КАСБ ФИДОЙИЛАРИ
ОСОЙИШТАЛИК МАЛИКАЛАРИ
Бир-биримиз билан “хонадонлар тинчми?” деб сўрашишимизда жонбахш бир ҳикмат бор. Ҳаётимизнинг фаровонлиги кўнгиллар хотиржамлигида. Уни сақлаш йўлида эса ички ишлар ходимларининг хизматлари беқиёс. Бугун заҳмат ва шараф орасида фаолият олиб бораётган бу касб эгалари орасида аёлларимизнинг ҳам борлиги юрагимизни ифтихор туйғуларига тўлдиради.
Подполковник Гулчеҳра Таймуратова учун бу йилги истиқлол шодиёнаси қўшалоқ байрамга айланди. У Президентимиз фармонига кўра, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.
Халқ орасида “Отасига ўхшаган қиз бахтли бўлади”, деган мақол бор. Спортчилар оиласида вояга етган Гулчеҳра опа ўз қизиқишлари ва қатъияти билан отасига тортган. Шу боис унинг ҳаёт йўлида отаси – миллий кураш бўйича олий тоифали мураббий Амон Таймуратовнинг хизматлари катта бўлди.
Бугун Гулчеҳра опа катта теннис бўйича спорт устаси, бир қатор турнирлар ғолиби ва совриндори. Шунингдек, Олмазор тумани хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор. Ички ишлар ходими сифатида у фаолият олиб бораётган объектда 70 мингдан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Бирига опа, бирига сингил бўлиш Гулчеҳра Таймуратованинг хизмат дастурига айланган.
– Маълум муддат вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳам ишлаганман. Бу аёллар муаммоларини ҳал этишда, нотинч оилалар билан ишлашимда қўл келяпти. Иш жараёнида кўпроқ ўша оиладаги болаларни ўртага соламан. Чунки нотинчликдан энг кўп болалар озорланади. Бола тарбиясига энг ёмон таъсир ҳам, асосан, оиладаги ғурбатлардан келиб чиқади. Назоратимда ёшлар клуби, мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари бор. Улардаги кам таъминланган ёки нотинч оилаларда тарбияланаётган, мунтазам дарс қолдираётган қизлар учун доим сергакман. Фақат профилактик эмас, дилдан суҳбатлар олиб бораман. Чунки аёлман. Ўзимнинг ҳам оилам, Нозима, Сардор ва Нозанин исмли фарзандларим бор, – дейди Гулчеҳра опа.
Ҳа, Ички ишлар бошқармаси ходими бўлиш унга шахд берди, спорт эса иродасини мустаҳкамлади. Зеро, халқ осойишталиги учун она қалби билан оёққа қалқиб, аёл матонати билан қалқон бўла олгувчи Гулчеҳра опалар жамиятимиз посбонларидир.
Кўп йиллардан буён ИИБ транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ташкилий мувофиқлаштириш бошқармаси юридик таъминлаш гуруҳида фаолият олиб бораётган Дилсўз Турсунова Департаментнинг 15 та суд-даъво ишларида қатнашиб, 4 миллиард сўмдан ошиқ пул маблағини иқтисод қилгани билан эътиборга тушди. Ахир бундай сумма бир ташкилотни обод қилиши ҳам, барбод қилиши ҳам мумкин. Ички ишлар ходимлари байрами арафасида департамент бош юрисконсульти Дилсўз Турсунова билан боғланиб, унинг қувончу ташвишлари билан қизиқдик.
– Оиламизда ҳамма муҳандис. Мен эса болалигимдан буён ният қилганим – терговчи бўлиш орзуси билан Тошкент давлат юридик институтида ўқидим. Лекин таҳсил давомида фикрим ўзгарди. Жиноят-қидирув йўналишидан кўра ҳуқуқий норматив ҳужжатлар тайёрлаш ишларига қизиқиб кетдим. Турмушга чиқсам, севимли соҳамда ишлашга қўйишармикин, деган ўй кечарди хаёлимдан. Лекин оиладан омадим чопган экан. Ҳатто қайнонамнинг хайрихоҳлиги ортидан бирон марта меҳнат таътилига ҳам, бола парвариши таътилига ҳам чиқмаганман, – дейди у сурур билан.
Подполковник Дилсўз Турсунова Ички ишлар соҳасида 18 йиллик тажриба билан ҳам ташкилот, ҳам оилада ўз ўрнини топиб, аёллик мақомини улуғлади. Улар каби аёлларни ишонч билан ҳавасларга лойиқ қаҳрамонлар, дея оламиз.
Аслида ички ишларда ишлашнинг ўзи жасорат, фидойилик. Аёл боши билан бу шарафли формани кийиш эса икки карра жасорат, икки карра фидойилик. Биз улар сиймосида эл тинчлиги йўлида жонбозлик кўрсатаётган барча опа-сингилларимизни касб байрамлари билан табриклаймиз. Бахтимизга саломат бўлинг!
Муҳайё ПИРНАФАСОВА