Қутлов
Садоқат – гўзал фазилат
Агар аёл оилада аҳиллик, тотувлик, осойишталик муҳитини ярата олса, албатта, у яқинлари томонидан қадрланади ва иззат топади. Агар унинг бу фазилатлари юртда, жамият миқёсида ҳам намоён бўлса, давлат ҳам уни қадрлайди, улуғлайди. Қаҳрамонимиз Сайёра Ҳайитова ана шундай аёллар сирасидан.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Яккасарой туман қўриқлаш бўлими 2-отряд 1-гуруҳ командири, лейтенант Сайёра Ҳайитовани оилада, иш жойида тинчлик ва осойишталик муҳитини ярата олган, миллат тарбиячиси бўлган аёллардан, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.
Унинг меҳнатлари беиз кетмади: Қаҳрамонимиз 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Ҳарбий формаси ўзига ярашиб турган ихчам жуссали, зоҳирида ички қудрат яширин Сайёра Ҳайитова учун ушбу мукофотни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзларидан олганлиги унутилмас шодлик бўлди.
У хизмат бурчидан ташқари, ҳарбий қўриқлаш бўлимининг хотин-қизлар ва ҳарбийларнинг оила аъзолари билан ишлашга ҳам масъулдир: ҳамкасблари хонадонлари ҳаётини мунтазам ўрганади, муаммолари билан қизиқади. Ҳарбийларнинг аёллари турмуш ўртоғига ҳамфикр, маслакдош бўлиши кераклигини доим уқтириб келади.
Элу юрт тинчлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган Сайёра сингари ҳарбий аёлларимиз билан фахрланамиз.
Ишонч ва масъулият
Аёл – нафис хилқат. У чексиз меҳр-муҳаббатга муносиб. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар орасида Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргиза Деҳқонова ҳам бор.
Кейинги йилларда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва касбий юксалиши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жойларда фидойилик билан меҳнат қилаётган Оила ва хотин-қизлар бўлими етакчиларининг бу муваффақиятларда салмоқли улуши бор.
Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 200 мингдан зиёд хотин-қизларни бир мақсад атрофига жамлай олган, тунни – тун, кунни – кун демай ишлаш баробарида изланишдан тўхтамайдиган Наргиза меҳнатлари самарасини кўрди, десак муболаға бўлмайди. Боиси шаҳар хотин-қизлари кейинги ўн йилларда қувонарли натижаларга эришди: оилавий ажримлар камайди, мунтазам олиб борилган ҳуқуқий мавзулардаги тарғибот ишлари натижасида эса жиноятчилик ҳам сезиларли пасайди.
Наргиза Деҳқонова ўзига кўрсатилган эътибор ва ишонч учун миннатдорлик билдираркан, бу мукофот нафақат унинг, балки бутун жамоасининг меҳнатига берилган баҳо эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Билдирилган ишонч, кўрсатилган эътибор барча совриндор аёллар каби қаҳрамонимизни ҳам ўз мақсадлари йўлида янада собит, серғайрат бўлишга ундайди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.
Саҳифани Феруза Орипова
тайёрлади.