КИТОБХОН ОНАЛАР

   Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббусига биноан ҳар ойнинг 17-санасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда “Китобхон оналар куни” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилиши йўлга қўйилди. Таниқли ёзувчи, шоирлар, ёши улуғ онахонлар, уй бекалари, маҳаллаларнинг фаол хотин-қизлари, мактаб ўқувчилари иштирокида ўтган навбатдаги тадбирда сўнгги кунларда ўқилган асарлар тақдимоти бўлиб ўтди. Маърифий давра Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва 59 та туманларнинг марказий кутубхоналари билан ZOOM платформаси орқали боғланди. Шунинг учун унинг доираси мамлакатимиз қадар кенгайди, десак хато гапирмаган бўламиз.
– Китоб ўқишнинг ўзи бир завқ бўлса, уни тақдимот қилиш яна бошқача кайфият беради. Аёлларимиз тақдимотга тайёргарлик кўриш жараёнида ундаги воқеаларни бир неча бор хаёлидан ўтказади, сабоқ бўларли саҳифаларини эшитувчиларга чиройли тарзда етказиб бериш йўлларини ўйлайди. Натижада китобдан олганлари хотирасига маҳкам ўрнашади. Боз устига, нутқи ҳам ривожланади, – деди бу тадбир аҳамияти ҳақида гапираркан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раис ўринбосари Раъно Турдибоева.
– Биз мазкур маърифий даврага алоҳида тайёргарлик билан келяпмиз. Энг яхши китобхонларимиз учун танлов эълон қилдик, ғолиб “IPhone” смартфонига эга бўлади, – деди Шайхонтоҳур тумани “Камолон” МФЙ фаоли Муяссар Фатхуллаева.
– Бугун республика бўйича 160 дан ортиқ китоблар тақдимоти ўтказилди. Ҳажми ва жанридан қатъи назар, ўзи мутолаа қилган асарини намунали тарзда тақдимот қилган бир гуруҳ аёллар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти томонидан “Ташаккурнома”, эсдалик китоблари билан тақдирландилар, – дея тадбирнинг натижаси ҳақида йиғилганларга маълумот берди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Зарифа Искандарова.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар