УМР МАШЪАЛИ
Эрнинг садоқати, аёлнинг матонатидан нурланаётган бахтли оила хусусида ҳикоя
Гулхумор суқсурдеккина қиз бўлди, абжирлигини айтмайсизми, Мирзоҳидга жуда муносиб. Бегоналар "илиб" кетмасидан оғиз солишса, раъйларини қайтаришмас.
Ахир, болалигидан ҳар қандай меҳнатдан қочмайдиган Мирзоҳиджонни кимлар куёв қилишни хоҳламасди. Абдуллажон билан Саноатхонларнинг кўнгилларига тушгани тақдир битмиши экан. Шундай қилиб, қариндошлар қудалик ришталарини ҳам боғладилар. Ўша кезларда келин эндигина ўн етти, куёв ўн саккизнинг остонасидан ҳатлаган эди...
Йўқ, яқинлари ҳадиксирагандай, уларнинг рўзғор оқимига тушиб олишлари қийин кечмади. Мулоҳазали, оғир-босиқ Мирзоҳиджон ёш оила беклигини жойига қўя олди. Ота касби - машина тузатадиган устачилик ҳунарини пухта ўзлаштирди. Уй юмушларига пишиқ қишлоқ қизи Гулхумор ҳатто, момоқайнонаси Ўлмасхон аянинг ҳам изнини маҳкам тутди, иложи борича, танбеҳ эшитмасликка интилди ва уддасидан чиқа олди. "Хайрият, ўқийман, деган қизинг бизни уялтирмади, онаси", дея мамнунлигини билдирарди отаси Мухторжон.
Ўша дамларга ҳам ҳаш-паш дегунча йигирма уч йил бўлибди. Бу йиллар бир оилага насиб этгулик қувончлар қаторида не-не синовларни ҳам рўбарў этмади, дейсиз. Катта ўғли Муҳаммаджон бир ёшга тўлар-тўлмас Гулхуморнинг қўллари увишадиган одат чиқарди. Бора-бора бармоқларида шакл ўзгаришлари сезила бошлади. "Аяси, ҳаммаси ўтиб кетади, сиз, мен соппа-соғман, ҳеч қандай хасталик мени енга олмайди, дея ўзингизни руҳан кўтаринг", дерди Мирзоҳиджон. Ойлар ўтиб, кўнгилларда умидлар уйғотиб, иккинчи ўғиллари – Маҳмуджон дунёга келди.
– Ота-оналаримизнинг омонлиги бу – бир бахтимиз бўлса, икки ўғлимиз – икки тоғимиз. Гулхумор, сиз кучли, матонатли аёлсиз. Хасталик ҳам енгилганни енгаман, дер экан, – ҳар гал аёлининг кўнглини кўтаришга интиларди Мирзоҳиджон.
Таскинлар Гулхуморнинг кўнглини кўтарибгина қолмай, юрагидаги шижоатини қайта уйғотарди. Тақдирга тан бериб ўтирмасликка, шу қўллари билан гўзалликлар яратишга куч топарди ўзида. Маҳалласидаги Ойтожихон чеварга шогирдликка тушиб, бичиш-тикишни ўргана бошлади. Бора-бора қизларнинг сеп либослари, пардаларини тикадиган моҳир чеварга айланди. Хонадондаги чевархонада ҳамиша уч-тўрт қиз устозидан ҳунар баробарида, турмуш сабоқларини ҳам ўрганишарди.
Эр-хотин қўш арава бўлиб, ҳавас қилгудай янги иморатлар тиклаб, катта ҳовлидан кўчиб чиқишди. Шундай кунларнинг бирида Гулхуморнинг оёғи қаттиқ лат еб, муолажалар кор қилмай қолди. Олти ой азоб тортган аёл ахийри шифокорларнинг тавсиясига кўнишга мажбур бўлди: инсон учун юриб тур- ган оёқдан мосуво бўлиш қанчалар оғир-а! Ўша кунги жарроҳлик амалиётида у бир умрга оёғидан ажралди. "Эй, Аллоҳим, яна қандай синовларинг бор?! Йўқ, мен асло йиғламайман, тақдиримдан нолимайман, яратган Эгам. Ота-онам, фарзандларим, умр йўлдошим учун ҳаётимни сақласанг бўлди", дея ёлворарди Гулхумор фалакка нигоҳла- рини қадаб.
Ҳақиқатан ҳам у йиғламади, аммо... отаси кўргани келган куни ўзини боса олмади, кўз ёшлари орқали юрагидаги бор ғуборларини тўкиб солди. "Аяси, зерикиб қолмаяпсизми?", "Онажон, тузукмисиз?”, "Болам, қандайсан?", "Опа, кечагидан бугун анча яхшисиз", дея мўлтираб турган яқин- ларининг нигоҳлари кўз олдидан ўтганда, яна ўзида матонат топиб, ҳаётга кулиб қарашга интиларди. Садоқатдан, меҳр-оқибатдан куч олган жисм яна тетиклашиб ҳаётга қайтди. Хонадон бекасининг қутлуғ ташрифи билан ҳовли яна нурларга бурканди. Шифокор иниси Гулхуморга Тошкентдан сунъий оёқ тайёрлатиб келди. Унга ўрганиши жуда қийин кечди. Агар ўша кунги воқеа бўлмаганида...
Бозордан пардалик матони ўзим кўриб олай, деган Гулхуморни ўғли аравачада расталар орасида олиб юрганида кимдир тиззасига пул ташлаганини сезиб қолди: бутун вужуди титраб кетди. Дарҳол ортга қайтди. Уйига келибоқ, сунъий оёғини кийиб, алам ичра "дўқ-дўқ" юриб ҳовлисини неча бор айланиб юборганини ўзи ҳам билмади. Қайнонасининг: "Онангни ушла, йиқи- лади", деганини эшитди... Уйғонганида, яримта оёғи қонаб кетган, симиллаб оғрирди. Барибир унга аста-аста ўрганиб, эндиликда шу оёқ билан тикув машинасини ҳаракатга келтиради. Шогирд- лари билан нафақат келин либослари, парда- лар, улардан чиққан қийқимлардан бежирим совғалар, сувенирлар ҳам тайёрлаб, элга манзур қилмоқдалар. Бир кўргазмада Гулхуморнинг дизайни асосида қийқимлардан яратилган атиргулли тунги ёриткични кўриб ҳайратланмаган одам қолмади.
Хонадон бугун янада гавжумлашган. Ота касбини эгаллаган Муҳаммаджонни ҳам уйлантирдилар. Чеҳрасидан меҳр ёғилиб турадиган Нодирахон қайнонасининг энг яқин ёрдамчиси, невараси Иброҳимжон овунчоғи бўлди.
– Кунлардан бир куни Гулхумор турмуш ўртоғи Мирзоҳиджонга уйланиш таклифини айтди, – дейди “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шарофатхон Деҳқонова. "Хонадонимизга келганида, аёлим соппа-соғ эди. Аллоҳнинг изни билан икки ўғилни туғиб, тарбиялади. Мен ундан ҳамиша розиман. Бун- дай номаъқул гапни бир айтдинглар, бошқа гапирманглар", деб кўнмади. Кези келганда, аёлини елкасида кўтариб юради. Энди ўғиллари ёнларига кириб, улар ҳам оналарини ардоқлашади. Бу оила маҳалланинг ҳар қандай "юки"га елка тутади. Яқинда Мирзоҳиджон икки кўчани боғлайдиган кўприк қуриб берди, – деди Шарофатхон опа. Маҳалламизда шундай инсонлар борлигидан фахрланамиз.
– Бир куни ичимдан зил кетсам-да: "Дадаси,мен югуриб-югуриб хизматингизни қила олмасам, биламан, ташлаб қўймайсиз. Сизни бирор лойиқ аёл топиб уйлантиришса, мен розиман", деганимда, кўзимга норизо кайфиятда қараб, "мавзуни бошқа очмаймиз", дея гапни калта қилдилар. Ҳар куни ўғилларим билан ишдан қайтганларида ўтирган хонамга кириб: "Аяси, зерикмаяпсизми, оёқларин- гиз оғримаяптими?” дея ҳол сўрганларида, ортидан болаларим ногирон қўлларимни ўпиб, кўзларига суртганларида умримга умр қўшилиб кетади, назаримда. Шу қўлларим, шу оёқларим билан одамларга керак бўлаётганимдан нолисам, Худога маломат қилган бўламан-ку! Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир аёл, бир она учун бундан ортиқ бахт борми?!
Яқинда вилоятда ўтаётган "Йил аёли" кўрик-танловига таклиф этдилар. Менга "Энг матонатли ҳунарманд" йўналишида мукофот бор экан. Шундай нуфузли, тантанавор даврага таклиф қилганларидан бошим осмонга етди. Ишонасизми, сўз олиб, яшашимга куч, матонат бағишлаётган, ҳаётимни мазмунларга буркаётган турмуш ўртоғим ҳақида жўшиб-жўшиб гапиргим келди. Ахир соппа-соғ аёлларини қадрламаган, болаларини хор қилаётган эркаклар камми?!
– Ҳақсиз, Гулхумор, – дейди суҳбатимизда иштирок этаётган Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаббатхон Мўйдинова. — Айрим пайтларда бир ёстиққа бош қўйган, фарзандлари мўлтираб турган инсонларнинг бир-бирларини тушунмаслиги оқибатида қанча-қанча дилхираликларга дуч келамиз. Учинчи шахс аралашуви билан барбод бўлаётган оилалар-чи! Якунланган йилда аввалги йилга нисбатан 75 та кўп оилавий ажрим қайд этилибди. Бу чилпарчин бўлган тақдирлар, тирик етимлик гирдобига отилаётган болалар уволи кимни тутади, деб ўйламаяптилар. Таҳлил қилганимизда, ёқмай қолган келинни уйидаги буюмдек алмаштириш йўлини танлаётган оила бошлиқлари йигитларни турмушга етарли даражада тайёрлай олмаётганлари маълум бўляпти. Ва яна қизларимиз ҳам сабрли, турмушнинг "мушт"ларига бардошли қилиб тарбияланмаётгани ҳам бор гап. Шу маънода Мирзоҳиджон ва Гулхуморларни муносиб фарзандлар тарбиялаганига минг раҳмат, дегинг келади.
"Қўрғонча" маҳалласидаги эрнинг садоқати, аёлнинг матонатидан нурланаётган, қўрғони меҳр-оқибатдан гуллаётган бу оиланинг ҳар куни, ҳар они ибрат аслида. Умрнинг олтинга топилмас дамларини яратишга эмас, бугунги тезкор замон- нинг ижтимоий муаммолари гирдобига ғарқ айлаётганлар, тўрт мучаси саломат бўла туриб, "олгувчи қўл"га айланиб қолаётганлар, муқаддас қўрғонларини арзимас баҳоналар билан барбод қилаётганлар шу оиладан ибрат олсалар, арзийди.
Ҳадичахон КАРИМОВА,
Фарғона.