ОДАМИЙЛИКНИНГ ОЛТИН ҚОИДАСИ

БУГУННИНГ НАФАСИ

ОДАМИЙЛИКНИНГ ОЛТИН ҚОИДАСИ

     Август ойининг пишиқчилик авжига чиққан кезлари ота уйимизда тўпланиб дийдорлашишни одат қилганмиз. Машина ойнасидан довон тоғларига боқиб хаёл сурар эканман, олтиндай товланган анжирларни лаганга териб юрган онажонимнинг ҳовли этагидан шошилиб чиқаётгани кўз ўнгимдан ўтади. Бир пайтлари эртаклардаги паҳлавонлардай юракларга ғулғула солган акаларимнинг болаликдаги каби “Мунаввархон”, дея пешонамдан ўпиб кўришишлари – ҳамма-ҳаммасини ўйласам кўнглимда нурли бир ҳикоя бошланади.
     Бу йил қутлуғ 87 ёшни қарши олаётган онажоним ҳар галгидек юртга муносиб фарзанд бўлиш ҳақида куйиниб гап бошлайдилар:
– Болаларим, Тошпўлатовлар деса фақат қишлоғимиз эмас, бутун туман қўли енгил дўхтирлар оиласи деб танийди. Энди сизлар ҳам улуғ ёшга кирдингиз. Авлоддаги касбу корлар ҳам янгиланиши керак. Худога шукур, ҳаммаларингизда ўғил-қиз бор. Биттадан фарзандингизни дўхтирликка ўқитсангиз, сулоламизга иззат-обрў келтирган касбнинг умрига умр қўшган бўласизлар.
     Ҳа, онам ҳақ гапни гапирди. Болалигим ҳақида ўйласам рўзғор тебратиш, ўқитиб, касб-ҳунарли қилиш учун жонларини нисор қилганини, бу серзаҳмат кунлар нозиккина елкаларига қанчалар залворли юк солганини кўз олдимга келтираман.
     Ўн икки нафар фарзандни дунёга келтирган онам, дадам раҳматлига ҳар ишда елкадош эди. Биргина дадамнинг топгани билан кунимиз ўтмасди. Шу сабаб акаларимнинг бола ёшидаёқ тирикчилик ташвишларига шерик бўлишга онам ундаган. Кечагидек эсимда, маҳалламиздаги бир хонадонда овқат пиширилиб, дала шийпонларидаги боғчаларга етказиб бериларди. Олтинчи синфда ўқийдиган акам шу юмушни бажариб кунига иш ҳақига бир сўм оларди. Қайтишида сигир-бузоқларга бир этак ўт юлиб, велосипеднинг орқасига танғиб келарди. Акамдан хавотир олган онам у келгунича кўчага кириб-чиқаверар, қўли ишга бормасди. Яна бир акам косиб амакига шогирдликка борар, қайбиримизнинг оёқ кийимимиз сал унниқиб қолса, дарҳол тикиб таъмирлаб қўярди. Яна бир акам эса новвойга шогирд тушган. Кечаси хамир қоришга кетаётганда уйқусини очсин, деб онам бояқиш, “Болам, кўзингни оч, тошариқдан эҳтиёт бўлиб ўт. “Бисмиллоҳ”, деб йўл бос. Ҳали улғайиб, ўқишларга кирсанг бу кунларингни тушдай эслайсан. Худодан сўраганим бор. Ма, манави ирис қандни шимиб кет, новвот чойингни ичиб ол, шошилма, ҳеч йўқ, бир ҳўпла”, деб гирён бўларди. Кўзлари уйқусизликдан қизарган акамнинг тонг саҳарда оқ дуррага тугиб кўтариб келган иссиқ нонларининг иси ҳамон димоғимда.
     Фарзандларини касб-ҳунарли қилган ота-онам кейинчалик уларнинг олий маълумотли бўлишлари учун ҳам астойдил жон куйдиришган. Акаларимнинг 4 нафари шифокор бўлиб етишди. Ва онамнинг маслаҳатлари билан ўзларига муносиб ёш шифокорлар сулоласини тарбиялашга ҳам жиддий эътибор қаратишмоқда. Набиралари ўқимишли бўлишини жуда-жуда истаган онам, ҳатто, уларнинг тайёрлов курсларига ҳар ой ўз нафақаларидан улуш ажратадилар. Нафақат ота-оналар, балки бобо ва бувилар ҳам авлодлари маърифатли, ўқимишли бўлишини истаб, мана шу йўлда сарфланадиган харажатларга ўз ҳиссаларини қўшганлари бу шунчаки оддий гап эмас. Афсуски ҳозир ўзимиз билмай ўғил-қизларимиз келажагини, тарбиясини телефонга топшириб қўяётгандекмиз...
     Нафсиламрини айтганда, ҳозир нафақат болалар, кўпгина ёш оилалар ҳам боқиманда бўлиб қолаётгани ачинарли ҳол. Яқинда ижтимоий тармоқда бир ёш оиланинг иддао билан тайёрлаган видеолавҳасига кўзим тушди: “Мана, кўринглар, маҳалладан бизга берилган нарсаларни: макарон, гуруч, озгина шакар, бир халтачада картошка, пиёз. Ҳа, беш-ўнта тухум ҳам бор экан... Нима сизлар бизни масхара қиляпсизларми? Уч бола билан беш жонмиз, ахир бу нимаси ...”
     Ҳеч ҳижолатсиз айтилаётган бу гапларни эшитиб, тўғриси, юрагимга оғриқ кирди... Отам раҳматлининг: “Боқиманда бўлиб қолманг, болаларим. Бу жуда ёмон иллат, одамнинг бошини эгиб, тилини қисади”, деган насиҳатлари қулоғим остида янгради. Ўша видеодаги эр-хотиннинг оёқ-қўли соппа-соғ, ақли жойида экан, ишлайман деса иш топилмайдими... Авваллари одамлар ўз боғида пишиб етилган меваларни ҳам бозорга олиб чиқиб сота олмасди. Бир пайтлар мактабдаги тенгдошимиз бозорда товуқ сотиб ўтирганида “қўлга олиниб”, ахлоқ тузатиш колониясига жўнатиб юборилган. Сабаби – ўсмир ёшида чайқовчилик қилганмиш. Ўн ёшимизда мактабга бормай, далада чопиқ қилсак майли экан, юк машиналарида тик туриб ўпкамизни шамолга олдириб ярим тунда даладан қайтсак майли экан. Ўзимиздан, ўзлигимиздан ҳам тонсак майли экан. Ерга тўкилиб ётган мевани териб бозорга олиб чиқиш, уйидаги товуқни сотиб, рўзғор камига ямоқ бўлиш жиноят эди ўша пайтлар. Қандай замонларни кўрдик. Ҳозир шундай омон-омон замонда ризқини ҳалолдан топиб ейиш ўрнига кимлардандир садақа кутиб ўтириш ношукурликдан бошқа нарса эмас. Яқинда бир ногирон, оёқларида туғма нуқсони бор қизалоқ билан суҳбатлашдим. Қизгина бир жойда ўтирган ҳолатида бисердан гуллар ясаб онаси билан интернет орқали сотишар экан. Ўша қизалоққа: “Кўнглинг тусаганини айт, қизим, бажараман, кейин сен ҳам менинг қўлларимга мунчоқ ясаб берасан”, деб шарт қўйдим. Қизалоқ: “Сиз шоира опа экансиз-ку, Навоий бобомизнинг катта ҳайкали бор боғни телевизорда кўрганман. Жуда боргим келади...” деди бийронгина бўлиб. “Кетдик, ҳозир борамиз”, дедим. Истаклари бажо бўлди, Зиёрат қилдик, шеърлар ўқидик. Қизалоқнинг кўзларидаги қувончдан боғлар бўстонга айланди, гўё. Сайр баҳона хаёлимни энди муҳташам боғ билан боғлиқ воқеалар тортди.
     Давлатимиз раҳбари Ёзувчилар уюшмасининг янги биносида бир қатор ижодкорлар билан учрашув чоғида: “Бу боғ адиблар хиёбони бўлади. Нафақат ижодкорлар учун, барча зиёлилар, халқимиз учун ҳам зиёратгоҳга айланади”, деган эди. Бу даргоҳ чиндан ҳам элу халқ учун хизмат қилган инсонларнинг хотираси барҳаёт эканлигидан ҳикоялар сўзлаб туради. Бу фақат хиёбон эмас, тарбияхона, маърифатхона, ният қилганимиздек, муаззам қадамжога айланди. Ой атрофига юлдузлар жамланиб, ёғду сочгани каби бир қатор адабиётимиз фидойилари сиймолари ҳазрати Навоий бобомиз атрофидан жой олди. Китобхонликка очилган йўл – бу жаҳолатдан узоқлаштирадиган, маърифатга яқинлаштирадиган йўлдир. Маънавият, маърифат соҳасида эришаётган баландликларимиздан туриб қайси тизим ривожига назар солсак, кўзимизни қувонтириб, кўнглимизни ўстирадиган ўзгаришлар намоён бўлаверади. Дейлик, хотин-қизларга эътибор масаласи... Йиллар давомида биз қанчалик сир тутмайлик, бошпанасиз, ҳатто айтиш мумкинки, ертўла, ахлатхоналарда фарзандлари билан яшаб турган аёллар бор эди. Уларнинг ҳаёт тарзи ўрганилиб, ўнлаб бошпанасиз аёлларга уйлар тақдим этилди. “Битта қизнинг ўқимишли бўлгани – бутун бир оилага зиё киргани”, деган шиор ҳам кейинги йилларда рўёбга, ҳақиқатга айланди. Ўтган йилнинг ўзида икки мингга яқин, 2020 йилдан бери эса беш мингга яқин қизларимиз имтиёзли йўлланмалар билан олийгоҳларга кириб ўқиш бахтига муяссар бўлишди.
Яна бир кўнглимизга ифтихор бағишлайдиган воқеалар борки, ҳар эслаганда “Биз дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар авлодимиз”, деган ифтихор дилга келади.
     Давлатимиз раҳбари қайси мамлакатга расмий ташриф билан борса, ўша юртнинг бир улуғ адибининг китобини мезбонларга туҳфа қилади. Белоруссияга Якуб Коласнинг, Тожикистонга Жомий ҳазратларининг, Туркманистонга Махтумқулининг, ҳиндистонлик биродарларимизга буюк адиб Тагорнинг муҳташам асарлари нашрини туҳфа этгани нечоғлик китобга, адабиётга бўлган чексиз меҳр тимсолидир. Биз бундай лаҳзаларни кузатиб, ҳаётимизнинг вужуди иқтисод, руҳияти маънавият эканлигига яна бир бор амин бўламиз.
     Шу яқин кунларда “Саодат”нинг бир гуруҳ ижодкорлари билан Тошкент туманида бўлдик. Туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Лола Қорабоева бизга ҳамроҳлик қиларкан, йўл-йўлакай бугунги шиддатли ислоҳотларга эш фаолияти билан ҳам таништириб борди:
– Анча йилдан бери мактабгача таълим тизимида турли лавозимларда ишладим. Хотин-қизлар йўналишида ишлаш осон эмас, аммо қилган ишингдан рози бўладиган кунларинг ҳам кўп бўлар экан. Туманимда 115 мингдан зиёд хотин-қизлар, 65 мингдан ортиқ хонадонларимиз бор. Оилавий ажримларни ўтган йилгига нисбатан охирги олти ойликда 50 фоизга камайтиришга эришдик. Бу дегани оилаларга осудалик инди, фарзандлар қорачиғига қувонч қўнди, дегани. “Оқила аёллар” ҳаракати, қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари, маҳалла профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорлигимиз туфайли катта кучга айландик. Фаолиятимдаги эсда қоларли нуқталарни кундалик дафтаримга қайд қилиб бораман. Бир куни ютуқ ва камчиликларимиз ҳақида ўйлаганимда, кейинги авлодга асқатиб қолар дейман.
     Шундай оилалар борки, бир яхши гап, маслаҳат билан тикланиб кетади. Яна бир оилалар борки, учинчи одам аралашиб барбод қилади. Энг қийин нарса одамнинг кўнглига йўл топиш, уни ўз ҳақиқатларингга ишонтириш экан. Мен сизларни мингдан ошиқ фарзанди бор бир бахтли аёл билан таништираман, – деди.
76-оилавий поликлиника бош шифокори Шафоат Саидкаримова билан бўлган суҳбатимиз янада қизиқроқ кечди. Қаҳрамонимиз айни пайтда қутлуғ 71 ёшда, 1991 йилдан бери шу лавозимда фаолият юритаётган экан. Яшасин, ўзбек оналари! дея ҳайқириқ келади кўксингдан бундай аёллар билан юзма-юз бўлганингда.
     Оқ халатлари ўзига жуда ярашиб турган бу аёл туҳфа сифатида олиб келган китоб ва журналларни қувонч билан олар экан, сал нафасини ростлаб гап бошлайди.
– Аллоҳга беҳисоб шукрким, ўша минг нафар фарзанди бор бахтли аёл ўзимман. Поликлиникамиз 26 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Ҳудудда ўнта маҳалла, олтита мактаб ва боғчалар бор. Ҳозир шундоқ маҳалла оралаб сиз билан йўлга тушсак, бирин-кетин ўғил-қизларим югуриб келиб “Онажоним, келяпсизми", деб қучоқлаб олишади. Уларнинг ҳар бирини қайсидир дард безовта қилганида ёрдамга борганман, дардини олганман-да.
     Шафоатхон опанинг отаси Дониёрхўжа Абдуазимов ҳам эл хизматидаги фидойи инсон бўлганлигини маҳалладошлари фахр билан сўзлашди. Бу инсон хўжалик раиси бўлиб ишлаган даврларда нафақат боғу роғлар, балки маънавий ва моддий кўмакка эҳтиёжи бор инсонлар қалби ҳам яшнаган экан. Онаси Муборакхон уй бекаси бўлса-да, унча-мунча олий маълумотли хотин-қиздан қолишмайдиган зиёли, ҳар қандай маърифий масалаларда муҳокама юрита оладиган оқила аёл бўлган.
– Шукрлар бўлсинки, она юртимиз мустақил бўлганини кўриш ва илк истиқлол йилларида болалар саломатлигини асраш йўлида амалга оширилган лойиҳаларда иштирок этиш бахти менга насиб этди, – дейди суҳбатдошимиз. – Ўша йиллари навбатчилик қилсак шароит бўлмаганлиги боис чақирувларни уйимизда кутиб ўтирар эдик. Аксарият болалар тутқаноқ, безгак билан оғриган. Ҳозирги пайтда нима учун бу касаллик камайиб кетганини биласизми? Сабаби оналаримиз она сутининг қадрига ета бошлади. Ёш оналарга доимо бир нарсани таъкидлайманки, она сути билан парвариш қилинган боланинг иммунитети юқори бўлади. Сунъий овқатлар гўдакнинг фақат қорнини тўйдиради, қувватига қувват қўшмайди. Ёш оналарга кўпинча: “Оналик ва болалик тўғрисидаги олтин қоида шуки, болангиз сизга меҳрли бўлишини истасангиз, уни ҳеч қачон она сутидан маҳрум қилманг”, дейман. Яқин йиллар ичида эмлашлар туфайли кўплаб болалар касалликларига барҳам берилмоқда. Илгари болалар пневмония, гепатит Б, қизамиқ ва чечак каби касалликлар билан кўпроқ оғриган. Ҳозир эмлашлар туфайли бу касалликлар анчагина камайиб бормоқда. Яқин йилларда қизлар учун бачадон бўйни саратонининг олдини олувчи эмлаш тури жорий этилди. Афсуски, аҳолимизнинг бир қисми бу эмлашнинг қанчалар фойдали эканлигини англамаяпти, – дейди опа куюнчаклик билан.
     Шафоат опа билан хонадонларга кириб борар эканмиз, чиндан ҳам бу меҳридарё аёлнинг шартли маънода бўлса-да, юзлаб фарзандлари борлигини ўз кўзимиз билан кўриб жуда ҳавасим келди. Эгнига оқ либос кийган ҳар шифокорда ўз касбига шундай садоқат бўлишини орзуладик.
     Дунё савдолари турлича... Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деган нақл бор. Шон-шуҳратга эришиш йўлларидан юриб, 3 нафар норасида фарзандларини турмуш ўртоғи қарамоғига ташлаб кетган аёл ҳақида эшитиб, озгина нам тортдим. Ҳолатимни сезган ҳамроҳларим энди мазкур тумандаги “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғинига бошладилар. Шундай қувончли кунларда кўнгилсизликлар билан қолгиси келмайди одам. Хотин-қизлар фаоли Маликахон жуда шижоатли ва ҳамиша жилмайиб турадиган самимий аёл экан.
– Йўлларимиз қанчалар чиройли ва текис эканлигини кўряпсизми, опа, – дейди фахрланиб. – Бир пайтлар маҳалламиз оғир ҳудудлар бўйича тузилган лойиҳага киритилган эди. 2022 йилда йўлларимиз тўлиқ асфальт қилинди. Маҳалла идораси ҳам таъмирланиб замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Маликахон маҳалладаги намунали оилалар ҳақида сўз бошлар экан, ҳар бир хонадон эгаси исми, касби, ютуқлари, муаммоларини аниқ келтиради. Демак, аҳолисини яхши танийди, мурожаатларга панжа орасидан қарамайди, астойдил ўрганади.
– Қушнинг ҳам уяси бузилмасин, опа, – деди оғир хўрсиниб Маликахон. – Боласини бир кўз билан боққани учун мартаба топган аёллар ҳақида эшитгандиму, лекин оиласидан йироқда, мансаб илинжида юрган аёлни энди кўриб турибман. Бундай ҳолат бизга бегонадек, кўникким келмайди. Фарзандлари тирик етим бўлиб қолмаслиги учун кўплашиб ҳаракат қиляпмиз. Хатолар бўлиб туради, лекин оналар адашмасин экан...
     Хизмат сафарининг яна бир манзилини танлашимизга ҳам бир мактуб сабабчи бўлди.
“Опажон, оёқларим юрмай қўйганига 6 йил бўлди, – деб ёзади Моҳинур Солиева. – Аниқ фанларга бўлган қизиқишим туфайли ҳисобчиликни ўрганишга аҳд қилдим. Бироқ ёлғиз онамнинг топгани билан ўқув курслари пулларини тўлай олмасдим. Бир дардимга минг дард қўшилиб уйда ўтирган пайтим Севара Соипова телефон қилди. “PREMIUM AKADEMIY” ўқув курсига тез етиб келинг, сизни ўзимиз бепул ўқитамиз, деди. Гўё елкамдан қанот ўсиб чиққандек бўлди. Онам билан тезликда ўша манзилга етиб бордик. Ўқидим, иш ўргандим. Мана ҳозирги кунда ўтирган жойимда бир нечта фирмаларга ҳисобчилик қиламан. Яхшиям, дунёда яхшилар бор”.
     Севара Соипованинг бу хайрли иши бизни ниҳоятда қувонтирди. Суҳбатимиз аввалида у ўзи бўш вақтида ясаган заргарлик буюмларини кўз-кўзлади.
– Жонимнинг риштаси заргарлик буюмларидаги қимматбаҳо толаларга боғланганга ўхшайди, – дейди Севара. – Илк тадбиркорлик ишларим зебу зийнат ясаш билан бошланган. Аслида қурилиш ва миллий ҳунармандлик коллежини битирганман. Кейин турмушга чиқдим. Фарзанд тарбияси билан уйда ўтирган чоғимда кўнглимда бир истак уйғонди. “Мен шундай она бўлайки, фарзандларим мен билан фахрланишсин”, деб ният қилдим.
Севара пандемия пайтида ижтимоий тармоқ орқали халқаро бизнес тренер Ихтиёр Дўстметовнинг дарсларини кузатиб истагига йўл топгандек бўлди. “Нега мен ҳаракат қилмаслигим керак. Албатта, ўқишим ва ҳаётимга мазмун киритишим керак!” деб аҳд қилди. Ҳисобчилик курсларига қатнай бошлади.
– Ўқишга борган кезларим қўлимда ноутбугим ҳам йўқ эди. Бошида дарсларни унча тушунмадим. Бошқа ҳисобчиларнинг ҳаракатларини кўрганимдан кейин эса тинимсиз интилган одамгина мақсадга етишини англадим. Ўз қарорим ўзимга куч берди.
     Севара олти ойлик ўқишдан сўнг нуфузли бир семинарда иштирок этди. Танаффус чоғида нозиккина бир аёлнинг, ҳатто, машғулот пайтида ҳам тинимсиз ишлаб ўтирганини кўриб ажабланди. Секин ёнига бориб уни гапга солди. “Сиз ҳам ҳисобчимисиз? Ҳозир ҳам ишлаб ўтирибсизми?” деб сўрайди. “Ҳа, ҳисобчиман. Беш-ўнта фирманинг ишини олганман. Вақтдан унумли фойдаланмасам бўлмайди”, деди. Унинг гапларини эшитган Севаранинг кўнглидаги эзгу ниятлар бош кўтарди.
– Энди ўйлаб кўринг, уйда ўтирган аёл ҳам рўзғор ишини қилиб, боласига вақт ажратиб, ҳам бир корхонанинг ҳисоб-китобини бажарса... Ўша жойнинг ўзидаёқ аутсорсинг очсакмикан, деган таклифни ҳамкасбларимга айтганимда улар ҳам мени қўллаб-қувватлашди...
     Шу тарзда Севара ва унинг атрофидаги ҳисобчиларнинг ишлари юриша бошлади. Бироз вақт ўтгач, яна бир янги лойиҳа – “PREMIUM AKADEMIY” ўқув марказини очиш таклифи ўртага ташланди. Бугунга қадар 50 нафардан зиёд аёл ўқув марказини тамомлади. Унинг кўмаги билан қирққа яқин опа-сингилларимиз иш билан банд бўлишди.
– Шу кунларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ҳам иш олиб боряпмиз, – дейди Севара. – Бир неча аёлларни ўз соҳамизга жалб қила олдик. Бир сўз билан айтганда, кунларимиз қизғин ўтяпти.
Севара билан хайрлашар эканмиз, юрагида аёл бахтига мазмун берувчи гўзал истаклари бор бундай иродали инсоннинг ҳаёти, албатта, эзгуликларга туташ бўлишига ишондик.
    Аёлларимизни юксак марраларга чорлаётган бир мақсад бор. Бу – ўтмиши буюк бўлган, бугун ҳам буюклик юксакликларига шиддат билан одимлаётган юрт учун юракдан меҳнат қилиш, шу юрт учун фидойи фарзандларни камолга етказишдек гўзал бир мақсаддир. Заҳматкаш опа-сингилларимизга Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллик байрами қутлуғ бўлсин!

Мунаввара УСМОНОВА

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар