ҲАМКАСБЛАРИМИЗ КАСБИМИЗ ҲАҚИДА
ЙИЛЛАРНИ БОЙ БЕРМАДИМ
Қашқадарёнинг Ғузор туманида Катта қишлоқ деб аталадиган қишлоқ бор. Шу қишлоқда туғилганман. Ўзи бу қишлоқнинг эскитдан тайинли номи йўқ. Расмий ҳужжатларда турли даврларда турли номларда аталган. Менинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамда туғилган жойи деган жойи, адашмасам, "Чугуртма" қишлоғи деб ёзилган. Бир пайтларда бир-бирига қўшни шу ҳудуддаги уч-тўрт қишлоқни битта қилиб "Чугуртма" деб билишган. Айтишларича, минглаб чақирим узоқдаги одамлар ҳам сафарга отланишдан аввал Чугуртманинг лойи қандай, деб сўраб-суриштириб, кейин йўлга чиқаркан. Ҳа, ўзимиз ҳам этигимиз ярмигача лойга чўкса, изимиздан каттароқ одам келиб даст кўтариб олмагунча қўзғалолмай тураверардик. Шу кичиккина Катта қишлоқдан чиқиб юрганимизгаям 45 йилдан ошибди. Олий таълим олиш муддати, туман, вилоят газеталари, мамлакат миқёсидаги турли газета ва журналлардаги мусаҳҳиҳликдан тортиб нашрчиликда мавжуд бўлган деярли барча вазифалардаги фаолият шу йиллар ичида, шундан 23 йили бош муҳаррирлик. "Илоҳим, Тошкентларда ижод қилай", деб орзу қилганларимдан-да ортиғини кўриш насиб қилди. Кимга қандай, билмадим-у, ўзимдан келиб чиқибми, кўп ишлар қилиш имконим бор эди, йилларни бой бердим, деганларга кўпам қўшилавермайман...
Шуларни ёзаяпман-у, худди кинонинг кульминацион қисмини кутаётгандек "Саодат" менинг тақдиримда" деган хаёлимдаги мавзуимга қачон етиб келиб, қачон ёзиб, қачон ўқишимни кутаяпман. "Саодат" журналига мен туман газетаси ходимлигидан келганман. Шунинг ўзи ҳам бу нашр менинг кейинги фаолиятим учун пойдеворга нима берганини эмас, бутунлай пойдеворнинг ўзи бўлганлигини англатади. Мен бу нашрда мухбир, бўлим мудири, асосан, масъул котиб бўлиб ишладим. Ишладимгина эмас, яшадим. Мамлакатнинг бош идораси муассислигида чиқадиган нашрда Ҳалима Худойбердиевадек шоира, катта шахс билан елкама-елка туриб, яна масъул бўлиб ишлашнинг ташвиши ҳам ўта жарангдор ҳаёт. Ижод ўз йўлига, аммо журналистик фаолиятнинг катта курашлардан иборат мактаби давом этаётганди бу даврларда журналда. "Саодат" катта йўлни босиб ўтди, яна қанча истиқболли йўллар унга пешвоз турибди. Ҳар бир даврнинг ўзига хос тарихи бор. Бошқа даврларда журналда фаолият юритганлардан узр сўраб айтаманки, шу бир кичик, яъни олти-етти йиллик давр қайноқ жараёнлар ичида кечди. Ҳалима Худойбердиева бош муҳаррирлиги даврида ижод ҳақиқати билан бир қаторда ҳаёт ҳақиқати учун ҳам қаттиқ туриб курашди. Зотан бу жараёнда журналист пишиб етилади, деган изоҳнинг ўзи камлик қилади. Пишиш тугул, чақмоқ тошга айланиб кетиши ҳам мумкин. Билганим шу бўлдики, ўрганганим ортидан мен ҳозиргача шу соҳадаман. Ҳа, айтмоқчи мен илк давлат миқёсидаги тақдирланишгаям шу нашрда ишлаб эришдим.
Бундан 50 йил аввал матбуотнинг хизматлари, ўрни нималарда акс этарди? Жамиятнинг ахбороти, савияси, маънавияти, маърифати, сиёсати, тарғиботи, саводхонлиги, таълими, тарбияси, назорати каби яна ўнлаб заруриятларида матбуот асосий хизматни ўтарди. Шу хизматни адо этиш учун унинг ўнлаб жанрларидан фойдаланиларди. Бугунги авлод матбуотни янгиликни тарқатувчи тимсолидагина тасаввур қила бошлади. Янгиликни тезкор етказиш учун интернет тармоғи турибди-ку, бу янгиликларни бир ҳафтадан кейин одамларга етказиш бесамар-ку, деган мантиқ билан нафақат журналистика жанрлари, балки унинг босма варианти нега керак, деган хулосани бемалол айтишяпти. Хабар етказиш матбуотнинг ўнлаб вазифаларидан бири. Ривожланган хориж мамлакатлари айнан яна ўнлаб вазифаларни бажаргани учун аллақачон газета-журналдан фойдаланишга қайтишяпти. Бугун газета ва журналдан интернет ўзиб кетди (ҳа, хабар тезкорлигида шундай), ўрнини эгаллади, деган даъволар билан қуролланган босма нашр рақиблари пайдо бўлди. Ўртада нима қилиш керак бунга қарши, деган савол туради. Жавоби битта: жамиятни босма нашрлар билан таъминлаш керак. Ҳа, айнан шундай, таъминлаш керак. Нашр зўр чиқса, ўқувчи ўзи танлаб ўқийди, деган "доно" фикр нотўғри, ҳеч бўлмаса бугун учун тўғри келмайди. Одамларни шу томонга бошлаш керак. Бу борада мамлакатимиз Президенти бир неча бор чора-тадбирлар қўллаш ҳақида тегишлича кўрсатмалар берди. Умидки, маъқул ечимлар остонасида тасаввур қиляпман ўзимни. Ахир, олам ҳам, одам ҳам нур, зиё билан мунавварлашади.
Чори ЛАТИПОВ, "Қишлоқ ҳаёти" газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.