенинг бир инояти бўлди. Маҳалланинг ўша пайтдаги раиси Абдураҳмон Эрмаматов билдирган таклиф билан давлат томонидан биргина ичимлик сувининг ўзи учун олти миллиард сўм ажратилди: ичимлик суви, электр билан боғлиқ муаммолар бутунлай бартараф этилди. Янги трансформаторлар ўрнатилди. Илгари Зангиота туманига қараган, эътибордан бироз четда турган “Гўзал” пойтахтнинг обод ва чароғон гўшасига айланди.
Хотин-қизлар бўйича маҳалла фаоли Наргиза Ёдгоровани айни қизғин иш бошида учратдик.
– Бир ярим мингдан зиёд оиламиз бор. Мен ана шу инсонларнинг ҳаёти билан яшайман. Уларнинг дарди – дардим, қувончи – қувончим. Ўз оиламга вақт тополмай қолишим мумкин, лекин зарурият туғилганда улар учун ҳамиша вақт топаман. Мана бугун “Аёллар дафтари” рўйхатига кирган 38 нафар аёлга бир марталик ёрдам пули ажратилди. Булар орасида бир аёлимизга нейрожарроҳлик операцияси учун йигирма миллион тўлаб берилади. Йил якунига қадар кам таъминланган хотин-қизларнинг ҳаммасига ёрдам пули берилади. Бу борада барча саъй-ҳаракатларимиз уларнинг оёққа туриб олишига, ўзлари бир ишнинг бошини тутишига қаратилган.
Саховат кўмаклари фақат менинг маҳалламда амалга ошяпти, дейишдан йироқман. Бу ҳукуматимизнинг хотин-қизларимизга эътибори белгиси. Биз фақат воситачимиз, холос.
Саккиз йилдан буён шу тизимда фаолият юритаётган бўлсам, мени доимий қийнаб келадиган масала – оилавий ажрим масаласи. Одамни чарчатиб юборади ажримлар. Ана шу можаролар оқибатида қаттиқ чарчаганимда ўзимга келиб олиш учун тикиш машинамга ўтираман.
Жанжалли ҳолатлардан бир воқеа мени жуда таъсирлантирган. Икки болали ёш аёл ишлайман, карьера қиламан, деб оиласидан воз кечган. Бошида, ҳатто, болаларидан ҳам хабар олмай қўйган. Лекин орадан икки-уч ой ўтгач, қизларимни қайтариб оламан, деб югурди. Фарзандлари эса онаси билан кетишни исташмади. Икки йилга чўзилди бу иш. Келин ва турмуш ўртоғи орасида кўп овора бўлдик. Уларни юзлаштирганимизда бўлган тўс-тўполонни айтмайсизми?.. Ким бақирган, ким ҳушидан кетган... Иш Олий судгача чиқиб, ҳукмни онанинг фойдасига чиқарди. Лекин қизалоқлар она билан кетмади. Ҳар қанча югурса ҳам болаларини ололмади. Шу ажрим воқеаси ҳамон менинг юрагимни эзади. Албатта, барча можаролар бу хилда якун топмайди. Аксарият оилаларни дарз кетишдан асраб қоламиз. Ахир, маҳалла ҳар оиланинг таянчи бўлиши керак.
Наргиза Ёдгорова ҳузурига бола пулини олгани ва ё бошқа иш билан келган аёлни секин четга тортади, оиланг тинчми, бирор муаммойинг йўқми, деб сўрайди. Ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда аёлларни кичигидан тортиб катта тадбиркорликкача йўналтиради, ҳунар эгаллашга ундайди.
“Гўзал” маҳалласидан қайтар эканмиз, оилалар билан кўринмас ришталар-ла боғланган фидойилар заҳматини ич-ичимиздан ҳис этдик.
Муҳайё ПИРНАФАСОВА