ИПАКЛАРИ ТИЛЛО РАНГ...

ЗИЁ СЎҚМОҚЛАРИ


ИПАКЛАРИ ТИЛЛО РАНГ...


     Наргиза Шерқулова Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўқиб юрган кезларида юртимизда табиий йўл билан олинадиган ипак толалари сифатини янада яхшилаш, қачондир бу борада илмий иш қилиш, яратган янгилигини тўқимачилик саноатига жорий этишдек катта орзулар билан яшарди. Олийгоҳни тугатгач, бир неча йил Мирзаобод туманидаги касб-ҳунар коллежида, кейинчалик, Гулистон давлат университетининг педагогика, кейинроқ “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари” кафедрасида ишлай бошлади. Сўнгги йилларда қаҳрамонимиз мамлакатимизда илмий ишларга берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда тадқиқотлар билан астойдил шуғулланди. Тадқиқотнинг мақсади табиий ипак толасини технологик ва структура хоссаларини яхшилаш учун полимер композиция таркибини ва уларни олиш            технологиясини ишлаб чиқишдан иборат бўлиб, диссертациясининг мавзуси ҳам айнан шундай эди.
     Тадқиқотларининг амалий натижаси ишлаб чиқаришга татбиқ этилганда ижобий самара берди. Табиий ипакни бўяшда ишлатиладиган бўёқлар тури кўпайди, натижада ипак сифати яхшиланди. Айни пайтда ушбу сифатли ипак толаси саноатда қўлланилмоқда.
     Наргиза Шерқулова ўтган йили илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, техника фанлари бўйича фалсафа доктори илмий унвонига эга бўлди.
     Айни пайтда ёш олима Гулистон давлат университети тўқимачилик ва енгил саноат технологияси кафедрасида ёшларга сабоқ бериш билан бирга тақдирини илм билан боғлаган иқтидорли шогирдларига устозлик ҳам қилмоқда.
     Меҳнат фаолияти билан танишар эканмиз, унинг нафақат илм соҳасида, балки бир зиёли ўзбек аёли сифатида жамиятда, жамоада, оилада, фарзандлар даврасида тутган ўрни, обрў-эътибори, ҳурмати борлигига гувоҳ бўлдик. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда оилаларни мустаҳкамлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланган. Шунингдек, “Йил аёли”, “Йилнинг энг фаол олима аёли” каби турли кўрик-танловларнинг республика ва вилоят босқичлари ғолиби сифатида қўлга киритган дипломлари ёш олиманинг тиниб-тинчимас, ташкилотчи аёл эканлигидан дарак беради.
Наргиза турмуш ўртоғи – ички ишлар ходими Камолиддин Шерқулов билан камолга етказган фарзандларнинг ҳаммаси ҳаётда ўз йўлларини танлашган. Катта ўғли Ҳожиаҳмад Тошкент молия институти талабаси. Қизи Райҳона санъат йўлини танлади. Кенжа ўғли Фаттоҳбек отасидек ички ишлар тизимида ишлашни ният қилган.
Наргизадан: “Бўш вақтларингизда нима билан шуғулланасиз?” деб сўраганимизда, у: “Тўғриси, бўш вақтим йўқ ҳисоби. Олийгоҳдаги дарсларим, шогирдларим билан ўтадиган машғулотларимдан сўнг вақтимни оиламга, фарзандларим тарбиясига сарфлайман. Дам олиш кунлари эса оила аъзоларимиз билан ота-онам ва қайнота-қайнонамнинг ҳузурларига шошамиз, уларнинг дуоларини олайлик, деймиз. Ахир, шу улуғ инсонларнинг дуолари билан ҳаётда ўз ўрнимизни топиб юрибмиз-да. Болаликдан китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Қанчалик юмушларим кўп бўлса ҳам ўзим ёқтирган адибларнинг китобларини ўқишга вақт топаман. Айниқса, Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимовнинг китобларини қайта-қайта ўқийман. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини ўқиб, руҳланаман. Болаларимга ҳам бу одат ўтган”, - дейди қаҳрамонимиз.
     Юртимизда кумуш тола етиштиришнинг янгидан-янги усуллари пайдо бўлмоқда. Бир пайтлар аҳоли ўз хонадонларида ипак қурти боқишар, бир ой давом этадиган жараён ҳар баҳорда такрор бўларди. Пилла сифати, ундан олинадиган ипакнинг сифати яхшиланса, юрт хазинасига тушадиган бойликнинг ҳам кўпая бориши каби масалалар биз учун анча узоқда эди. Мана, Наргиза Шерқулова мисолида кўряпмизки, биз энди ҳеч нарсага бефарқ эмасмиз. Излансак, янгиликлар жорий этсак, бармоқдек келадиган пилла рангин ипак бўлиб, жилоланади. Жилоси даромадимиз, ҳаётимиз, бахтимизда акс этади. Бундай серташвиш, шарафли йўлларда ҳорманг, Наргизахон!

Холида ПАРДАБОЕВА

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар