БУГУННИНГ НАФАСИ
БАРАКАНИНГ КАЛИТИ – ҲАРАКАТ
Бугун изланувчан, янгиликларга интилувчан ва бу йўлда таваккал қилишдан қўрқмайдиган ёш авлод вакиллари ҳар соҳада фаол ва ташаббускордир.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида улғайиб, шу заминда камол топган ёш тадбиркор Фарангиз Суннатова ҳам меҳнатсеварлиги, жонкуярлиги ва тиришқоқлиги билан маҳалладошларининг меҳрини қозонган ёшлардан бири. Имтиёзли кредит олиб, фаолиятини бошлаган қаҳрамонимиз айни дамда нафақат севимли машғулоти билан шуғулланмоқда, балки “Тошқулоқ” маҳалласидаги 10 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга ҳам эришди.
– Мактабни тугатгач, аввал тикувчилик асосларини ўргандим. Ҳозир аҳолимизнинг қизиқишлари ўзгачароқ: уйларини ноанъанавий буюмлар билан безатишни истайди. Бир йил давомида Тошкент вилоятидаги тикув Ццехида ишладим, – дейди Фарангиз. – Сўнгги йилларда аҳоли орасида оммалашган сунъий ротанг мебелларини тўқиш сир-асрорларини эгалладим. Бундай мебеллар юқори сифати, нақш ва рангларининг узоқ сақланиши, ёғингарчилик ва намликка чидамлилиги билан жуда харидоргир экан. Қолаверса, мен яшаб турган ҳудуд учун бу йўналиш янгилик бўлганлиги сабаб шу йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйиш ғояси пайдо бўлди. Субсидия асосида Қўқондан зарур асбоб-ускуналар келтириб, “Юксалиш” оилавий корхонасига асос солдим. Тадбиркорликни бошлаганимга ҳали йил тўлмаган бўлса-да, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимга қўшни вилоятлардан ҳам буюртмалар келиб тушмоқда. Мен тўқиган стол-стул жамланмалари, асосан, Бухоро вилояти ва Қирғизистон Республикасига юборилмоқда. Маҳаллий бозорда ҳам маҳсулотларимиз харидоргир... Фарангиз Суннатова қилаётган ишидан кўнгли тўлиб яшаётган инсонлар каби мамнуният билан сўзлайди. У тўқиш учун зарур бўлган сунъий ротанг маҳсулотини Бухородан олиб келади. 15 турга яқин мебель жиҳозлари, кресло, стол ва стуллар ишлаб чиқариб, талабгорларга етказади. Ойига 25 миллион сўмга яқин даромад кўраётгани ёш тадбиркорнинг танлаган жабҳасида анчагина уқувли эканидан дарак беради.
Қаҳрамонимизнинг сўзларига кўра, кўзни қувонтирадиган буюмлар қўл меҳнати билан тайёрланади. Сунъий иплар ингичка бўлса, тайёр маҳсулот дизайни нозик бўлади, йўғонларидан эса йирик орнаментлар ҳосил қилинади. Иш жараёни икки босқич: каркас ясаш ва тўқишдан иборат. Бир кунда цехда бир жуфт жамланма, яъни 2 та стол ва 12 дона стул тайёрланади. Маҳсулотларга ўзгача, такрорланмайдиган қилиб ишлов беришга ҳаракат қилинади. Фарангиз ва унинг ёрдамчилари бозор талабларини мунтазам кузатишади, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн савдони ҳам йўлга қўйиб юборишган. Замонавий тадбиркор фаолият олиб бораётган соҳасини миридан-сиригача билишдан ташқари, яратувчи, кашфиётчи ҳам бўлиши керак. Бугунги харидор бирхилликдан зерикади, ранг-барангликни истайди. Фарангиз ва унинг ишчилари ҳам шу истакка мос ҳолда ўзларини мунтазам янгилаб бормоқдалар. Янги яратиқлар, янги кашфиётлар эгасига ҳам доимий интилиш, ҳаракат бахш этади. Ҳаракатингиздан ўзингиз ҳам, эл ҳам баракат топаверсин!
Гулрух АҲАДОВА,
Навоий вилояти