Долзарб мавзу 20.01.2022 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

Чиқиндилар - ҳаёт кушандаси

 
    Бугун экология хусусида кўп ва хўп гапирилмоқда. Экологик маданият, аҳолининг экологик  маданиятини юксалтиришга бағишланган тадбирлар керакли самара беряптими? Ўқув муассасаларида ёшларга ўтилаётган сабоқлар, оиладаги тарбия фарзандларимизни атроф-муҳитга эътиборлироқ бўлиш билан биргаликда  табиатни асрашга ўргатяптими? Афсуски, бу саволга “ҳа”- деб жавоб бера олмаймиз. Эрталаб қўлида чиқинди тўла  халта кўтарган ота-боланинг орқасидан кетар эканман, уйнинг орқасидан оқиб ўтадиган каналга яқинлашганда ота боласига бир қараб олди-да, қўлидаги чиқиндини сувга улоқтирди. Шу заҳотиёқ 7-8 ёшли болакай ҳам отасининг хатти-ҳаракатларини такрорлади.
– Ҳой, уялмайсизми, чиқиндини сувга ташлагани? Ана, икки қадам нарида ахлатхона туриб-ди-ку, – деганимча қолавердим. У боласининг қўлини ушлаб, илдам олдинга юриб кетди. Афсуски, бундай ҳолатга ҳар биримиз, деярли, ҳар куни дуч келамиз. Тошкент шаҳрининг аҳоли гавжум Қорақамиш мавзесидан оқиб ўтадиган “Қичқириқ” каналини ёқалаб юрсангиз, бири-биридан аянчли манзарага дуч келасиз.  Кун исиши билан соҳилидан одам аримайдиган, ёшу қари  сувнинг салқинига интилиб, ёшлар, болалар чўмиладиган каналнинг таги ахлатга тўла эканлигини кўриб, маданиятсизлигимиздан афсусланиб кетасан баъзида. Болалар чўмиладиган каналнинг  суви  турли хил юқумли касалликлар манбаси эканлигига шубҳа йўқ. Улар турли хил қимматбаҳо металлар, шиша идишлар, бир марталик ўровлар, пластик, ерга ўғит бўла оладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат. Қувват берувчи мослама (батарейка)лардаги симоб, флюоресцент лампалардаги  фосфор карбонатлар,  маиший эритмалардаги заҳарли  кимёвий моддалар, бўёқлар, ёғоч буюмларни  асраш учун ишлатиладиган турли хил кимёвий  қопламалар бунга мисол бўла олади.  Чиқиндиларнинг кўпайишига асосий сабаблардан яна бири аҳоли эҳтиёжларини қондирадиган буюмларнинг ишлатиладиган муддатининг  қисқалигидир.  Уларни қайта ишлаш бугунги кунда замон талаби. Айниқса, бу муаммо саноати ривожланиб бораётган  шаҳарларда долзарб  ҳисобланади.  Айни пайтда йирик шаҳарлар чиқиндиси унинг ташқарисига олиб чиқиб ташланади. Ривожланган мамлакатларда қайта ишланишга яроқсиз материаллар эса биогаз, биоқувватга айлантирилади. Маҳаллий бошқарув ва ўз-ўзини таъминлаш Сан-Франциско институтининг ходими Д.Мориснинг фикрига кўра, дунёнинг ҳар бир шаҳри йирик металл конига нисбатан кўпроқ металлга эга. Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири  чиқиндига чиқариб ташланадиган шаҳар металлини самарали равишда қайта ишлаш ва қўллашдан иборат. Уларни қайта ишлаш  бир неча баробарга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни камайтиради. Масалан, алюминийни боксит ўрни-га  чиқиндидан ажратиб олиш  электр қувватининг сарфи ва атроф-муҳит ифлосланишини 95 фоизга камайтиради. Қоғоз чиқиндилари (макулатура)дан қоғоз олиш эса нафақат дарахтларни кесилишдан асрайди, балки электр қувватининг  сарфини тўртдан уч қисмга камайтиради. Яъни бир тонна қоғозни қайта ишлаб  чиқаришга  уни  ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарф бўлади, холос. Шунингдек, кундалик ишлатиладиган буюмлар муддатини узайтириш, елим халталар ўрнига матодан тикилган халталардан фойдаланиш, бир марталик идишлар қўлланилишини камайтириш ҳам чиқиндилар  ҳажмининг  камайтирилишига олиб келади. Бундан ташқари, янги буюмлар ишлаб чиқарилишига кетадиган қувватнинг қайта ишлаб чиқиш натижасида камайиши, бугунги кунда долзарблашиб бораётган иссиқхона эффектининг пайдо бўлиши ҳамда кислотали ёмғирлар  ёғишининг  олдини олишга ёрдам беради.
 
ОЗОН ҚАТЛАМИНИ ЕМИРАДИ
 
    Чиқиндилар бевосита озон қатламига салбий таъсир этишини биласизми? Масалан, биз фойдаланадиган аэрозоль идишлар (ҳаво тозаловчи, дезодорант ва ҳоказо) таркибида стратосферада озонни емирадиган моддалар мавжуд. Маълумки, озон қатламининг емирилиши одамларда саратон касаллигини келтириб чиқаради.  Чиқиндиларни қайта ишлаш бугунги кунда мазкур муаммони қисман бўлса-да, ҳал этади. 
    Афсуски, аҳолининг аксарият қисми қайта ишланган чиқиндидан тайёрланган буюмларни соғлиққа зарар деб билишади. Айнан ана шундай нотўғри қарашларнинг  шаклланиши ҳам уларни  қайта ишлашга тўсқинлик қилмоқда. Бу ерда оммавий ахборот воситаларининг  ҳам роли каттадир. Журналистлар оммабоп йўллар билан глобал муаммога айланиб бўлган чиқинди масаласини кўтаришлари, уни қайта ишлаш, металлни қазиб олиш ёхуд қоғоз тайёрлашдан кўра анчагина арзонга тушиши билан биргаликда, аввало, атроф-муҳит тозаланиши, инсон саломатлиги яхшиланиши, табиий ресурслар тежалиши, сайёранинг ўпкаси бўлмиш ўрмонлар кесилишининг олди олинишини тушунтиришлари лозим. 
    Атиги 100 йил илгари деҳқонлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини қадоқсиз, қайта ишловсиз дастурхонга етказиб беришган. Чиқаётган асосий чиқинди органик характерда бўлиб, ем тайёрлаш ва ўғит сифатида фойдаланилган. Шаҳарларнинг ўсиши, фаровонлик сари интилиш,  бир маротаба ишлатиладиган буюмларга тезкорлик билан ўтиш, ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, кенг миқдорда айнан кимёвий моддалардан ясалган политэтилен, пластмасса, шишанинг ишлатилиши ушбу муаммоларни яратувчиларидир.   Чиқинди, аввало, ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг муаммоси эканлиги бежиз эмас. Товарни  сотиш учун уни қадоқлаш аксарият ҳолатларда буюм нархини бир неча баробарга оширади. Бу ҳолатда аҳоли жон бошига олинаётган даромад ҳам катта роль ўйнайди. Ривожланишдан орқада қолаётган мамлакатлар аҳолисининг даромади паст бўлгани боис сотиб олинган буюмларни тежаб, авайлаб ишлатишга ҳаракат қилишади ва ўз навбатида бу омил ҳам  чиқинди камроқ ташланишига сабаб бўлади. Масалан, юртдошларимиз  минг сўмдан икки юз сўмини айнан товарнинг қадоғи учун тўлайдилар.  Албатта, бу аёлларимиз учун овқат тайёрлашда қулайлик туғдиради ва органик чиқинди чиқиш миқдорини камайтиради. Аммо уларнинг қадоғи айнан қайта ишланмайдиган чиқинди ҳажмини кўпайтиради.  Қадоқ учун ишлатиладиган қоғоз унинг ярмини, қолганини металл, пластик ва шиша ташкил этади.  Аммо сўнгги йилларда пластик  етакчи  ўринга чиқмоқда. Ҳозир  тозалаш, озиқ-овқат маҳсулотлари, парфюмерия ва бошқа товарларнинг қадоқлари анъанавий қоғоз ва шишадан пластикка ўтмоқда. Пластикни бошқа материаллар билан қўшилган ҳолатида ишлаб чиқариш унинг яроқлилик муддатини узайтиради. Бошқа материаллардан фарқли ўлароқ нур ва бактериялар таъсирида, деярли, парчаланмайди. Унинг йўқ бўлиб кетиши учун 200 йил керак. Бундан ташқари, қадоқдаги хлор бирикмалари атмосферага чиққанида, қуёш нурлари ундан хлор атомларининг ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Хлор озон қатламини емирувчи асосий кимёвий моддалардан биридир. Агарда унинг атмосферага чиқиб кетиш миқдори ошса, ерга тушаётган ультрабинафша нурларининг кўпайиши ўз навбатида тери ва онкологик касалликлар сонининг ортишига олиб келиши муқаррар. Айни пайтда биологик жиҳатдан парчаланадиган пластик турини ишлаб чиқариш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Буюк Британия ва Швейцарияда олиб борилган тадқиқотлар натижасида табиий муҳитда парчаланадиган пластик тури кашф этилди. Аммо уни ишлаб чиқариш қиммат бўлгани боис ҳозирча товар ишлаб чиқарувчиларда унга бўлган талаб кучли эмас.
     Айтиш жоизки, сўнгги йилларда  уйда ишлатиладиган товарлардан чиқаётган чиқиндилар ичида инсон ҳаёти учун хавфлиси 45 фоизни ташкил этади. Булар қувват берувчи мосламалар, бўёқлар, ёғ ва бўёқни эритувчилар, заҳарли кимёвий модда (пестицид) лар, таркибида фосфор бўлган  элементлар, флюоресцент лампалар ва ҳоказо. Ахлатхонага ташланган бундай чиқиндилар ер усти ва ер ости сувларини заҳарлайди, инсон саломатлигига хавф солади.

Электрон чиқиндилар - янги экологик муаммо

     Фан-техниканинг ривожи экологияга жиддий зарар етказаётган чиқиндининг янги тури – электрон чиқиндиларни юзага келтирди. Швейцарияда 1998 йилда электрон чиқиндиларни оддий ахлатхонага ташлашни тақиқловчи қонун қабул қилинди.
     Уяли алоқа телефонлари, компьютерлар, принтерлар, фотоаппаратларнинг русуми янгилангани сари улар кўплаб ахлатга улоқтирилади. Биргина Хитойда ҳар йили чиқиндихонага 500 000 тонна музлаткичлар, 1,3 млн. тонна телевизорлар ва 300 000 тонна компьютерлар ташланади.
     АҚШнинг 80 фоиз ва Европа Иттифоқининг 75 фоизи электрон чиқиндилари ривожланаётган мамлакатларга келтирилиб, қайта сотилади. Улардаги токсик моддалар умумий чиқиндихоналарга ташланиши натижасида тупроқ ва сувга аралашиб, кўпгина тирик организмлар, жумладан, инсон танасига ҳам кириб, касалликлар келтириб чиқаради. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра 2015 йилда Ер юзида 48,9 миллион тонна электрон чиқинди чиқарилиб, бу 7 миллиард аҳолининг ҳар бирига салкам 7 килограммдан тўғри келади. Агар қиёслайдиган бўлсак, мазкур электрон чиқиндилар 11 та Миср эҳромлари баландлиги билан тенг. Электрон чиқиндилар таркибида хавфли бирикмалар мавжуд. Компьютер мониторлари ва телевизорларнинг ҳар бирида 4 килограммгача қўрғошин мавжуд. Шунингдек, уларда 70 фоизгача симоб ва кадмийдан иборат оғир металлар бор. Қўрғошин инсоннинг асаб тизими ва буйракларига салбий таъсир кўрсатса, кадмий ўпкани ишдан чиқаради. Суюқ кристалли мониторлар таркибида симоб бўлган панеллар билан қопланган.
     Бундан ташқари, улардаги хром, литий ва углеводород атроф-муҳитга жиддий зарар етказади.

Муаммо ечими нимада?

     Мазкур саволни юртдошларимизга берганимизда турли хил қараш ва жавоблар олдик.
     Дармон Ибрагимов – “Спорт” телеканали директори ўринбосари:
– Мамлакатимизда чиқинди муаммосини ечиш айнан тадбиркорларимиз эътиборини мазкур муаммога қаратишда деб ўйлайман. Чиқиндини қайта ишлайдиган корхоналар сонини кўпайтириш билан биргаликда, ривожланган мамлакатлар сингари чиқиндини саралашни аҳолига ўргатиш ва юртдошларимизнинг бу борадаги маданиятини ошириш зарур.
     Дилноза Умарова – уй бекаси:
– Кўчага ахлат ташлаганлик учун катта миқдордаги жарималарни жорий этиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат этиб бориш зарур. Буни Сингапур давлати мисолида ҳам кўриш мумкин.
     Чиқинди муаммоси ва аҳолининг бу борадаги хатти-ҳаракати юқори жарималар орқали ҳал этилган ва ҳозирда у дунёнинг энг тоза мамлакатларидан бири ҳисобланади.
     Собит Маъмуров – коллеж ўқувчиси.
– Ҳозир кўплаб ахлатга ташланаётган турли хил эски компьютерлар таркибидан зарур металларни ажратиб олиш мумкин. Бунга ихтисослашган корхоналар очиш лозим.
     Аҳолининг бу борадаги саводхонлигини ошириш ва маданиятини шакллантиришда ташвиқот ишларини кучайтириш билан биргаликда жойларда экологик жамоатчи инспекторлар фаолиятини такомиллаштириш зарур. Шунингдек, аҳоли гавжум жойларда ахлат қутиларини кўпайтириш, кўчага чиқинди ташлаган фуқароларга катта миқдорда жарима кўринишдаги маъмурий жазо қўллаш ҳам, шубҳасиз, шаҳар ва қишлоқларимиз тозалигини, сой ва ариқлардан, каналлардан тоза сув оқишини таъминлайди.
     Хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, Испанияда машина деразасидан ахлат улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорида жаримага асос бўлади.
     Германияда маданиятсиз фуқароларни “чиқинди изқуварлари” ушлашади. Кўчаларда ўрнатилган видеокамераларда қайд этилган хатти-ҳаракат махсус қутига ташланмаган ахлат учун 100 еврогача жарима тўлашга асос бўлади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқин ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақич, овқат қолдиқларини улоқтириш 35 еврони ташкил этса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150дан 600 еврогача жарима тўлашга тўғри келади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади.
     Чиқиндилар билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Фарзандларимиз учун тоза, ям-яшил келажакни барпо этиш ўз қўлимизда.
 

Наргис ҚОСИМОВА, журналист.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар