БУГУНИМ ЭРТАККА ЎХШАЙДИ

 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР

БУГУНИМ ЭРТАККА ЎХШАЙДИ


     Тўрткўл тумани “Оққамиш” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Рўзигул момо табаррук юз ёшдан ошганига анча бўлган. Асрга тенг умрнинг баланд-пасти ҳақида сўз кетганда онахон шундай хотирлайди:

– Еттинчи синфни аранг битказганмиз. У даврлар қиз боланинг мактабда ўқиши эртакдаги сингари эди. Э-ээ, нимасини гапирай, урушдан кейинги йиллар йигитларнинг айни балоғатга етиб, куч-қувватга тўлган пайтлари... Замон зайли билан ўқиганлар ўқиди, ўқимаганлар ёппасига колхозда ишлардик, замбил кўтарардик, ҳатто, от, ҳўкиз билан ер ҳайдаган пайтларимиз бўлган. У пайтдаги колхоз раҳбарлари жуда қаттиққўл эди. Матназар, Ёмғир исмли раислар билан бирга ишлаганман. Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Бозорбой Сатматов исмли раис бизга кўп ёрдам берган. Раҳматли жуда олийжаноб инсон эди. Ҳозирда хўжалигимизга Халмурат Сатлиев раҳбарлик қиляпти. Етакчилар ўзгаряпти, ҳаммаси турмуш шароитимизни яхшилаш йўлида хизмат қилишяпти. Билганим, овул одамлари бири-биридан меҳрибон, меҳнаткаш. Болалик, ёшлик пайтларимни хотирлаганимда дугоналарим бир-бир кўз олдимдан ўтади. Ҳаётимда хотирлашга арзигулик кўп яхши воқеалар бор. Энди бари ўтмиш, – дея хўрсиниб қўяди онахон. Сўнг кўзларининг чеккасини рўмолчада артиб, сўзида давом этади. – Учинчи фарзандим туғилганидан кейин эр-хотин иккаламизни тракторчилар тайёрлаш курсига ўқишга юборишган. Тамомлаганимиздан сўнг икковимиз ҳам техника билан ишлайдиган юмушларни бажарганмиз. Чопиқми, пахта териш дейсизми, нима юмуш бўлса қилиб кетаверардик. Пиллачилик билан ҳам кўп йиллар шуғулланганман. Илғор пиллакор сифатида режадан ошириб пилла топширганимда, мукофотга тикув машинаси ҳам беришган. Суягимиз меҳнатда қотган. Ҳозир ҳамма нарса ўзгарди. Бир замонлар биз орзу қилган кунлар энди бошланди. Мен учун бугунги кун эртак. Худди мўъжиза юз бергану ҳамма нарса бошқача бўлиб қолган. Албатта, ўзгаришлар ҳавас қилгулик томонга бўлди. Овулларимизга сув келди, чироқ, газ дейсизми – бари муҳайё. Мактаблар янгидан қурилди. Болаларнинг ўқишга, боғчага кетаётганини кузатиб, севинаман. Қизларимизга кўз тегмасин, ўқиб, замоннинг пешқадами бўлишяпти. Ахир, бу кунлар ўз-ўзидан бўлмаган. Таппи ёқишлар, лампада ўтиришлар, қудуқдан сув ташишлар – қийинчиликлар ортда қолди. Замонамизга кўз тегмасин. Шукрларим кўп, умидларим ҳам. Набираларим, чевара, эвараларим ардоғида яшаяпман.
     Рўзигул момонинг қўли дуога очилган, тилида шукроналик.
Латиф бобо Машарипов билан бирга 13 нафар фарзандни тарбиялаган онахон меҳнати ортидан саодатга эришган. Бободан кейин фарзандлари онахонни ёлғизлатиб қўйишмади. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар тўй-томошаларда дуоларини олиб, совға-саломлар келтиришади. Бу хонадонда файз ўзгача. Остона ҳатлаб кирар экансиз, дарров дастурхон тузашиб, тўрга чиқаришади. Бундай меҳмоннавозлик ҳам аслида оила аҳлига онахондан ўтган.
     Турли миллат вакиллари истиқомат қиладиган “Оққамиш” овулига Рўзигул момо Юсупова сингари нуронийлар алоҳида файз бериб, ибратли ҳаёт йўллари, ҳикматли сўзлари билан сабру шукрга чорлаб туради.

Фотима АБДУРАИМОВА,
Қорақалпоғистон.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар