Шамоллар-ла шеър айтишдим соз

    Жонтемир (Тоштемиров)нинг “Дарвеш қўшиғи” деб номланган илк шеърий тўплами адабиётимизга бошқача бир руҳдаги, ҳеч кимни такрорламайдиган ижодкор кириб келганидан дарак беради. Шоирнинг “Жазба” номли янги китоби чоп этилиш арафасида.
 
Ҳа, бутунлай кетдим қишлоқдан,
Дала-туздан қўлимни ювиб.
Бир гўзалнинг кўнглида мотам,
Йиғлаб қолди изиллаб бувим.
Чопиб чиқди ортимдан Қоплон,
Қувдим. Қочди тутзор оралаб.
“Қайт изингга, ношукур, нодон”,
Сўкиб қолди дўстлар бўралаб.
Мен-чи, ортга ташлаб барини,
Кетдим, жангга шошган ботирдай.
Ўтгандан сўнг бор кўприкларни,
Ёқиб юбор битта қолдирмай!
Хайр қишлоқ, маъсума синглим,
Билмам балки кибрми бу ё.
Йўл истайди лўливаш кўнглим,
Оғушингга ол мени, дунё!
Юртфуруш деб қарғаманглар, бас,
Англаяпман улғайган сари.
Шоир учун бир қишлоқ эмас,
Ватан эрур бутун ер шари.
Тангрим, кўриб турибсан ўзинг,
Измингдаман, тилимда такбир.
Не қилсанг қил, бурмагин юзинг,
Йўлга тушдим, Аллоҳу Акбар.
 
***
Тоғлар билан тиллашиб келдим,
Шамоллар-ла шеър айтишдим соз.
Қулунларга эргашиб елдим –
Руҳим кўкка қилдия парвоз.
Тубсиз жарлик лабида туриб,
Қўлларимни ёздим қанотдай.
Овозим борича ҳайқириб,
Миннатдорман дедим ҳаётдан.
Харсангларга босдим юзимни,
Муздек булоқ сувига қондим.
Қушдек енгил сездим ўзимни,
Мен шу куни қайта уйғондим.
Кўп яйради юрагим–кийик.
Индамадим, қиялаб кетди...
Энди пастда яшашим қийин,
Чунки руҳим чўққига етди.
 
***
Куздан наридаю куздан берида
На куй бор, на оҳанг, на улуғворлик.
Амаллаб бефаҳм, жоҳил эрига
Чидаган аёлдек кун кўрар борлиқ.
Куздан наридаю куздан берида
Ҳаёт ҳаёт эмас, ўлим-да ўлим.
Ой хомуш, бечора қуёш (зерикар) –
Ичига мусаллас қуйилган тулум.
Куздан наридаю куздан берида
Экилган муҳаббат, ҳиссиётлар хом.
Букчайиб елкаси яғир чўридай,
Шаҳар кўчаларин супурар илҳом.
Куздан наридаю куздан берида
Изтироб юракни қиларми тавоф?
Куздан наридаю куздан берида
Ишқ йўқдир, сўз йўқдир, мен йўқман, тамом.
 
***
Мум тишлаган атроф-жавониб,
Шамол сокин ўқир “Ҳафтияк”.
Сепкилларин санаб самонинг
Жим ётибман тоғлар кафтида.
Бўй таратар бўйчан йўнғичқа,
Ой эгнида ҳилпирайди сурп.
Оёғимни ҳидлар кўрсичқон,
Бармоғимга қўнар ёнарқурт.
Тош деб ўйлаб ҳаттоки бойқуш
Учиб келиб тиззамга қўнди.
“Кел, ёнимга, турмагин хомуш”,
Шивирласам илон ҳам кўнди.
Мен уйқуга кетдим шу зайл,
Кўзларимни очсам булутлар...
Атрофимда ўйнар тўпланиб,
Дикр-дикр қашқа қулунлар.
Чексиз қувонч, исёним сокин,
Жўшиб чертмиш туйғулар дутор.
Жаннатингга тушдимми, ёки
Кечирдингми одамни, Худо?!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар