Бугуннинг гапи
"ИШОНЧ"ГА ИШОНЧ УЙҒОНДИ
Ҳусан ЭРМАТОВ, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири. "Дўстлик" ордени, "Олтин қалам" Миллий мукофоти совриндори.
– Сиз раҳбар бўлиб келгач, “Ишонч” газетасининг суврати ва сийратида катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу – яхши ўзгаришлар сабаблари, куч-қувватингиз манбалари ҳақида билгимиз келади.
– Ҳозир бир қатор нашрларимизда жиддий ўзгаришлар бор. Таҳририятни ўқувчига яқинлаштириш, унинг дўстига айлантириш раҳбар сифатида менинг бош вазифаларимдан бири, деб ўйлайман.
Қатор йиллар газеталар билан газетхонлар ўртасида алоқалар узилди. Бизни ўқишяптими, биз кимгадир ёқаяпмизми, каби саволларни ўзимизга бермай қўйдик. Шу маънода, 2018 йилдан бошлаб имкон қадар ҳар бир ҳудуддаги ўқувчиларимиз ҳузурига бориб, улар билан маслаҳатлашишни одат қилдик. Асосий обуначиларимиз касаба уюшмалари вакиллари. Бу соҳанинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор, ечим изланаётган масалалари етарли бўлган катта жамоат ташкилоти. Бу борадаги фаолиятни ёритиш елкамизда турган биринчи мавзу, биринчи вазифа.
Шу билан бирга биз ўнлаб учрашувларда таҳририятимиз ва нашримизга бўлган талабларни, эътирозларни ҳам ўргандик, очиқ айтиш керакки, булар ҳам етарли эди. Чунки ҳар бир инсон қаерда яшамасин, қайси соҳада меҳнат қилмасин, у аввало инсон, унинг ўз қизиқишлари, тафаккур олами бор. Яъники, биз бизни кузатувчи инсонни ҳис қилиб ишлашимиз лозим.
Ва 2019 йилдан бошлаб айни ўша эътирозларга “қулоқ” тута бошладик. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида биронта нашр бирон сатр материал беришни ҳали ўйлаб ҳам кўрмаган бир пайтда у ҳақида бир саҳифалик мақола эълон қилдик. Биласизми, газета ўқиларкан, ўқилганда – қандоқ!
Дўқ-пўписалар ҳам бўлди ўшанда. Аммо биз анча-мунча зиёлиларимиздан раҳматлар ҳам эшитдик. Бу каби бир нечта жиддий чиқишлардан кейин таҳририятга илғор фикрли зиёлиларимизда қайсидир маънода озми-кўпми қизиқиш, ишонч пайдо бўлганини сеза бошладик. Жамоамизда ҳам кайфият ўзгарди.
2018 йилдан бошлаб йил давомида эълон қилинган “тоши вазмин” материалларни тўплам ҳолида нашр қилдириб боришни йўлга қўйдик. Биз бу китобларни маърифатни севувчиларга совға қиляпмиз.
Ҳозиргача жами 15тага яқин китоб нашр эттирдик. Улар турли йўналишлардаги китоблардир. Буларнинг орасида нафақат нашримизда чиққан материаллар тўпламлари, балки сиёсий мавзудаги жиддий таҳлилий мақолалар, жамоамизнинг ижодкорлари томонидан ёзилган бадиий асарлар ва бошқа йўналишлардаги мақолалар ҳам бор. Мана шуларнинг барчаси йил давомида тиним билмай ишлашимизга бир туртки бўляпти, деб айта оламан.
“Ишонч”нинг муассиси – Касаба уюшмалари Федерацияси. Федерация раҳбариятининг доимий эътибори, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туриши сондан-сонга ўсиб боришимизга бош омил бўлмоқда. Бизда қарийб ҳар бир газета ва журналнинг ўз муассиси бор, яъни “эга”си бор. Баъзи газеталарнинг ўнга яқин муассиси бор, бироқ уларнинг бугунги аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Шу ўринда матбуотни тушуниш, унинг кучидан ўринли фойдаланиш, соҳадаги юз минглаб ходимларнинг маърифати, дунёқарашини доимий ўстириб боришни ўйлаш, кези келганда, ҳар бир соҳа раҳбарининг жиддий вазифаси бўлиши кераклиги ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур.
“Ишонч”да ҳар ойда ўнлаб танқидий руҳдаги мақола эълон қилинади. Битта рукнимиз бор : “Кун саволи!” Унда ва “Жавоб кутаётган саволлар” рукнимиз орқали гоҳ у, гоҳ бу йўналишдаги долзарб масалаларни ўртага ташлаймиз. Мақола чиқади, кейин биз уни махсус конвертга солиб, ёнига: “Ўртоқ фалончиев, марҳамат қилиб, шу газетадаги фалон мақолада ёритилган сизга тегишли бўлган муаммо бўйича бир муносабат билдиринг”, деган мазмунда хат юборамиз. Ишонинг, бу мурожаатларимизнинг 80-85 фоизига жавоб келмайди. Келганининг ҳам аксариятига на кулишингни ва на йиғлашингни билмайсан. Бирида боғ сўралса, тоғдан келган бўлади, бошқасида мавзу қолиб бутунлай тушунарсиз жавоб келади. Демак, кимдир мажбурий обуна ҳақида дўмбира чертиб очко олишни ўйлаётганида бунгача анча-мунча ишлар борлигини ҳам ўйлаб кўриши лозим, деб ҳисоблайман.
– Сиз Журналистлар уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлимига ҳам раҳбарлик қиляпсиз. Илк иш бошлаганингизда қандай муаммоларга дуч келдингиз, қандай бартараф қиляпсиз?
– Журналистлар уюшмаси аслида жамоат ташкилоти. Биринчи англаганим бизда касбий ҳамжиҳатлик етишмайди. Бир яхши ижодий ишни ўқиб, ўша ҳамкасбимизнинг шу иши учун энг биринчи бўлиб ўзимиз бирров табриклаб қўймаймиз. “Ўзбекистон овози”да илк мақолам эълон қилинганида мен ҳали талаба эдим, мени жуда кўпчилик ҳамкасблар табриклашган, эътибор қилишган. Ўша ҳамжиҳатликни соғинаман.
Мана, йилда бир мавсум биз “Олтин қалам” Миллий мукофоти атрофида баҳслашамиз. Баъзида ўйлаб қоламан, бошқа соҳа вакиллари бизнинг ўзаро келишмовчиликларимизни кўриб, нима дейишаркан? Кўра-била туриб ўзини кўз-кўз қиладиган ҳамкасбларимизни кўпам тушуниш қийин. Шу маънода, шаҳар бўлимида биз рамзий маънода “Иттифоқ” деган бир телеграмм гуруҳи очганмиз. У мунтазам ахборот айланиб ётадиган гуруҳ эмас, қайсидир маънода бир иш қилсак аввал фикрлашиб оладиган бир майдонча сифатида ташкил қилганмиз уни.
Олдимизда қандай вазифалар бор, деб сўрайман ўзимдан. Биласизми, менимча, биз жамиятни матбуотга ҳалол муносабатда бўлишга ўргатиш учун биргаликда, бир “мушт” бўлиб курашишимиз керак. Қачонки, журналист ўз сўзини айтиб ва унинг ерда қолиб кетмаслигига эришсагина, ўшанда муаммоларни бартараф қилиш борасида гапирсак ярашади.
– Ўзбек журналистикасини, том маънода, тўртинчи ҳокимият даражасига кўтариш юзасидан фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Биз ҳокимиятлар даражасига чиқишдан олдин, соҳамизни ривожлантириш, демоқчиманки, профессионаллик нуқтаи назаридан даражасини кўтаришни ўйлашимиз тўғри бўлса керак. Сизга бу янгилик эмас, ўзингиз айтинг, бугун журналистиканинг бир фан, бир санъат ўлароқ қай даражада деб баҳолаш мумкин? На шакл нуқтаи назаридан, на мазмунан биз анча орқада қолиб кетмадикми? Биз ижтимоий тармоқларда бақириб “ёзадиган”лар даражасига тушиб қолмаяпмизми?
Мени айниқса, эртанги журналистика янада кўпроқ ўйлантиради. Ўзим ЎзЖОКУнинг биринчи курс талабаларига дарс ўтаман, ўша менинг курсдошларимдаги учқунларни излайман уларнинг кўзларида, шахдни, шиддатни, билимни излайман.
Ёки биз уларга нималарни ўргатяпмиз, ракурсни ўзгартирайлик ҳам. Бугун ОТМ журналистика йўналишида дарс бераётган ўқитувчиларимизнинг неча фоизи устозлик мақомига муносиб? Бизнинг ўта баланд талабларимизга жавоб бера олган устозларимиз даражасидаги мураббийлар борми асли?
Бу саволга жавоб бериш осон эмас.
Биз тўртинчи ҳокимият талабида бўлсак, баланд даъводан олдин касбий билимни чуқурлаштириш ва маҳоратини кўтариш ҳақида ўйлашимиз керакка ўхшайди.
М. Саъдуллаева суҳбатлашди.