ГУЛИРАЬНОНИНГ БУҒДОЙЛАРИ

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ
 
ГУЛИРАЬНОНИНГ БУҒДОЙЛАРИ
 
     Гулираъно Холиқова – “Холиқов Йўлчибой” фермер хўжалиги раҳбари, Беруний номидаги давлат стипендияси ҳамда “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси, Лолахон Муродова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби директори. 
     Фарғона вилояти Риштон туманининг Қайрағоч маҳалласида яшовчи Йўлчибой ака ва Озодахон опалар икки қизни тарбиялашди, ўқитишди. Ер билан тиллашишнинг уддасидан чиққан Йўлчибой ака фарзандларини ҳам ҳалол меҳнат қилишга ўргатди. Катта фарзанди Адолатхон шифокор бўлди, кичик қизи Гулираъно эса ота касбини давом эттирди...
 
Қай ўғилдан камдир айтинг қизингиз...
 
     Йўлчибой ака деҳқон эмасми, касбини давом эттирадиган муносиб издоши бўлишини орзу қиларди. Отасига тиргак бўлишни ният қилган Гулираъно Қўқон автотранспорт коллежини тамомлаб, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўқий бошлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий изланишлари сабаб Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлди ва магистратурада ўқишни давом эттирди.
     Онаси Озодахон опанинг айтишича, аввал бошида қизини бошқа соҳани танлашга ундайди. Аммо ҳеч ким уни фикридан қайтара олмайди. 
     Йўлчибой ака қизига баъзида йигитлар ҳам қўл уришга иккиланадиган касб эгаси бўлишига қаршилик қилмади. 2016 йилда ўзи раҳбарлик қилаётган “Холиқов Йўлчибой” фермер хўжалигини қизига топшириб, унга ишонч билдирди. Эндигина 20 ёшни қаршилаган матонатли қиз ота касбини танлаб хато қилмади. Талабалик йилларидаги илмий изланишларини амалиётда ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги мисолида синаб кўрди ва қисқа фурсатда пахта ва ғалла етиштиришда пешқадамлар сафидан жой олди. 
– Ерга меҳр берсанг, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажарсанг, ҳосил ҳам шунга яраша бўлади, дейди падари бузрукворим. – Далани бегона ўтлар босиши, сув ёки ўғитнинг кечикиб берилиши, касалликларнинг вақтида олди олинмаслиги ҳосил салмоғига катта зарар етказади. У кишининг ҳар бир ўгити, насиҳатларини тинглаб, хулоса чиқараман. Бу эса ўз навбатида ҳосилнинг мўл бўлишига ҳам замин яратади. Ўсмирлигимда трактор миниб, далада юрганимда кулганлар ҳам бўлган, аммо бу соҳани танлаганимдан афсусланмаганман. Қишлоқ хўжалиги йўналишида юз бераётган ислоҳотларнинг ҳам иштирокчиси, ҳам ижрочиси сифатида меҳнат қиляпман. Ҳеч ким камчилик ва нуқсонлардан ҳоли эмас, иш жараёнида хатога йўл қўйсам, суянадиган тоғим, маслаҳатгўйим борлигидан ғурурланаман, – дейди Гулираъно ва фикрлари ишончлироқ чиқиши учун бўлса керак, ўқиганларидан иқтибос келтира бошлайди:
– Бир йигитга отаси:
– Ким кучли? – деб савол берибди.
– Мен кучли, – деб жавоб берибди фарзанд.
     Отаси бироз ранжибди, ақалли кўнглим учун ҳам сиз кучлисиз, демади, деган фикр ўтибди хаёлидан. Яна бир марта шу саволни такрорлаб, ўша жавобни олибди. Бундан ғазабланган ота шахд билан қўлларини ўғлининг елкасидан олиб, энди ким кучли, деб савол берса, жигарбанди сиз кучлисиз, дебди. Бу жавобдан таажжубланган ота ўғлидан бундай жавобнинг сабабини сўрабди:
– Ота, икки марта савол берганингизда ҳам қўлларингиз елкамда эди, ўша дамда мендан-да бахтлироқ, мендан-да кучлироқ инсон йўқ эди, шунинг учун мен кучлиман, деб жавоб бердим. Аммо елкамдан қўлларингизни олишингиз билан ўзимни заиф ва ожиз ҳис қилганимни сездим, деб жавоб берибди. Деҳқончиликнинг меҳнати машаққатли. Бироқ дадамнинг қўллари елкамда, маслаҳат ва ўгитлари ёдимда экан, муаммоларим ўз-ўзидан ҳал бўлишига, ерга қадаган барака уруғларим кўкка бўй чўзиб, сифатли ва мўл ҳосил олишимга ишонаман.
 
Фермерликдан мактаб директорлигигача
 
     Замон ўзгармоқда. Фикрлар, қарашлар ўзгача. Кеча “Қиз бола ўқиб, дунёни олиб берармиди”, дейдиганлар кўп эди, бугун эса “Қизимни дунё танисин”, деб ният қиладиганлар бисёр. 
     Пахтазорда суяги қотган Гулираъно кун келиб мактабга директор бўлади, дейишса биров ишонмасди. Аммо шундай бўлди, тракторчи қиз бугун мактаб директори. 
     Ёз ўрталарида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи чоғида Лола Муродова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилди ва Гулираъно Холиқова мактабга директор этиб тайинланди. 
     Лола Муродова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб, катта муваффақият ва ҳурмат қозонган. Бу бой тажрибани ёшларга етказиш, қишлоқ хўжалигида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ушбу таълим даргоҳи ташкил этилди.
     Айни кунларда касб-ҳунар мактабига қабул жараёнлари давом этмоқда. 
– Авваллари уйғонишим билан далага чопардим, – дейди Гулираъно, – Ҳозир эса мактабга шошяпман, биринчи галдаги вазифам мактабга ўқиш орзусида келган ёшлар билан суҳбатлашиш, уларнинг умидларига қанот бўлмоқчиман, бироқ даладаги юмушларимни ҳам ортга суриб бўлмайди, зеро деҳқончиликда бир кун ҳам ғанимат. 
     Касб-ҳунар мактабимиз 480 ўринга мўлжалланган, унда бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрланади. Муассасамизга умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирганлар ўқишга қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида, амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб борилади. Мактабда Германия тажрибаси асосида ўқувчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш жорий этилади. 
    Лола опани яқиндан танирдим, у кишининг насиҳатлари, ўгитларига амал қилишга интиламан. Президентимиз ишониб топширган касб-ҳунар мактабини илғор хорижий тажрибалар асосида ривожлантиришга, Лола опанинг хотирасини абадийлаштиришга бор куч ва имкониятларимни сарф этишга тайёрман. 
 
Оила – муқаддас қўрғон
     Ўтган йилнинг кузида Гулираъно фарғоналик йигитга турмушга чиқди. Муҳаммадюсуфга чиндан ҳам гулдан нафис, Абдулла Қодирий ҳазратларининг Раъносидек ғайратли, бўрондек шиддатли қиз Гулираъно насиб этди. 
     Гулираънони кузатиб юриб, совчи юборган, бу фурсат ичида неча-неча синовларга сабр қилган йигит, ниҳоят, қизнинг розилигини олди. Фарғона шаҳрига келин бўлган фермер қиз янги уйида ҳам қадр топди. Қайнонаси Гулнорахон опа келинининг янги хонадонга мослашиб кетиши учун астойдил ҳаракат қилди. 
     Гулираъно шахсий машинасида ҳар куни олис йўлни босиб, ўзи раҳбарлик қиладиган фермер хўжалигининг далаларига келади. У шунча ишларидан ортиб келинлик вазифаларини ҳам уддалаётганини айтади.
– Қайнонам доим яхшимни ошириб, камимни яширди. Янги келинлик пайтларимда ўзлари ширин таомлар пишириб, қизим пиширди, дедилар. Улар онажоним каби жуда меҳрибон, ширинсўз, самимий инсон. Мени қўллаб-қувватлайдиган турмуш ўртоғим, оилам борлиги, энг катта бахтим. Тонгда қандай шижоат билан уйдан чиқсам, келинлик уйимга ана шундай ғайрат билан интиламан.
 
Оёқда этик, қўлда кетмон – ҳар қандай шароитга мослашадиган қизман!
 
     Доим эрта уйғонишга одатланган Гулираъно қадрдон даласига ошиқади. Экин майдонларини ҳар куни бир айланмаса, кўнгли жойига тушмайди. Фермер хўжалигини кўптармоқли қилиш, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, балиқчилик ва асаларичилик каби тармоқларни ҳам аста-секин йўлга қўйишни мақсад қилган Гулираънонинг 66 гектар майдонни эгаллаган фермер хўжалигида буғдой ва пахта етиштирилади. Ўттиз нафар доимий, юздан зиёд мавсумий ишчилар хизматидан фойдаланади. Президентимизнинг ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ташаббусларига “лаббай” деб жавоб берган ёш фермер тўрт гектар ер майдонини ёшларга ажратиб берди. 
– Мен мактаб директори бўлдим, деб қараб ўтирмайман. Оёқда этик, қўлда кетмон – механизаторларим билан тенгма-тенг трактор минаман, ҳар қандай шароитга мослашадиган қизман! Лола Муродовага ўхшаб халқни ўйлайдиган, ватанини севадиган инсон бўлишни ният қилганман, – дейди бугунги шижоатли ёшлар вакиласи.
Қаҳрамонимиз тез танилди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Гулираънонинг буғдойлари” шеъридаги таърифу тасвирлари уни одамларга, ёшларга яна ҳам яқинлаштирди:
 
Гулираъно десам, шу он буғдой, нон иси келар,
Соғинтирган сингилларнинг меҳрибон иси келар.
Шу боисдан дунёда энг хушрўйимсан, Ватаним,
Буғдойбўйим Ватанимсан, хушбўйимсан, Ватаним!
 
     Ҳурмату меҳнатдан топаётган қувончлар ҳамиша сиз билан бирга бўлсин. Исмингиз Лолахонлар, Сиёсатхонлар, Патилахонлар каби меҳнат фидойиларига эргашиб, меҳнат фидойиларини эргаштириб юрсин.
 
Дурдона ҒАФФОРОВА,
Фарғона вилояти.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар