МАТОНАТ
ДУНЁНИ ЛОЛ ҚОЛДИРГАН ЎЗБЕК АЁЛИ
Бир муддат аввал "BBC" 2024 йил учун дунёнинг 100 нафар энг кучли аёллар рўйхатини эълон қилди. Мазкур рўйхатдан тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Надя Мурад, актриса Шэрон Стоунлар қатори ўзбекистонлик кичик тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам ўрин олган. Бошқалардан фарқли равишда дунёга машҳур бўлмаган, илм-фан ёки санъатда катта ютуқларга эришмаган Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи оддий ўзбек аёлининг бу сафга киришига нима сабаб бўлган?
У ҳақида Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Матонат” деб номланган ҳужжатли фильм ҳам суратга олинди. Мазкур фильм намойишидан сўнг Дилором Йўлдошева ҳақидаги таассуротларимизни қоғозга туширдик.
У куз кунлари ҳосил ўримида далада қолган болаларига сув ва тушлик олиб бориш учун шошганча йўлга чиқади. Ишчилар тушлик қилаётган маҳал комбайн бўш турмасин деб унга хашак ташлаётганда узун кийими ўрувчи машинанинг хаскашларига ўралашиб қолади. Ва ҳалокат юз беради, натижада бирваракайига икки оёғидан ҳам ажралади.
У фильмда бошқа бир ўзбек аёли, яъни ўзининг овсини операциядан сўнг опасидек бўлиб қолгани, ғамхўрлик қилгани, икки оила ишларини беминнат бажаргани, тонг саҳарда уйқудан уйғониб, дам олмай, уззукун тик оёқда меҳнат қилганларини айтиб беради.
Умри давомида бошқаларга муҳтож бўлмай, ўз кучи билан меҳнат қилган Дилором опа икки оёғидан айрилгач, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Унинг учун ногиронлик араваси олиб беришга оиласининг ҳам қурби етмайди.
Аммо беминнат ёрдам кўрсатувчи раҳмдил қўшнилари бор. Улардан бири Пошша хола эди.
– Кунларнинг бирида холамиз кўргани келди. Улар турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, Ҳажга йиғаётган пулини менга бермоқчи бўлишибди. “Протез қиммат экан, жамғармамизни берсак, Ҳажга борганнинг савобини шу ерда туриб ҳам олсак бўлади-ку”, дейишибди. Мен: “Пулингизни ололмайман, неча йилдан бери умид билан йиғасизлар, ахир”, деб йиғладим ва таклифни қабул қилмадим. Ахир, у инсон қариндош бўлмаса, маҳаллада қўшни турамиз, холос. Шундан кейин қариндошлар заруриятимга пул йиғиб беришди, – дея ҳикоя қилади қаҳрамонимиз.
Қишлоқ шароитида оила боқиш, рўзғор тебратиш осон эмас. Дилором опа шунинг учун тикувчилик қилиб, эрига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Эски тикув машинаси билан ён-атрофдагиларга либослар тикиб, тирикчилик қилишни бошлайди. Маҳалла фаоллари ёрдами билан унга замонавий тикув машинаси совға қилинади.
Оддий тикувчилик билан иш бошлаб ёшларга касб сирларини ўргатаётган Дилором опа тушкунликка тушмади, аксинча, яна янги йўналишлар очишни, ўз бизнесини йўлга қўйишни режалаштирди. Тадбиркорлик ва ресурсларни бошқариш асосларини ўрганди. Қирқ нафардан ортиқ шогирд тайёрлади. Ишчилар ва мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузди, даромади эса сезиларли даражада ўсди. Бугун у ночор аёл эмас, балки ўзига ишонган, руҳан кучли, салоҳиятли тадбиркор.
Аёл оёқлари жисмига қайтмаслигини билгач, турмуш ўртоғига бошқа аёлга уйланишни таклиф қилди. Аммо эри бу гапни эшитишни ҳам хоҳламади. Ҳа, биз кўпроқ аёл садоқати ҳақида гапирамиз, аммо кўриб турибмизки, эр кишилар ҳам вафо, садоқат тимсоли бўла олишади.
Битикларимизга ҳам куч бахш этиб турган қаҳрамонимиз чиндан ҳам матонат тимсоли, сабр ва бардошга қўйилган жонли ҳайкал. У уч фарзандли оиланинг суянчиғи, қишлоғи, қўни-қўшнилари орасида ўрни бор. Яқинда бўлиб ўтган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва янги йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда мамлакатимиз раҳбари Дилором Йўлдошеванинг ишларини эътироф этди ва унга “Мардлик” ордени тантанали равишда топширилди. Меҳнатларининг муносиб эътирофи унга чексиз қувонч ва рағбат бергани, шубҳасиз.
Орамизда Дилором Йўлдошева каби жасорат маликалари бор экан, аёл деган ном муқаддаслигича қолаверади. Улар ўзгалар учун ибрат, бахт ва муҳаббат, фидойилик намунаси бўлиб яшайверади.
Ҳулкар МУРТАЗОЕВА,
журналист.