БИЛАСИЗМИ?
АРЧА БЕЗАТИШ АНЪАНАСИ
ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛГАН?
Янги йил байрамини хонадонларда, кўчаю хиёбонларда турфа ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган арчасиз тасаввур қилиб бўлмайди. У орзиқиб кутиладиган тантанали лаҳзаларнинг муҳим бир қисми сифатида ўзига хос кўтаринки кайфият улашади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта шодиёналар билан кутиб олинадиган Янги йилда арча дарахтини безатиш анъанаси қачон ва қай тарзда пайдо бўлган?
Арча безатиш билан боғлиқ ўнлаб афсоналар бизгача етиб келган. Айрим манбалар бу анъана 2 минг йиллар олдин пайдо бўлганидан дарак берса, баъзи тарихий маълумотларда бу одат ватанини Германия сифатида кўрсатиб, олмониялик ислоҳотчи Мартин Лютер шахси билан боғлайди.
Россияда Янги йил байрами, хусусан, арчани безатиш анъанаси Пётр I ҳукмронлигига бориб тақалади. Император байрамга шоҳона тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича махсус фармонга имзо чеккан. Фармонга биноан арча, жумладан, игнабаргли дарахтлар безатилиб, майдон ва хиёбонлар марказига ўрнатила бошланган. Дунё халқларининг муштарак қарашларига кўра, йилнинг тўрт фаслида ҳам тусини ўзгартирмайдиган ям-яшил арча бошқа турдаги дарахтлар орасида алоҳида ўрин тутиб келган. Зумрад арча ўтаётган умрнинг, ундаги рангоранг чироқлар эса инсон қалбининг рамзий тимсоли сифатида талқин этилади.
Филология фанлари доктори Эркин Мусурмоновнинг маълум қилишича, 3 минг йил олдинги даврларда туркийлар аждодлари арчани уч бурчак шаклида доимо яратувчи саналган Кўк Тенгри макони – Осмонга ишора қилувчи қутлуғ дарахт деб санашган. “Сибирь, Олтой атрофида ҳам турклар арчага бағишлаб байрамлар ўтказишган, уни уйга “таклиф” қилиб, турли нарса – матолар билан чиройли безашган, атрофида чироқлар ёқиб, рақсга тушишган… Туркларнинг ҳам “Қорбобо” си бўлган. Аёзбобо аталган оқсоқолнинг қадимги варианти оқ соқоли оёғига тушиб турадиган Улкан бобо кўринишида бўлган”, – деб ёзади олим.
Табиатни асраш мақсадида байрамларда сунъий йўл билан ишлаб чиқарилган арчалардан фойдаланиш оммалашди. Маълумотларга кўра, ҳар йили АҚШда 33-36 миллион дона, Европада эса 50-60 миллион дона сунъий арча тайёрланади. Барибир табиий етиштирилган арчага талаб ҳамиша баланд бўлган. Шу сабабдан аксарият мамлакатларда ХХ асрнинг бошларидан буён махсус арча етиштирувчи фермер хўжаликлари — плантациялар фаолият кўрсатиб келади.
Юртимизда ҳам Янги йил арафасида турли нуқталарда арчалар қад ростлайди. 2022 йилда МДҲ мамлакатлари пойтахтларига ўрнатилган энг баланд Янги йил арчалари рейтингида “Янги Ўзбекистон” боғидаги “Истиқлол” мажмуасига ўрнатилган 35 метрлик бош арча юқори учликка кирди. Арча безаш тарихи турфа воқеликларни ўзида акс эттирса-да, бу жараён нафақат болалар, балки, катталар учун ҳам ёқимли юмуш, орзиқиб кутиладиган фурсатлардир. Байрам шукуҳи арча безатишдан бошланишининг оддий сабаби ҳам – шу.
ГУЛСЕВАР тайёрлади.