Адибнинг муҳаббати

 ТАҚДИРЛАР

 Адибнинг муҳаббати

     Адиб Иван Бунин рафиқаси Вера доим жиғибийрон бўлиб юрганида унга уқтирарди: “Тушун, азизим, Галина билан ўртамиздаги муносабат устоз ва шогирд ўртасидаги муносабат кабидир”. Бироқ тўғрисини айтганда, у рост гапирмаётган эди.

     Галина Кузнецова ҳам шеър ва ҳикоялар ёзар, лекин маҳорат ва билим бобида оқсагани сабаб, устози Буниннинг сабоқларига, маслаҳатларига таянар эди. Вера эридан шубҳаланар, атрофида қиз-жувонлар ўралашгудек бўлса, ички исён, рашк олови унга тинчлик бермасди. Гап шундаки, йигирма олти ёшли Галина денгиз узра баланд кўтарилган қояда тикланган адиб Бунин хонадонида умргузаронлик қилаётганди. Бу вақтга қадар ёзувчининг уйида шогирди Рошин, кейинчалик келиб қолган ҳаваскор насрнавис Зуров қўноқ бўлишганди. Улар эндиликда беш жон, беш дунё эдилар.

      Адиб баъзан соғлиғи ёмонлашганда ё бошқа муаммолари кўндаланг турганда асабийлашарди. Бу кўнгилсиз дамда шогирдлар имкон қадар устозлари кўзига кўринмасликка ҳаракат қилишар, рўпара келган пайт эса уни таъриф-тавсифлаб, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилишар эди. Масалан, Рошин ижодкорлик салоҳияти устозининг қўллаб-қувватлаши туфайли ўсганини такрорлашдан чарчамасди. Галина эса бу мунаввар гўшага келган куниданоқ кундалик тутишни одат қилди. Кундаликда, асосан, Грас шаҳри билан боғлиқ энг муҳим воқеаларни қайд этиб борди. Бир йил ўтгач, унинг кундалигига мана шу ёзув битилди: “Худойим-эй, бу уйдаги асабийлардан тоқатим тоқ бўляпти?!” Бу кез Бунин тубдан ўзгариб кетганди. У муҳаббат домидан қутулолмаётганди. Уни фақат бир савол қийнарди: “Бу ёғи нима бўлади?”

     Унга кўпинча кексалик ва ўлим ҳақидаги ўйлар азоб берарди. У айни дам “Арсеньев ҳаёти” асари устида иш бошлаганди-ю, аммо тарқоқ, бесар ўй-фикрлари халақит бериб, бутун истеъдоди билан ишлашга ўзида куч тополмаётганди. У маъюслик, ғам-ғуссадан фақат муҳаббат қутқариб қолишини тушуниб етди. Бунин Галинани севиб қолганди.

     Устоз ва шогирд ўртасида кўринмас ришта пайдо бўлди. Бунин ўз қораламаларини Галинага ўқиб берар, айни дам у ҳам адибга ўз машқларини кўрсатар, камчиликларини тузатар, танқидлардан керакли хулосани чиқарар эди. Бу ҳол, охир-оқибат, устоз ва шогирдни бир-бирига яқинлаштирди. Эндиликда улар устоз-шогирд мақомида ижодий жараёнларни кечирмас, балки, бир ҳис таслим этган икки кабутар сингари бир-бирларига мулойим ва табассум-ла назар солишар, ораларида меҳр инган сўзлар бориб-келар, эрклари батамом муҳаббат ихтиёрига ўтган эди.

     Бунин ва Галина иккиси бирга кўп ижодий сафарда бўлишди: Ницца, Канн... Улар қаерда бўлишмасин, қувончли дамлар доим ҳамроҳ бўлди. Бироқ бу бахтли дамлар узоққа чўзилмади. Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди. Нобель мукофоти тақдимотидан сўнг дунё миқёсида шуҳрат қозонган, бемисл обрўга эга бўлган Бунин ўз шарафига зиёфат уюштириб, кўпчилик дўстлари, таниш-билишлари қаторида қўшиқчи Марг Степунни ҳам кечки дастурхонга таклиф қилди. Бу тадбир эса уни Галинадан йироқлаштиришга илк туртки бўлди. Айни шу зиёфатда адиб кўнгил қўйган Галина Марг Степун билан танишди.

     Адибнинг рафиқаси Вера ҳам Галина сингари кундалик тутиб юрарди. Унинг эсдалик дафтарида 1934 йил июнь ойида шу ёзувлар қайд этилганди: “Марг билан Галина ўртасида дўстлик пайдо бўлди...” Орадан бир ой ўтгач, мана бу қайд кундаликдан ўрин олганди: “Галина яқинда уйимизни тарк этса керак, унинг Марг билан дўстона муносабати кучайиб боряпти”. Охири шундай бўлди ҳам. Галинанинг ҳис-туйғулари қўшиқчи Марг Степун томон оғди. Ўз навбатида, Марг ҳам ўз ҳисларини жиловлай олмай қолди. Оқибат, Галина ва Марг ўртасидаги муҳаббат  ошкора тус олди. Кейинчалик Галина Марг олдига кетгач, Бунин чуқур қайғу билан дўсти, ёзувчи Борис Зайцевга шу мазмунда мактуб ёзганди: “Ўйловдимки, бу соҳибжамол ёнимда мангу қолади, деб, афсус, у кетиб қолди...”

     Гарчи адиб Бунин юрагида Галинага нисбатан соф, илиқ туйғулар туғилган эса-да, Галина ўз аёллик бахтини қўшиқчи Маргда топди. Бунин эса сўнгги муҳаббати таъсирида завқли ўқиладиган, қизғин ишқий воқеалар акс этган ҳикоялар ёзди.

 

Умид АЛИ таржимаси

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар