ОМАДНИНГ ЎЗИ КЕЛМАЙДИ

 КАСБИМ – ФАХРИМ


ОМАДНИНГ ЎЗИ КЕЛМАЙДИ


      Бундан анча йил олдин хизмат сафари билан “Қизилқумцемент” ОАЖ корхонасига борганимда у ерда ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитни кўриб, ҳавас қилгандим. Ўшанда мана шундай завод-фабрикалар Хоразмда ҳам бўлармикан-а, тарзидаги ширин ўй-хаёлларга берилгандим. Мана, вақти келиб орзуларим ҳақиқатга айланиб турибди.

      Саҳармардон туриб Хивадан Урганчга, Урганчдан Ҳазораспга, Ҳазораспдан Тупроққалъага йўл олдим. Кун у қадар исимай манзилга етиб келдим. Шундоққина киравериш деворига илинган пешлавҳага кўз югуртираман. "UzAuto Motors AKSIYADORLIK JAMIYATI KHOREZM AUTO".
      Ён-атрофга синчиклаб разм соламан. Ҳаммаёқ чиннидай тоза, чор-тараф гулзор, дарахтзор. Корхона ичига кириб-чиқиб турган ишчиларни диққат билан кузатаман. Улар юзида аксланаётган мамнунлик каминага ҳам кўчиб ўтгандай кайфиятим кўтарилди.
      Директор Собир Жуманиёзов билан 10-15 дақиқа суҳбатлашдик. Баъзан оний лаҳзалар ҳам инсоннинг кимлигини билиш учун етарлидай. Кўринишидан оғир-босиқ, вазмин раҳбарнинг гап-сўзларига қулоқ тутаман.
Директор истиқболдаги режалар, яқин келажакдаги янги лойиҳалар ҳақида завқ-шавқ билан гапирди.                        Илғашимча, автомобилнинг янги моделини ишлаб чиқариш режалаштириляпти экан. Ҳа, энди бу алоҳида мавзу. Биз бу мавзуга албатта, кейинроқ қайтамиз.
      Завод раҳбарининг ижод аҳлига хайрихоҳлигидан, биз каби оддий қаламкашларга ҳурмати баландлигидан кўнглим тоғдай кўтарилди. Кези келганда айтай, у инсон ҳақида бошқалардан ҳам фақат илиқ гап-сўзлар эшитгандим.
      Суҳбатимиз аввалида корхона раҳбарига бирорта касбига садоқатли аёл ҳақида мақола тайёрлаш ниятим борлигини айтган эдим. У киши тавсия қилган аёл бугун зарурат юзасидан уйларида экан. Рус қизи Виктория ҳамроҳлигида йўлга тушдик.
      Машина ойналаридан кун сайин яшнаётган она заминимизнинг бир бўлаги – Тупроққалъа манзаралари кўзга ташланади.
      Таърифига кўра шаддод бир қизни учратаман деб ўйлаган эдим.
     Аммо бизни қош-кўзлари попукдай, очиқ чеҳрали, сипо кийинган аёл кутиб олди.
Шинам, озода, салқингина хонада учовлон – камина, қаҳрамоним ва Виктория хонтахта атрофига тизилишдик. Шу тариқа қизиқарли гурунг бошланди.
      Райҳона Жуманиёзова асли Урганч туманининг Бекобод қишлоғидан экан. Мустақиллик тенгдоши Райҳоной оилада бешинчи фарзанд бўлиб дунёга келади. Кенжатой қиз опалари, акалари сингари мактабда фақат аъло баҳога ўқийди. Инглиз тили бўйича ташкил қилинган фан олимпиадаларида ҳам муваффақиятли қатнашади. 9-синфни битириб, Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) қошидаги 1-сон академик лицейнинг иқтисодиёт йўналишига ўқишга киради. 2009 йилда уни тамомлаб, шу йилнинг ўзидаёқ Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг “Саноатда қурилиш муҳандислиги ва архитектура” факультетида таҳсилни давом эттиради.
      Райҳона зиёли оилада улғайган. Отаси Абдушариф Жуманиёзов Хоразм қурилиш-монтажчилар бирлашмасида муҳандис, онаси Бекпошша Раҳимова мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.
      Ҳалол меҳнати орқасидан фарзандларининг беш нафариниям олий маълумотли қилишди. Уларни тўғрисўз, масъулиятни ҳис қиладиган инсон қилиб тарбиялашди. Райҳонанинг омад илдизлари мана шу муҳитдан сув ичган.
       Мамлакатда илк иш фаолиятини бошлаган хориж университетига ўқишга кирса-ю, унинг контракт пулини умрида кўрмаган компания (UzAuto Motors) тўлаб берган бўлса, бу омад бўлмай, яна нима?
      Райҳона бошида қийналди. Ота-она бағридан йироқда, камига сабоқлар тўлалигича инглиз тилида олиб борилади. Тиришқоқ, ўзига нисбатан талабчан эмасми, жонини аямай ўқиди. У олийгоҳни ниҳояларкан, бу даврга келиб ҳар қандай хорижлик билан инглиз тилида бемалол мулоқот қила олиш даражасига етади.
2013 йил хоразмликлар учун, айниқса, қувончли йил бўлди. Ўша йили воҳада “UzAuto Motors”нинг филиали очилиб иш бошлади. Бахтли тасодифни қарангки, Райҳона ҳам айни ўша йили ўқишни тугатади ва мазкур корхонада “Муҳандислик маҳсулотлари” бўлимида техник ҳужжатлар бўйича муҳандис сифатида иш бошлайди.
Шу асно завод ҳаётида, қолаверса, унинг шахсий ҳаётида ҳам ёдда қоларли, шодликка тўла кунлар бошланади.
2014 йил март ойида заводда “Оrlando” автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши муносабати билан тантанали анжуман уюштирилиб, унга республиканинг таниқли арбоблари, "UzAuto Motors"нинг Ўрта Осиё минтақалари бўйича вице президенти Қазир Қахим ташриф буюради. Райҳона ана шундай мартабали меҳмонларга тилмочлик қилади.
      Хорижлик меҳмонга таржимонлик қилган Райҳонанинг ҳаяжонлари бардавом бўлди. Ўша куни кечқурун унинг шахсий ҳаётида ҳам унутилмас воқеа юз беради. Корхона ходими, ишлаб чиқариш бўлимининг йиғув цехи бошлиғи Санъатбек Бекчонов унга турмуш қуриш таклифини билдирди.
      2014 йилнинг кўкламида уларнинг тўйи бўлиб ўтди. Кейинчалик оилада бир-биридан ширин фарзандлар – Сулаймон ва Мустафолар дунёга келади.
     2021 йил Янги йил байрами муносабати билан заводда "UzAuto Motors" ютуқлари – менинг ютуқларим” мавзусидаги иншолар танловида ғолибликни қўлга киритиб тақдирланди.
– Авваллари кўпчилик қатори завод ўз ишчиларига ажратган автобусда қатнаганман, шу боис қийинчиликни умуман сезмаганман. Чунки касбимни яхши кўраман, қолаверса, маошимиз яхши, байрамларда байрам пули, яхши ишлаганларга мукофот пули берилади. Асосийси, ишхонадаги муҳит шаффоф. Шу боис уйимдан узоқдалигимни у қадар ҳис қилмаганман, – дейди суҳбатдошим мамнуният билан.
     Ўз иқтидори билан юқори натижаларни қўлга киритиб, қобилияти, билими, гўзал хулқ-атвори туфайли ишхонасида обрў-эътибор қозонган Райҳонага бугун аксар тенгдошлари ҳавас билан қарайди.
     Унинг одатий кунлари шундай бошланади. Саҳар туриб уйини тартибга келтиради, нонушта тайёрлайди. Кейин эса машинасида болаларининг бирини мактабга, бирини боғчага элтади. Заводга келгач, хонасига кирибоқ, гуллар парвариши билан шуғулланади, сув қуяди, тупроқларини юмшатади, улар билан сирлашади. Кейин эса хотиржам ўтириб олиб, қиладиган ишларини режалаштиради. У аллақачон оғир саноатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган корхонанинг зарур бир қисмига айланиб улгурган. Хулоса шуки, бир пайтлар “Аёлларга хос бўлмаган касб” сифатида қаралган Райҳонанинг бугунги фаолияти у каби интилувчан, қобилиятли аёллар имкони истиқлол йилларида тобора кенгайиб бораётганини далиллайди.


Сайёра САЛАЕВА,
Хоразм

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар