"ҒУНЧА" ЮЗ ОЧДИ

 

ЭЪЗОЗ

"ҒУНЧА" ЮЗ  ОЧДИ

     Кичкинтойларнинг севимли нашри “Ғунча” беғубор қалбли, бола кўнгилли ижодкорларнинг сўз айтар майдони...  Сувратлариданоқ сени болалик хотираларига етаклаб кетадиган бу журналга қарийб ўн олти йилдан буён қалами “Паркент тонги”, “Кўзгу” газеталарида чархланган Дилфуза Шомаликова раҳбарлик қилади. “Бош муҳаррир минбари” саҳифасидаги мақолалари йиллар давомида ўқитувчи, тарбиячиларга қўлланма бўлиб келмоқда.

     “Онам ёпган нон”, “Тупроқ ўйнаётган бола”, “Зағизғоннинг арғимчоғи” каби китобларига кирган ҳикояларининг ёзилишига ҳам хизмат сафарлари чоғи боғча, маҳаллаларда бўлган учрашувлар, болажонлар билан бўлган суҳбатлар  сабаб бўлган бўлса, ажабмас.

      Адиба, журналист юртимизнинг маданий, маърифий ҳаётида мунтазам иштирок этади. Радио, телевидение эшиттиришлари, кўрсатувларидаги чиқишлари ўғил-қизлар тарбияси борасида оналар, бувиларнинг яқин кўмакдошига айланган. Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида тақдирланган аёллар орасида ҳамкасбимиз Дилфуза Шомаликованинг борлигидан қувондик. “Шуҳрат” медали заҳматкаш журналистни янада баланд марраларга йўллаб туриши, шубҳасиз. Қайноқ табрик ва эзгу тилакларимиз сизга!

 

"САОДАТ"ДА  САОДАТ  ТОПДИ

     Журналист, адиба Ҳилола Иброҳимова:

– “Саодат” журналининг катта мактаби бор. Мен сизлар билан бирга ишлашни хоҳлардим, – дея таҳририятимизга кириб келганида кўзимизга жуда камсуқум, тортинчоқ аёл бўлиб кўринган эди. “Исмига ўхшаган ҳилолагина экан”, деб ўйлагандик. Бизга эса ҳозиржавоб, шиддатли, ўта камгап инсоннинг оғзидан ҳам бир олам маълумотлар суғуриб олишга қодир журналист керак эди. Шундай бўлса-да, ҳужжатларини варақладик: тиббиёт коллежида дарс берибди. “ЎзЛиДеП” да масъул вазифани адо этибди. Республика Маънавият ва маърифат марказида фаолият олиб борибди. Демак, ботинида қиёфасида аксланмайдиган имконият бор. Шу тасаввуримизга таяниб, Ҳилола Иброҳимовага “Саодат” журналининг Тошкент шаҳри бўйича мухбирлигини ишондик.

     Ўзига топширилган вазифаларни масъулият билан бажариб келмоқда. Айниқса, унинг ўз вақтида “Ўзбекистон Мичурини” деган ном қозонган Ризамат ота Мусамуҳаммедовлар сулоласи ҳақидаги, шунингдек, пойтахт шаҳар маҳаллалари ҳақидаги мақолалари мухлисларимизнинг эътиборига тушди. Биз ҳамкорлик давомида унинг насрда қалам тебратишини ҳам билиб олдик. “Гул ва кўнгил”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун” китоблари китобхонлар тарафидан севиб ўқилмоқда. Чин дилдан қилинган меҳнат ҳамиша ардоқланади.

      Мана бу йил баҳор байрами арафасида ҳамкасбимиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Албатта, бу унинг истеъдодига, қолаверса, яхши фарзандлар тарбиялаган она сифатидаги заҳматларига муносиб эътироф. Оиласида осуда муҳит ярата олган бекалигига берилган юксак баҳо. Биз Ҳилолахонни ушбу мукофот билан самимий табриклаймиз. “Саодат”нинг меҳри, яхши тилаклари сиз учун!   

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар