Тарбия соатлари
ОНАЛАР ДУОСИ МУСТАЖОБ
Ислом дини аёлларга чин маънодаги қадр-қимматни туҳфа этган. Ғарбда ҳали тамаддун дебочаси бошланмай туриб эркак ва аёл тенглигини ҳам назарий, ҳам амалий тарзда олиб кирган ва бу тенгликни шаръан қонунийлаштириб қўйган ҳам Ислом дини, аслида. Динимизда қатор ҳуқуқлар масаласида ҳам эркак ва аёл – ҳар иккиси тенг ҳуқуқли деб белгиланган. Бу инсонпарвар дин таълимотлари чизиғида аёлларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, ҳуқуқларини поймол этмаслик тамойиллари туради.
Айтиш жоизки, айни вақтда юртимизда хотин-қизларга яратиб берилаётган улкан имконият ва шароитлар туфайли аёлларимиз давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этяпти. Ҳам оилани, ҳам бирор касб-корни эгаллаб, турли лавозимларда астойдил меҳнат қилаётган хотин-қизлар бугун кўпчиликни ташкил қилади. Илмли, оқила аёллар ҳар жабҳада ўзининг намунали хулқи, кенг дунёқараши билан нафақат оилада, балки, жамиятда ҳаммага ўрнак бўла олади. Оналар болаларини соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш учун, аввало, ўзи шахсий намуна бўлиши муҳимдир. Бу билан баъзан хотин-қизлар ўртасида мамлакатимиз қонунлари, шунингдек, динимизнинг эзгу таълимотларига ва мусулмон одобига тўғри келмайдиган зарарли иллатларнинг олдини олишга эришган бўламиз.
Шарқона миллий қадриятларимиз, шариатимиз бугунги кунда айрим аёллар ўртасида авж олаётган маърака-йиғинлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, вояга етмаган қизларни турмушга бериш каби салбий ҳолатларни қатъий рад этади. Дейлик, оилада Яратганнинг улуғ неъмати – фарзанд дунёга келди. Уни туғуруқхонадан олиб чиқишда қўша-қўша қимматбаҳо машиналар буюртма қилиш, турли эртак қаҳрамонларини чорлаб, элга овоза қилиш, турли маросимларни ўтказишда ҳам, афсуски, аёллар бош-қош бўлаётгани аён. Бу исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Ислом эркак кишини гуноҳдан қандай қайтарган бўлса, аёл кишини ҳам шундай қайтарди: аёлни қандай қадрлаган бўлса, шунга яраша бурч ва мажбуриятлар ҳам юклайди.
Табиатан эркак кучли, бақувват, жисмоний меҳнатга чидамли, аёл эса нозик, заифа қилиб яратилган. Эркак жисман қувватли бўлгани учун аёлнинг барча иқтисодий харажатлари унинг гарданига юклатилган. Шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда айрим масалаларда эркак аёлдан устун ва унга раҳбар саналади. Аммо уй ишларида ўз аёлига кўмак беришини ҳам инкор этмайди, аксинча: “Бу – менинг вазифам эмас, хотинларнинг бурчи”, қабилида иш кўрувчи эрларни аҳли аёлига мурувват қилишга чақиради.
Шу ўринда муҳтарама аёлларимиздан ҳам қаноат ва сабр бобида бардавом бўлишларини, оилада вояга етказаётган қизларига қаноатли бўлишни уқтиришларини истар эдик. Эр кишидан ҳаддидан ортиқ моддиятни талаб қилиш, рўзғорда боридан фойдаланиб тадбир кўрмаслик, баъзи сабабларга кўра, вақтинчалик вужудга келган молиявий тангликда ҳадеб хархаша қилавериш, таассуфки, аёллар орасида кузатилиб туради. Ушбу ўринда китобларда баён этилган бир воқеани келтириб ўтишни лозим топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимаи Заҳро вазият тақозо қилганида таом тановул қилмай юраверар экан. Бир куни уни ана шундай ранги сарғайган ҳолда кўрган эри ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) ундан: “Сенга нима бўлди, эй Фотима?” – деганида у: “Уч кундан бери уйда ейишга ҳеч вақо йўқ...” – деди. Буни эшитган ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): “Нега менга бу ҳақда айтмадинг?”– деди. Фотима: "Чунки Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим куни менга: “Эй Фотима, агар эринг Али сенга бирор егулик олиб келса, егин, агар олиб келмаса, ундан сўрама, деб айтганлар", – деди.
Аёл миллат тарбиячиси ўлароқ, биринчи галда ўзи тарбияли ва ахлоқли бўлмоғи муҳимдир. Ота-боболаримизнинг: “Ота-она фарзанд учун энг биринчи ва олий мадрасадир”, деган ўгитлари даврлар синовидан ўтиб, ҳикматга айланган. Динимизда ҳам фарзанд тарбияси ибодат даражасидаги амаллар қаторида саналади. Шу сабабли оқила оналаримиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор билан қараганлар. Назар ташлайдиган бўлсак, тарих қаъридан ибратли воқеалар чиқиб келади: муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг буюк олим бўлиб етишишида онасининг узоқ йиллик машаққатлари, хизматлари мужассамдир. Ҳазратнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва оқила аёл бўлган. Унинг асл исми манбаларда учрамаса-да, ибодатда бардавомлиги, хушфеъллиги билан танилгани сабабли эл орасида “Дуоси мустажоб аёл” номи билан машҳур бўлган. Имом Бухорийнинг улуғ аллома бўлиб етишишида отасининг тақвосию онасининг ихлос ила қилган дуо-ибодатларининг ўрни беқиёслиги таъкидланади. Дунёга донғи кетган олимлар, алломаларнинг илм-маърифат чўққисига чиқишида уларнинг оналарининг меҳнатлари улкандир. Шу боисдан ҳар гал хизматлари яхшилик ила ёдга олинади. Демак, қизларимизга таълим-тарбия беришда ана шундай маърифатли, оқила оналарни намуна қилиб кўрсатиб, келгусида моҳир, уқувли уй бекаси, зиёли аёл бўлишлари учун масъулият тизгинини ҳамиша маҳкам тутишимиз лозим.
Орзигул НЕЪМАТОВА,
Мирзо Улуғбек тумани бош отинойиси